Линклар

Шошилинч хабар
10 март 2025, Тошкент вақти: 12:20

Халқаро хабарлар

Ўзбекистон Қирғизистонга навбатдаги гуманитар ёрдамни жўнатди

Ўзбекистон 2020 йилда коронавирусга қарши кураш доирасида Қирғизистонга камида беш марта гуманитар ёрдам кўрсатди.
Ўзбекистон 2020 йилда коронавирусга қарши кураш доирасида Қирғизистонга камида беш марта гуманитар ёрдам кўрсатди.

Қирғизистон ҳукуматининг билдиришича, 15 ноябрь куни Бишкекка Ўзбекистондан жўнатилган навбатдаги гуманитар ёрдам етиб келди.

Гуманитар ёрдамни Бош вазир ўринбосари Элвира Сурабалдиева ва соғлиқни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиевга Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Хуршид Мирзоҳидов топширди.

Сурабалдиева ҳукумат номидан Ўзбекистонга COVID-19га қарши курашдаги ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.

Гуманитар ёрдам 100 мингта бир мартали ниқоб, 10 мингта ҳимоя комбинезони, 2 мингта ҳимоя кўзойнаги, 100 мингта бир мартали қўлқоп, минг қути “Гепарин”, 5 минг қути “Ремдесевир”, 10 мингта COVID-19 вирусининг олдини олиш воситаси бўлган тиббий тўплам, 10 мингта коронавирус тести, 4 минг дона натрий хлор (100 граммли), 60 мингта бир марталик шприц, 20 мингта томизғичдан иборат.

Ўзбекистон президенти 14 ноябрь куни Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилган ва икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилганди.

Ўзбекистон жорий йилда Қирғизистонга коронавирусга қарши кураш доирасида камида 5 марта гуманитар ёрдам жўнатди.

3 август куни Бишкекда ўтган брифингда Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазири Замирбек Асқаров Ўзбекистон коронавирус инфекциясига қарши курашда кўмаклашиш учун март ойидан августгача Қирғизистонга жами 560 минг долларлик инсонпарварлик ёрдами жўнатгани ҳақида маълум қилган.

Кун янгиликлари

Канада бош вазири лавозимини Марк Карни эгаллайди

Канаданинг ҳукмрон Либерал партиясига Англия Банки ва Канада Банкининг собиқ бошқарувчиси Марк Карни етакчи этиб сайланди. У январь ойида истеъфога чиқишини эълон қилган Жастин Трюдо ўрнини эгаллайди.

Партия ичидаги сайловларда Трюдо ҳукуматидан бўлмаган ягона номзод бўлмиш Карни қарийб 86 фоиз овоз йиғди, дея хабар қилди Би-би-си.

Ўз нутқида Марк Карни Канада ҳеч қачон АҚШнинг бир қисмига айланмаслигини билдириб, Дональд Трампни ўз мамлакати ва унинг захираларини эгаллаб олишга уринишда айблади.

Аввалроқ Канада ҳеч қачон “Американинг 51-штати”га айланмаслигини билдирган Жастин Трюдо ҳам хайрлашув нутқида ўз мамлакати “экзистенциал инқироз” билан рўбарў келганини қайд этди.

Канаданинг янги бош вазири АҚШ билан тарифлар бўйича мураккаб музокараларни олиб бориши, Либерал партия эса парламент сайловига кириши керак. Би-би-си қайдича, сўнгги пайтларда мазкур сайловда Либерал партия мағлубиятга учраши мумкинлиги ҳақида тахминлар урчиган.

Марк Карни Канада Банкини 2008-2013 йиллар, яъни молиявий буҳрон чоғида бошқарган иқтисодчидир. Кейинроқ у Англия Банкига ҳам етакчилик қилган ҳамда Трюдонинг иқтисодиёт бўйича маслаҳатчиси бўлган, аммо сўнгги пайтларда Трюдони “бу соҳадан тез-тез чалғиб кетаётгани учун” танқид қилиб келаётган эди.

Жастин Трюдо 2013 йилдан буён Либерал партияга раҳбарлик қилиб келаётган ва 2015 йилда Канада бош вазири этиб сайланган эди. У ҳукумат инқирози манзарасида 2025 йилнинг 6 январь куни истеъфога чиқишини эълон қилган.

