Ўзбекистон хабарлари
Мирзиёев кореялик ишбилармонларга фойдани эркин кўчиришни кафолатлашга ваъда берди

Президент Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея пойтахти Сеулда 23 ноябрь куни ўтган Ўзбекситон-Корея бизнес форумида кореялик ишбилармонларга уларнинг сармоялари дахлсизлиги ва фойдани эркин кўчиришни кафолатлашга ваъда берди.
Президентнинг Кореяга ташрфини ёритиш матбуот марказининг билдиришича, Мирзиёев “Сизларга мурожаат қилар эканман, биз Ўзбекистонда Корея компаниялари билан очиқ ва шаффоф ишлашни ният қилаётганимизни билдирмоқчиман. Мен сизларга инвестицияларингизнинг ишончли ҳимояси, мулкларингизнинг дахлсизлиги ва фойдани эркин кўчиришни кафолатлайман”, деб айтган.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ҳукумати кореялик ширкатлар учун қулай шарт-шароитларни яратиб беришини таъкидлаган.
“Бу шунчаки сўзлар эмас. Бу менинг сиёсий иродам, метин ва ўзгармас позициям”, деб айтган президент.
Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи 21-25 ноябрь кунлари амалга оширилмоқда. Ташрифнинг биринчи кунида Корея билан Ўзбекистон ўртасида умумий қиймати 9 миллиард долларга яқин бўлган 75 та шартнома имзолангани хабар қилинган эди.
Кун янгиликлари
“Навоий азот”даги портлаш оқибатида бир киши нобуд бўлди

Навоий шаҳрида жойлашган “Навоий азот” акциядорлик жамиятида 11 март куни содир бўлган портлаш натижасида 1 киши ҳалок бўлган, яна 11 киши жароҳатланган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди. ФВВ портлаш чоғида нобуд бўлган ва жабрланган кишилар шахсини очиқлаган эмас.
Вазирлик қайдича, сешанба куни Тошкент вақти билан соат 14:10 да “Навоий азот” заводининг 25-цехи лабораториясида газ-ҳаво аралашмаси портлаган, бунинг натижасида ёнғин келиб чиққан.
Юзага келган ёнғинни ўчириш учун воқеа жойига 10 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган. Ўт ўчирувчилар ёнғинни соат 14:20 да қуршаб олишга, соат 14:50 да эса тамоман ўчиришга муваффақ бўлишган.
ФВВ ҳодиса чоғида тан жароҳати олган фуқароларга айни пайтда малакали тиббий ёрдам кўрсатилаётганини билдирган.
Шунингдек, вазирлик хабарномасида ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари амалга оширилаётгани қўшимча қилинган.
Бу “Навоий азот”да содир бўлаётган илк портлаш эмас. Озодлик мазкур заводда 2013, 2015 ва 2020 йилларда ҳам содир бўлган портлашлар ҳақида хабар қилган.
17000000000 сўмлик йўл лойиҳалари сифатсиз бажарилган

Ўзбекистонда 2024 йил давомида йўл-қурилиш соҳасида 242 та объектда қарийб 17 миллиард сўмлик сифатсиз ишлар бажарилгани аниқланди.
Daryo.uz нашрининг Транспорт назорати инспекцияси матбуот хизматига таянган ҳолда ёзишича, инспекция томонидан ўтган йили йўл-қурилиш ишларини назорат қилиш йўналиши бўйича 1785 та объектда 2625 та назорат ишлари ўтказилган.
Текширувларда 7 мингдан (қурилиш – 774 та, реконструкция – 1182 та, таъмирлаш – 4476 та, қазиш – 577 та) ортиқ қоидабузарлик аниқланган ва уларни бартараф этиш бўйича жами 2418 та буюртмачи, пудратчи ва қазиш ишларини бажарувчиларга мажбурий кўрсатмалар берилган.
Қонунчилик талабларини бузган мансабдор шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99 (шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) ва 147 (йўлларга, йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказиш, уларни сақлаш қоидаларини бузиш, йўл ҳаракатини ташкил этиш талабларини бажармаслик) моддаларига асосан жами 450 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, суд органларига юборилган.
Ўзбекистонда йўл қурилиши ва таъмирида ишларнинг сифатсиз, хўжакўрсин учун бажарилиши чуқур илдиз отган муаммо экани айтилади.
Аввалроқ Озодлик суҳбатлашган мутахассислар йўлсозликни “коррупция ботқоғига ботган” соҳа дея таърифлашган эди.
Чиқиндидан қарздорлар электр энергиясидан фойдалана олмайди