Таҳлилчилар ўша пайтда Трюдонинг кетиши Канада Консерватив партиясига етакчилик мавқеини қайтариши мумкинлигини қайд этишганди. Шундай бўлган тақдирда унинг раиси Пьер Пуальевр (Дональд Трамп ҳам бу сиёсатчининг хатти-ҳаракатлари ўзига маъқул эканини айтган) Канаданинг кейинги бош вазирига айланади.

Россия ички ишлар вазири: 685 минг нафар мигрант исми “назоратдаги шахс” реестрига киритилди

Россиядаги мигрантлар (иллюстратив сурат)
Россиядаги мигрантлар (иллюстратив сурат)

Россия ички ишлар вазири Владимир Колокольцев ВГТРКга берган интервьюсида 685 мингга яқин хорижлик “назоратдаги шахс” реестрига киритилганини маълум қилди.

“Бу реестрнинг асосий мақсади – мамлакатимизда ноқонуний юрган хорижлик фуқаролар, яъни мамлакатимизда қонуний асосда юриш асосини йўқотган фуқаролар сонини чеклаш”, дея изоҳлаган ИИВ раҳбари.

Колокольцевга кўра, реестрдан чиқиш учун мигрантлар “ўзининг РФда бўлишини легаллаштиришга зарур бўлган ҳужжатларни тақдим этиш” учун 30 апрелгача полиция бўлимига келишлари лозим.

Колокольцев 5 март куни ИИВнинг кенгайтирилган мажлисида чиқиш қила туриб, реестрга фақат 400 минг киши киритилганини айтган эди. Реестрга тушган шахслар ҳуқуқи кескин чекланиши кўзда тутилган.

Россияда хорижликлар учун “назоратдаги шахслар” реестри 5 февралдан ишга тушган. Унинг жорий этилишини Москвадаги “Крокус Сити Холл”да содир этилган теракт ортидан мигрантларга нисбатан қонунчилик кучайтирилиши манзарасида Давлат думаси депутатлари талаб қилишган.

Бундан ташқари, россиялик расмийлар никоҳ асосида осонлаштирилган тартибда яшаш рухсатномаси олинишини чеклаб қўйишган, мамлакатдан бадарға қилишнинг янги тартибини тасдиқлашган ва мигрантларнинг рус тилини билмайдиган фарзандларини мактабларга қабул қилинишини тақиқлаб қўйишган.

Лондонда Биг-Бенга чиқиб олган Фаластин тарафдори ҳибсга олинди

Фаластин байроғини кўтариб олган фаол Биг-Бенда, Лондон, 2025 йил 8 марти
Фаластин байроғини кўтариб олган фаол Биг-Бенда, Лондон, 2025 йил 8 марти

Лондон полицияси 8 март куни Фаластин байроғи билан Биг-Бенга чиқиб олган ва у ерда 16 соат ўтирган британиялик 29 ёшли йигитга нисбатан айблов эълон қилди. Бу ҳақда Би-би-си хабар қилди.

Маълумотларга кўра, Эссекс графлигидаги Уэстклифф-он-Си шаҳрида яшовчи Дэниель Дэй жамоат тартибини бузганликда айбланмоқда.

У Вестминстер саройининг Елизавета минорасига шанба куни эрталаб чиқиб олган. Мазкур соатли минора Биг-Бен номи билан машҳур.

The Independent нашрининг ёзишича, қутқарувчилар Дэниель Дэй билан ўт ўчирувчиларнинг кўтарма кранидан туриб музокара олиб боришган ва фаолдан пастга тушишни илтимос қилишган, бироқ у фақат ўз шартлари асосида Биг-Бендан тушишини айтиб, уларнинг илтимосини рад этган. Дэй, агар унга яқинлашгудек бўлсалар, янада юқорироқ чиқиб кетиш билан таҳдид қилган.

Биг-Бенда ўтказилган 16 соат давомида фаол инстаграмдаги ўз саҳифаси орқали жонли ёйин олиб бориб, у ерда “полиция қатағони ва давлат зўравонлиги”га қарши норозилик билдираётгани айтган. Ўз ҳаракатининг норозилик акцияси эканини айтган Дэй Биг-Бенни Буюк Британиядаги “демократия маркази” деб атаган. Биг-Бендан 9 мартга ўтар кечаси тушишга рози бўлган фаол пастга тушиши билан қўлга олинган.

У юқорида бўлган пайтида Биг-Бен олдида бир гуруҳ одам тўпланиб, “Фаластинга озодлик” ва “Сен қаҳрамонсан” қабилидаги шиорларни ҳайқиришган.

10 март куни Вестминстер магистрат судида Дэниель Дэй маҳкамаси бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Сурияда Асад тарафдорлари полицияга ҳужум уюштирди

Латакияга йўл олган Сурия ҳарбийлари. 6 март, 2025 йил.
Латакияга йўл олган Сурия ҳарбийлари. 6 март, 2025 йил.

Суриянинг Латакия вилоятида собиқ президент Башар Асад тарафдорлари полиция патрулларига ҳужум уюштирди. Камида 13 полициячи ҳалок бўлиб, бир неча киши яралангани ҳақида Associated Press маҳаллий ҳокимиятга таяниб хабар берди.

Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқларини кузатиш маркази маълумотига кўра, ҳужум оқибатида 16 полициячи, 28 Асад тарафдори ва 3 оддий фуқаро ҳалок бўлган.

Латакия умумий хавфсизлик департаменти директори Мустафа Кнефатининг маълумот беришича, Асад тарафдорлари Жабла шаҳри яқинидаги бир неча назорат пунктларига ҳужум қилган. Кневати кўплаб аскарлар ҳалок бўлганини айтди, аммо аниқ рақамлар келтирмади.

Суриянинг Sana агентлигининг хабар беришича, Латакия ва Тартус шаҳарларида комендантлик соати жорий қилинган. Полиция шаҳар ва қишлоқларда Асад тарафдорларини қидириш бўйича "кенг кўламли текширувлар" ўтказмоқда. Маҳаллий аҳолига уйларидан чиқмаслик ва "шубҳали ҳаракатлар" ҳақида хабар бериш тавсия этилган. Тартусга ҳарбийлар киритилган.

2024 йилнинг декабрь ойи бошларида “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” бошчилигидаги аксилҳукумат гуруҳлари Асад назорати остидаги қўшинлар мавқеларига ҳужум бошлашган ва пойтахт Дамашқни ўз назоратлари остига олишган. Асад Россияга қочган.

Абдуқодир Ҳусанов ойнинг энг яхши футболчиси бўлди

Ўзбекистон миллий жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” клуби мухлислари версиясига кўра, февраль ойининг энг яхши футболчиси деб тан олинди. Бу ҳақда клубнинг матбуот хизмати хабар берди.

Ғолиб мухлислар ўртасида ўтказилган очиқ овоз бериш орқали аниқланган. Ҳусанов рекорд даражада кўп овоз тўплаб, Эрлинг Холанд ва Йошко Гвардиолани ортда қолдирган.

“Манчестер Сити” Абдуқодир Ҳусановни муносиб мукофот билан табриклаб, мухлисларга овоз беришдаги фаол иштироки учун миннатдорчилик билдирди.

21 ёшли футболчи “Манчестер Сити” сафига 2025 йилнинг январь ойида қўшилган бўлиб, 2029 йилнинг ёзигача шартнома имзолаган. У февраль ойида жамоа учун бешта учрашувда майдонга тушиб, Англия Кубогида “Плимут Аргайл”га қарши ўйинда гол урган. Шунингдек, у Премьер-лигада “Ньюкасл”, “Ливерпуль” ва “Тоттенхэм”га қарши ўйинларда тўп тепди.

Инглиз клуби истеъдодли ҳимоячини Франциянинг “Ланс” жамоасидан 40 миллион еврога сотиб олган. Бу қиймат бонуслар ҳисобига яна ортиши айтилган.

Абдуқодир Ҳусанов футболчилик фаолиятини Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби академиясида бошлаган. 2022 йилда Беларуснинг “Энергетик-БГУ” клубига ўтган. 2023 йилдан эса “Ланс” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келган.

Грузия ҳудудий яхлитлик борасида Мирзиёевга миннатдорлик билдирди

Грузия ҳукумати расмий сайтида Ўзбекистон президенти Грузиянинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қатъий қўллаб-қувватлагани ҳақида хабар чоп этилди. Бош вазир Иракли Кобахидзе бунинг учун миннатдорлик билдирган.

Ўзбекистон тарафи эълон қилган расмий маълумотларда бундай позиция ҳақида ҳеч қандай изоҳ берилмаган.