Ўзбекистонда жорий йил 8 июндан эътиборан чиқиндидан қарздорлик учун электр энергиясидан узиб қўйиш амалиёти жорий этилади. Мамлакат президенти томонидан имзоланган 1044-сонли қонунда ана шундай талаб илгари сурилган.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўлов бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчилар қисқа хабар (SMS) орқали хабардор қилинганидан кейин мазкур қарздорлик бартараф этилгунига қадар улардан электр энергияси учун тўловларни қабул қилиш чекланади.
Қарзни узиш учун беш кун вақт берилади.
Электр энергияси учун тўловларни қабул қилишнинг вақтинчалик чеклови чиқинди қарздорлиги тўлангандан сўнг автоматик равишда бекор қилинади.
Ушбу қонун ҳужжатини таклиф этган депутатлар маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун дебитор қарздорлик 600 миллиард сўмдан ошганини урғулаган.
Жумладан, “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров мамлакатда “чиқинди масаласи энг охирги, хавфли нуқтасига етиб келгани” ҳақида ёзган эди.
Мазкур ташаббусга қарши чиққан маҳаллий фаоллар эса мамлакатда энергобўҳрон кузатилаётган пайтда парламентнинг таъминотдаги узилишларни эмас, балки тўлов масаласини муҳокама қилаётганини танқид қилишган. Чиқинди тўловларининг ўзи барқарор бўлмаган электр таъминотига боғланиши баҳсли қарор ўлароқ баҳоланган.
Мирзиёев давлат ташрифи билан Францияга боради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Франция президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан 11-13 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, ташриф доирасида Парижда олий даражадаги музокара ва тадбирлар, Франциянинг расмий ва ишбилармон доиралари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
“Савдо-иқтисодий ва инвестиция-молиявий соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, Франциянинг етакчи компания ва корхоналари билан кооперация лойиҳаларини илгари суришга устувор эътибор қаратилади”, дейилган расмий хабарномада.
Мирзиёев, шунингдек, ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле билан учрашиб, ташкилот Бош конференциясининг 43-сессиясига тайёргарлик кўриш ва уни жорий йилнинг кузида Самарқанд шаҳрида ўтказишнинг амалий жиҳатларини ҳам муҳокама қилади.
Мирзиёев бунга қадар 2018 йил октябрь ва 2022 йил ноябрь ойларида Парижда расмий ташриф билан бўлган эди.
2023 йил ноябрь ойида эса Франция президенти Эммануэль Макрон Ўзбекистонга ташриф буюрган. Ўшанда музокаралар якунида Тошкент ва Париж ўзаро ҳамкорликни “стратегик шериклик” даражасига кўтариш ниятини билдиргани маълум.
Ўзбекистонлик шахс Сеулдан 5 млн долларга квартира сотиб олди

Ўзбекистон фуқароси Жанубий Кореянинг Сеул шаҳридан 7,4 миллиард вонга (қарийб 5 миллион 94 минг доллар) квартира сотиб олди. Бу ҳақда Choson.biz нашри хабар қилди.
41 ёшли ўзбекистонлик пойтахт Сеулдаги машҳур Банпо Хи тураржой мажмуасида жойлашган 244 метр квадрат майдонга эга апартаментни нақд пулга харид қилган.
Харидорнинг манзили сифатида Тошкентдаги “Корея–Ўзбекистон анъанавий тиббиёт клиникаси” кўрсатилган.
3410 та тураржойдан иборат Банпо Хи мажмуасида Жанубий Кореянинг бадавлат ва атоқли шахслари истиқомат қилади.
Шахси очиқланмаган ўзбекистонлик ҳудуддаги энг қиммат битимни амалга оширгани айтилмоқда.
Аввалроқ “Известия” нашри Ўзбекистон фуқаролари Россияда уй-жой сотиб олувчи норезидентлар бўйича юқори учталикка киргани ҳақида хабар қилган эди.
Кўчмас мулк бозорида норезидентларнинг ҳиссаси умумий савдонинг 20 фоизини ташкил этган бўлса, шундан 15 фоизи Ўзбекистон фуқаролари улушига тўғри келган.
Қашқадарёдаги “заправка”да ёнғин рўй берди

Қашқадарё вилояти Касби тумани Дўстлик МФЙ ҳудудидаги ёнилғи қуйиш шохобчасида 10 март куни ёнғин содир бўлди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, шохобча ҳудудидаги иккита 9 тоннали сиғим ёнган.
Тўртта ёнғин қутқарув бўлинмаси воқеа жойига соат 22:04 да етиб бориб, ярим соат ичида ёнғинни тўлиқ ўчиргани билдирилган.
“Ёнғин оқибатида 2 нафар фуқаро куйиш тан жароҳатини олган. Ҳозирда уларнинг аҳволи яхши. Ёнғин сабаби ва зарарига аниқлик киритилмоқда”, дейилган ФВВ хабарномасида.
Жорий йил 20 февраль куни Андижон вилояти Шаҳрихон туманида жойлашган автомобилларга газ қуйиш шохобчасида рўй берган портлашда ҳам икки киши жароҳатланганди.
2024 йил 17 декабрь куни Фарғона шаҳридаги пропан газ қуйиш шохобчасида юз берган портлаш эса инсоний талафотларга олиб келган эди.
Чусовитина Жаҳон кубогида олтин медаль соҳибаси бўлди

Ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубогида олтин медални қўлга киритган. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, Чусовитинанинг чиқиши ҳакамлар томонидан 13.516 балл билан баҳоланган. Иккинчи ўринни 13,366 балл билан словениялик Тея Белак, учинчи ўринни эса 13,283 балл билан яна словениялик Тьяса Кисселеф эгаллаган.
Шу йил июнь ойида 50 ёшини қаршилайдиган Оксана Чусовитина ёзги Олимпия ўйинларида кетма-кетига саккиз марта иштирок этган жаҳондаги ягона гимнастикачи аёл сифатида Гиннесс рекордлар китобига кирган. У 1992, 1996, 2000, 2004, 2008, 2012, 2016, 2020 йиллардаги ўйинларда СССР, Германия ва Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ўлароқ қатнашган.
Аввалроқ Чусовитина 2028 йили Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпиадада иштирок этишга ҳаракат қилишини билдирган. 2024 йили Парижда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида у олган жароҳати туфайли қатнашолмаган эди.
Дипломатлар Туркиядан қайтаётганларни огоҳлантиришди

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси Туркиядан учоқда қайтаётган ўзбекистонликларни аэропортларда бегона шахслардан Ўзбекистонга олиб кетиш учун юк олишдан тийилишга чақирди.
“Улар турли баҳоналар билан (масалан, оғир касал қариндоши борлиги ёки юкни жўнатиш имконияти йўқлиги) сизни ишонтиришга ҳаракат қилишади. Бироқ бундай ваъдаларга ишонманг ва бегона юкни ҳеч қандай ҳолатда қабул қилманг!” дейилган бош консулхона хабарномасида.
Дипломатлар ўтган йиллар мобайнида айнан шундай илтимосни бажаришга рози бўлган бир неча нафар ўзбекистонлик ноқонуний юкларни, жумладан наркотик моддалар ва сохта ҳужжатларни билмасдан олиб ўтганлари учун ҳибсга олиниб, узоқ муддатларга қамалганларини қўшимча қилган ва бунга қатор мисолларни келтирган.
Шахматчи Ёқуббоев Прагадаги Challengers баҳсида ғолиб бўлди

Ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Ёқуббоев Prague International Chess Festival халқаро мусобақаси босқичида биринчиликни қўлга киритилди. Бу ҳақда Ўзбекистон шахмат федерацияси матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Жорий йилнинг 26 февралидан 7 мартигача давом этган шахмат мусобақасида Нодирбек Ёқуббоев 7 очко йиғишга муваффақ бўлган.
Фестиваль учта айланма мусобақани – Masters (асосий турнир), Challengers (асосий турнир учун саралаш) ва Futures (Challengers учун саралаш) кабиларни ўз ичига олган. 10 кишилик Challengers гуруҳида ўтказилган 9 та партияда Ёқуббоев 5 марта ғалаба қозонган, 4 марта эса ўйинни дуранг натижа билан якунлаган.
Мусобақа якунида Нодирбек Ёқуббоев ўзи сингари 7 очко жамғарган Йонас Бюль Бьерре билан баҳс юритиб, иккинчи партияда тай-брекда рақибини мағлуб қилишга муваффақ бўлган.
Мусобақадаги бу ғолиблик Ёқуббоев учун кейинги йилги фестивалда Masters гуруҳида дона суришга йўл очган.
Мактаб ва боғчаларда зўравонлик учун жазо кучайтирилади

2024 йили Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тарбия масканларида болаларга нисбатан қўполлик қилиниши ёки куч ишлатилиши билан боғлиқ юзлаб мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова 6 март куни давлат ва нодавлат мактабгача таълим тизими масъуллари билан учрашувда маълум қилди.
Ўрганишлар натижасида 32 нафар раҳбар ва тарбиячи лавозимидан озод этилган, 3 нафари жавобгарликка тортилган, 15 нафарига интизомий чора кўрилган, 15 та хусусий боғчага берилган лицензия бекор қилинган.
Таълим-тарбияни куч ишлатишдан холи этиш режаси билан ўртоқлашган Ҳилола Умарова эндиликда бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик кучайтирилишини таъкидлаган.
“Болаларга нисбатан қўполлик қилган ёки шафқатсизларча муносабатда бўлган тарбиячи, педагогга қонун доирасида чора кўрилади. Узр, огоҳлантиришлар билан қутулиб қолиш йўқ, бу ўринда МТТ раҳбариятининг шахсий жавобгарлигини ҳам кучайтирамиз”, дея ишонтирган вазир.
Мулозимига кўра, “ҳар бир боланинг соғлом ва баркамол вояга етишига давлат кафил” ва “хусусийми, давлат тасарруфидаги боғчами, қонун талаби ҳамма учун бир”.
Боғчаларда тарбияланувчиларга нисбатан жисмоний зўравонлик, болаларни уриш ёки бошқа йўллар билан жазолаш тизимли муаммога айлангани айтилади.
Боғча тарбияланувчиларига нисбатан тегажоғлик ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова таълим муассасаларида болаларга қўпол муомала қилинишига мутлақо муросасиз бўлишга чақиргани маълум.
Тошкент уй бозорида пасайиш қайд этилди