4-5 март кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлган Грузия бош вазири Иракли Кобахидзе президент Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ҳамда Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов билан ҳам учрашув ўтказган.

Ўзбекистон бош вазири матбуот хизматига кўра, музокараларда Эркин савдо келишуви доирасида ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш масаласи муҳокама қилинган.

Бўлгинчи ДХР раҳбари Ўзбекистонда. Украина норозилик нотасини юборди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:41 0:00

Президент Мирзиёев билан мулоқот чоғида эса товар айирбошлашни мустаҳкамлаш, экспорт ва импорт мутаносиблигини таъминлаш ҳамда саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш муҳимлиги таъкидланган.

Грузияда ҳудудий яхлитлик борасида иккита мураккаб можарога мавжуд: 1990-йиллар бошида Абхазия ва Жанубий Осетия Грузиядан ажралиб чиқиб, мустақиллигини эълон қилган. Бу қуролли тўқнашувларга ва кўплаб қурбонларга сабаб бўлган. Халқаро майдонда бу ҳудудлар мустақил давлат сифатида тан олинмаган бўлса-да, Россия уларга ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий ёрдам кўрсатади.

Ўзбекистон ҳудудий яхлитлик масалаларида умумий қўллаб-қувватлаш позициясини ёқлайди. Лекин аниқ кескин баёнотлар билан чиқишдан тийилиб келган.

Латвия ЕИни россияликларга туризм визаларини бермасликка чақирди

Латвия ва Европа Иттифоқи байроқлари
Латвия ва Европа Иттифоқи байроқлари

Латвия ички ишлар вазири Рихард Козловскис Европа Иттифоқи давлатларига Россия фуқаролари учун шенген туризм визаларини беришни тўхтатишни таклиф қилди. У 6 март куни Брюсселда бўлиб ўтган ЕИ адлия ва ички ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида шундай баёнот билан чиқди.

Козловскис ўз таклифини Россия Европага қарши “гибрид уруш” олиб бораётгани ва бу Европа хавфсизлигига таҳдид солаётгани билан изоҳлади. У буни чегарадан ноқонуний ўтиш ҳолатлари, саботажлар, жумладан, Окупация музейининг ёқиб юборилиши, дронлар учиши ва ахборот таъсирига уринишлар билан мисол келтирди.

Европа комиссияси маълумотларига кўра, 2024 йилда Россия фуқароларига 565 069 шенген визаси берилган, бу ўтган йилга нисбатан 25% кўпроқ. Ҳужжатларнинг 90% туризм мақсадида расмийлаштирилган. Россияликларга берилган визалар умумий шенген визаларининг 5,7% қисмини ташкил қилган.

Вазир таъкидлашича, Латвия россияликларга туризм виза беришни 2022 йилда, Украинада кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан сўнг тўхтатган. Ҳозирда мамлакат фақатгина инсонпарварлик сабаблари асосида виза беради. Бундай чораларни Эстония, Литва, Польша ва Чехия ҳам қўллаган.

ЕИ ички ишлар бўйича комиссия раҳбари Магнус Брунер вазиятдан ташвишда эканини билдириб, Евроиттифоқ давлатларини россияликларга виза бериш масаласида ягона позиция ишлаб чиқишга чақирди. Виза бериш бўйича эҳтимолий чекловлар ички ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Россия Украинанинг энергетика ва газ инфратузилмасига ҳужум қилди

Герман Галущенко
Герман Галущенко

Россия қўшинлари Украинанинг турли ҳудудларидаги энергетика ва газ инфратузилмасига ракета ҳамда дронлар билан кенг кўламли зарба берди. Бу ҳақда Украинанинг энергетика вазири Герман Галущенко хабар қилди.

У 7 март куни эрталаб Фейсбукдаги саҳифасига: "Иложи бор жойларда қутқарувчилар ва энергетиклар зарарни бартараф этиш устида ишламоқда. Энергия ва газ таъминотини барқарорлаштириш учун барча зарур чоралар кўриляпти", деб ёзди.

Харьковда фуқаролик инфратузилмаси объектларидан бири зарбага учради. Шаҳар мэри Игорь Тереховнинг сўзларига кўра, зарба урилган жойда ёнғин чиққан. Шунингдек, яқин атрофдаги кўп қаватли уй зарарланган, яшовчилар эвакуация қилинмоқда. Охирги маълумотларга кўра, беш киши жабрланган.

Полтава вилоятида ракета парчалари хусусий уйга тушди, икки киши, жумладан, бир бола жароҳат олди. Вилоят маъмуриятининг хабар қилишича, яна икки хусусий уй ва газ қувурига зарар етган.

Тернопол вилоятида саноат объектига зарба берилган. Вилоят маъмурияти газ таъминотида чекловлар бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Чернигов вилоятида эса ҳужум натижасида ишлаб чиқариш объектларидан бири зарар кўрди.

Кечқурун Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипер дрон ҳужуми натижасида энергетика инфратузилмасига зарар етказилганини маълум қилган.

Энергетика вазирлигининг маълумотларига кўра, Россия уч йил мобайнида Украина энергетика инфратузилмаси объектларига 30 дан ортиқ кенг кўламли ҳужумлар уюштирган. Уларнинг умумий зарари миллиардлаб долларни ташкил этади.

Москва одатда Украинага урган зарбаларга изоҳ бермайди.

Европа Иттифоқи мудофаа салоҳиятини оширади

Европа Иттифоқи етакчилари Брюсселдаги саммитда ҳарбий харажатларни кескин ошириш режаларини маъқуллади. Бу қарор АҚШ президенти маъмурияти келажакда Европа мудофаа масалаларида ўз кучларига таянишга тўғри келишини англатганидан сўнг қабул қилинди.

ЕИ давлатлари ҳарбий харажатларни оширишга имкон берадиган бюджет чекловларини юмшатишни тасдиқлади. Еврокомиссия ҳисоб-китобларига кўра, шу тариқа 650 миллиард евро маблағ ажратилиши мумкин.

Саммит иштирокчилари шунингдек, Еврокомиссиянинг ЕИ давлатлари учун 150 миллиард евролик кредит фонди ҳақидаги таклифини эътиборга олдилар. Бу маблағ мудофаа соҳасига, жумладан, ҳаво ва ракета ҳужумларидан ҳимоя тизимлари, артиллерия қурилмалари ва ўқ-дорилар, шунингдек, дронлар ва улардан ҳимоя воситаларига сармоя киритиш учун йўналтирилиши мумкин.

6 мартдаги саммитда Украина президенти Владимир Зеленский ҳам иштирок этди.

Ҳафта бошида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ReArm Europe режасини тақдим этган. Ҳужжатга кўра, ЕИ мудофаа учун масъулиятни ўз зиммасига олади ва келгусида Украинага ёрдам беришга тайёрлигини билдиради.

Трамп ҲАМАСни "йўқ қилиш" билан таҳдид қилди

Дональд Трамп
Дональд Трамп

АҚШ президенти Дональд Трамп гаровга олинган исроилликларни зудлик билан қўйиб юбормаса ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини топширмаса, ҲАМАС гуруҳини (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) “йўқ қилиш” билан таҳдид қилди.

У ўзининг Truth ижтимоий тармоғида “ишни тугатиш” учун зарур бўлган ҳамма нарсани Исроилга юбораётганини ёзди. “Менинг айтганимни қилмагунча ҲАМАСнинг ҳеч бир аъзоси хавфсиз бўлмайди”, деди у.

Трамп шунингдек, жангариларнинг гаровидан бўшатилган одамлар билан учрашганини айтди ва радикал гуруҳ раҳбариятидан “кеч бўлмасдан” Ғазо бўлгасидан зудлик билан чиқиб кетишни талаб қилди.

Reuters агентлигининг хабар беришича, Қўшма Штатлар Ғазода гаровга олинган америкалик фуқароларни озод қилиш бўйича ҲАМАС билан махфий музокаралар олиб бормоқда. Иш билан махсус элчи Адам Болер шуғулланяпти. Сўнгги ҳафталарда у Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ҲАМАС вакиллари билан учрашди, дея хабар беради Reuters манбалари.

Ўтган ҳафта АҚШ Давлат департаменти Исроилга қарийб 3 миллиард долларлик бомба ва ўқ-дориларни сотишни маъқуллади. Маълумотларга кўра, Конгрессга келишув ҳақида фавқулодда хабар қилинган.

2023 йил октябрь ойидан бери Исроил ҲАМАС гуруҳининг Исроил жанубига уюштирган ҳужумига жавобан Ғазо секторида ҳарбий операция ўтказмоқда. Ҳужум чоғида жиҳодчилар мингдан ортиқ одамни ўлдирган, 250дан ортиқ исроиллик ва хорижлик гаровга олинган ва Ғазога олиб кетилган.