Жорий йил январь ойида Тошкент шаҳри ижара бозорида сусайиш қайд этилди. Ижара нархи ўтган йилга нисбатан 10,7 фоизга пасайди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази кўчмас мулк бозори юзасидан эълон қилган таҳлилларга кўра, пойтахт бўйича ижара нархининг энг катта пасайиши Чилонзор (17,4 фоиз), Олмазор (16,7 фоиз) ва Яшнобод (14,3 фоиз) туманларига тўғри келган.
Ўртача ижара нархи бир квадрат метр учун 8,1 долларни ташкил этган.
Ой давомида олди-сотди шартномалари сони 25,5 мингтани ташкил этиб, 2024 йилнинг январига нисбатан 17,4 фоизга кўпайган. Аммо йиллик ҳисобда уй-жой нархи 2,3 фоизга пасайган. Туманлар кесимида нарх-наво пасайиши Сергели (1,8 фоиз), Юнусобод (1,7 фоиз) ва Мирзо Улуғбекда (1,5 фоиз) қайд этилган.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлиллари ҳам Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уй-жойларга киритилган инвестицияларнинг рентабеллиги сезиларли даражада пасайганини кўрсатганди.
Кўчмас мулкка сармоя киритиш банк омонатларига қараганда камроқ фойда келтирмоқда, деб хулоса қилган экспертлар.
Кадастр агентлиги “хитойликларга ер берилаётгани”ни рад этди

Ўзбекистоннинг Кадастр агентлиги Тошкент ерларини хитойликлар оммавий равишда хусусийлаштириб олаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида Хитой фуқаролари кўпайиб кетгани, "пойтахт ерлари хитойлик ишбилармонларга бериб юборилаётгани" ҳақида хабарлар тарқалганди.
Агентлик қонунчиликка мувофиқ чет элликлар ва юридик шахслар, фуқаролиги бўлмаганлар, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ер участкаларига фақат ижара ҳуқуқи асосида эга бўлиши мумкинлигини эслатган.
“Ижарага берилган ерни хусусийлаштириб олишади, дея ваҳимага тушишга ўрин йўқ, чунки чет элликларга ер хусусийлаштириб берилмайди”, дейилади хабарномада.
Айни пайтда жамоат фаоллари мураккаблашиб бораётган глобал реалликлар шароитида амалдаги мезонлар етарли эмаслиги, чет эл фуқароларининг ер участкаларига ижара ҳуқуқини кескин чекловчи қоидалар киритиш лозимлигини айтмоқда.
Хитой Халқ Республикаси ташқи савдо айланмаси бўйича Ўзбекистоннинг энг фаол ҳамкорига айланган.
Пекин Ўзбекистонда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар бўйича ҳам биринчи ўринда туради.
Аввалроқ Озодлик суҳбатлашган экспертлар Хитой иқтисодий таъсири ошишининг салбий оқибатларидан огоҳлантириб, Пекин билан муносабатда мувозанатли ёндашув зарурлигини таъкидлашганди.
ОАВ: Андижон ҳокимининг собиқ ўринбосари иши судда кўрилмоқда

Андижон вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Ботиржон Ҳамроевга қарши қўзғатилган жиноят иши судда кўрилмоқда, деб хабар берди Daryo.uz нашри.
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди судьяси Зафар Латипов раислигида кўрилаётган жиноят ишига Ботиржон Ҳамроев дохил 29 нафар мансабдор айбланувчи сифатида жалб этилгани айтилмоқда.
Судланувчилар Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди (жуда катта миқдорда) ва в-банди (уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) “а” банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) ва “б” бандида (уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Олий суд ҳозирча мазкур жиноят иши юзасидан маълумот эълон қилгани йўқ.
2019 йилдан Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари – вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Ботиржон Ҳамроев 2024 йил ноябрь ойида бюджет маблағларининг талон-торож қилиниши, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа ҳолатлар бўйича терговга чақиртирилган ҳамда