Ҳозирда Ғазода 60 га яқин одам ҲАМАС гаровида қолмоқда. Уларнинг ярмига яқини ўлгани айтилади. Сулҳнинг биринчи босқичида маҳбуслар эвазига Исроил икки мингга яқин фаластинлик маҳбусларни, шу жумладан терроризмда айбланганларни озод қилган.

Бўлганинг Соғлиқни сақлаш идораси маълумотига кўра, Исроилнинг ҳарбий операцияси бошлангандан бери Ғазода ўн минглаб инсонлар ҳалок бўлди.

Трамп Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатиб қўйди

 Дональд Трамп.
Дональд Трамп.

АҚШ президенти Доналд Трамп Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни тўхтатиб туришга фармойиш берди. Бу ҳақда Оқ уй вакилига ҳавола берган ҳолда АҚШ ОАВлари хабар қилмоқда.

“Президент бутун эътиборини тинчликни қарор топтиришга қаратганини аниқ қилиб айтди. Биз ҳамкорларимиз ҳам шу мақсадга интилишини истаймиз. Тинчлик ўрнатишга имкон беражагига амин бўлиш учун биз ўз ёрдамимизни тўхтатиб турамиз ва қайта кўриб чиқамиз”, деган Оқ уй вакили.

Унинг сўзларига кўра, фармойиш президент Трамп Украинанинг Россия билан сулҳ тузиш тарафдори эканига ишонч ҳосил қилгунига қадар кучида қолади.

Украинага босқин: 1102-кун | Зеленский ва Трамп учрашуви можаро билан якунланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:22 0:00

New York Times газетаси маълумотига кўра, қурол-аслаҳа етказиб бериш ва қиймати миллиард доллардан ортиқ бўлган қурол ишлаб чиқариш буюртмалари тўхтатилади. Шунингдек, Украина АҚШ мудофаа корхоналаридан қуролларни тўғридан-тўғри харид қилиш учун махсус ёрдам дастурлари доирасида олиб турган юзлаб миллион доллардан маҳрум бўлади.

Америка ОАВлари Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ ҳарбий ёрдамини тиклаш учун нима қилиши кераклиги мавҳумлигини урғуламоқда.

Доналд Трамп Оқ уйда президент Зеленскийни гўёки Россия билан сулҳ музокараларига тайёр эмаслиги учун танқид қилганидан уч кун ўтиб ушбу қарорни қабул қилди. Кеча, душанба куни Трамп Украина президентининг Россия билан уруш катта эҳтимол билан давом этади, деган сўзларига кескин муносабат билдирди. “Бу Зеленскийдан чиқиши мумкин бўлган энг ёмон гап бўлди. Америка бу ҳолга ортиқ қараб турмайди”, деб ёзди Трамп ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Владимир Зеленский февралдаги интервьюсида Америка ҳарбий ёрдами тўхтатилиши жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. Унга кўра, Украина фойдаланаётган қуроллар ва ҳарбий анжомларнинг тахминан 30 фоизи АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Америалик таҳлилчилар украин армияси мавжуд қурол-аслаҳа захиралари билан тахминан ёзнинг ўрталарига қадар жанг қила олишини айтишмоқда.

Bloomberg: Туркия Украинада тинчликпарвар кучлар жойлаштирилишини дастаклашга тайёр

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

НАТОда армиясининг катталиги бўйича Қўшма Штатлардан кейин иккинчи ўринни эгаллаб келаётган Туркия Украинадаги муҳтамал тинчликпарварлик миссияси доирасида ўз қўшинларини йўллашга тайёр, дея хабар қилди Bloomberg мавзудан хабардор манбалардан олинган маълумотларга таянган ҳолда.

Агентликнинг исми ошкор этилмаслиги шарти билан гапирган суҳбатдошлари Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон бу масалани Украина президенти Владимир Зеленский ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан февраль ойи бошида Анқарада ўтказилган алоҳида-алоҳида учрашувларда муҳокама қилганини қайд этишган.

Россия билан алоқаларни изга туширишга уринаётган АҚШ президенти Дональд Трамп аввалроқ Украинадаги урушни якунлаш бўйича тинчлик саъй-ҳаракатлари доирасида, жумладан европалик иттифоқчиларнинг Украина учун хавфсизлик кафолатларини бериш ва тинчликпарвар кучлардаги иштирокини дастаклашини билдирган, айни пайтда АҚШнинг ўзи бу ишларда бевосита иштирок этишини истисно қилган эди.

Туркиянинг муҳтамал оташкесим тартиби мониторингида ёрдам беришга тайёрлиги Буюк Британия ва Франция дохил тегишли режаларни ишлаб чиқаётган Европадаги иттифоқчилар учун муҳим аҳамиятга эга. Бироқ, Bloomberg манбалари қайдича, агар Туркия вакиллари мазкур миссияни шакллантиришга ҳозирлик бўйича барча маслаҳатлашувлар ва бошқа тадбирларда иштирок этишмаса, Анқара бирор-бир тинчликпарварлик миссиясининг бир қисмига айланмоқчи эмас.

Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров 26 февраль куни Қатарга сафари чоғида матбуот анжуманида чиқиш қила туриб, Россия томони европалик тинчликпарвар кучларнинг Украинада жойлаштирилиши бўйича ҳеч қандай вариантни кўриб чиқмаётганини билдирган эди. Лавровга кўра, айни пайтгача ҳеч ким Россиядан Украинада тинчликпарвар кучларни жойлаштириш эҳтимоли ҳақида сўраган эмас, ваҳоланки, россиялик вазир қайдича, АҚШ президенти Дональд Трамп Франция президенти Эммануэль Макрон билан яқинда бўлиб ўтган учрашувида тинчликпарвар кучларнинг жойлаштирилиши фақат можаронинг ҳар иккала томони розилиги билангина амалга оширилиши мумкинлигини айтган эди.

MH17 рейси қурбонларининг яқинлари Трампдан ёрдам сўради

Malaysia Airlines авиаширкатининг “Боинг” учоғи амалга оширган MH17 рейси Донецк вилоятида ҳалокатга учраган пайтда нобуд бўлган кишиларнинг яқинлари АҚШ президенти Дональд Трамп ва Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйенга мурожаатнома йўллашган. Мурожаатномада улар Россия фожиа учун масъулиятни ўз зиммасига олмагунича у билан тинчлик шартномаси тузмасликни талаб қилишган. Бу ҳақда “Європейська правда” нашри хабар қилди.

MH17 рейси ҳалокатида қурбон бўлганларнинг яқинлари Россия ва Украина ўртасидаги ишончли тинчлик битими Москва учоқ қулаши учун масъул эканини эътироф этишисиз имконсиз, деб ҳисоблашади. Мактубда улар бунингсиз “мустаҳкам тинчликка эришиб бўлмас”лигини таъкидлашган.

Қурбонларнинг қариндошлари анча йиллардан буён Россия учоқ ҳалокати юзасидан ўз айбини тан олишига эришишга уриниб келишади. Уларнинг бу позицияси Нидерландия ҳукумати томонидан дастакланмоқда, чунки рейс йўловчиларнинг кўпчилиги — 192 киши — шу мамлакат фуқароси бўлган. 2022 йил 23 июнида Европа кенгаши Парламент ассамблеяси “энг ишончли сценарий” MH17 Россия “Бук” билан уриб туширилгани экани ҳақида баёнот тарқатган.

Амстердамдан Куала-Лумпурга парвоз қилаётган Malaysia Airlines авиаширкатининг йўловчи учоғи 2014 йил 17 июлида Донецк вилояти осмонида уриб туширилган. Халқаро текширув учоқ Россиянинг “Бук” зенит мажмуаси томонидан учирилган ракета билан уриб туширилганини аниқлаган. Ўша фожиада 298 киши ҳалок бўлган эди.

2022 йил 17 ноябрида Ҳаага округ суди авиаҳалокатга оид иш бўйича уч нафар айбланувчи Игорь Гиркин (Стрелков), Сергей Дубинский ва Леонид Харченкога нисбатан сиртдан умрбод қамоқ жазоси тайинлаш ҳақида ҳукм чиқарган. Тергов бу одамлар учоқ уриб туширилган “Бук” мажмуаси транспортировкасини уюштирганини аниқлаган.

Стрелковга нисбатан жиноят иши Россияда ҳам қўзғатилган. У 2023 йил июлида Москвада қўлга олинган. Унга экстремистик фаолиятга чақирганлик моддаси бўйича айблов эълон қилинган. Бунга унинг телеграм-каналидаги постлари сабаб бўлган. Январь ойида суд уни тўрт йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Стрелков ўзига қўйилган айбловларни тан олган эмас.

USAID ислоҳотининг илк босқичида миллиардлаб доллар тежалди

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, Вашингтон, 2025 йил 21 январи
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, Вашингтон, 2025 йил 21 январи

АҚШ Давлат департаменти АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ислоҳотининг биринчи босқичи натижаларини эълон қилди, дея хабар берди “Америка овози”нинг рус хизмати.

Президент Дональд Трамп АҚШ Давлат котиби Марко Рубиога ўз маъмуриятининг “энг аввало Америка” дастурига мувофиқ равишда ташқи сиёсат юритиш учун USAID ислоҳотини бошқаришни топширган.

Давлат департаменти хорижга ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ қиймати 15,9 миллиард доллардан ошадиган 9 мингдан зиёд грантни ўрганган.

USAID баҳосига кўра, яна бир неча йилга берилган 6 мингдан зиёд грант бўлиб, уларнинг қиймати 58 миллиард долларга тенг. Дастлабки кутилмаларга кўра, текширув якунланганидан кейин молиялаштириладиган лойиҳаларнинг умумий ҳажми 92 фоизга камаяди.

“Америка овози” рус хизмати мақоласида USAID озиқ-овқат ёрдами, ОИВ, сил ва безгак муолажаси учун тиббий дори-дармонлар етказиб берилиши дастурларини сақлаб қолгани айтилган. Шунингдек, кўрсатиладиган ёрдам ҳаётий аҳамиятга эга мамлакатларни дастаклаш дастурлари ҳам сақлаб қолинган. Бу мамлакатлар орасида Ливан, Ҳаити, Венесуэла, Куба ва бошқа айрим давлатлар бор.

Истанбулда АҚШ ва Россия музокаралари бўлиб ўтди

АҚШнинг Россиядаги элчихонаси биноси (архив сурати)
АҚШнинг Россиядаги элчихонаси биноси (архив сурати)

Туркиянинг Истанбул шаҳрида 27 февраль куни АҚШ ва Россиянинг элчихоналар фаолиятини тиклашга доир музокаралари бўлиб ўтди.

Гувоҳлар қайдича, музокаралар 6,5 соатча давом этган. Томонлар матбуот учун баёнот беришмаган − бундай тадбир режаланмаган эди. Музокаралар мазмун-моҳияти ҳақида ҳали ҳеч қандай тафсилот йўқ.

Учрашув бошланиши олдидан “кун тартибида кадрлар таъминоти, визалар, дипломатик банк операциялари ва боқша операцион масалалар” борлиги айтилган – бу ҳақда Reuters агентлигига АҚШ Давлат департаменти вакили билдирган.

“Украина масаласини муҳокама қилиш режаланмаган, сиёсат ва хавфсизлик масалаларини ҳам”, дея урғулаган у.

Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Истанбулдаги учрашувда Москва ва Вашингтондаги элчихоналар ҳамда Россиянинг Нью-Йорк ва Хьюстондаги консулхоналари фаолияти муҳокама қилинишини қайд этган. Унинг айтишича, музокаралар якунига кўра “биз қанчалик тез ва самарали илгарилашимиз мумкинлиги маълум бўлади”.

Лавров муҳокамада “юқори даражадаги дипломатлар, экспертлар” иштирок этишини қўшимча қилган. Reuters маълумотига кўра, музокараларда ўз мамлакатлари делегацияларига АҚШ томонидан Давлат котиби ўринбосари Соната Коултер, Россия томонидан эса ТИВ Шимолий Атлантика департаменти директори Александр Дарчиев раҳбарлик қилган. Дарчиев Россиянинг АҚШдаги элчиси лавозимига номзод экани айтилган.

Аввалроқ АҚШ Давлат котиби Марко Рубио АҚШ ва Россия Москва ва Вашингтондаги элчихоналар штатини тиклаш ҳақида келишувга эришгани ҳақида маълум қилган эди. 2016 йилдан буён ҳар икки мамлакат ўзаро юзлаб дипломатни бадарға қилган эди. Ҳозирда иккала мамлакат элчихоналари ва консулхоналари чекланган тартибда иш олиб боришмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG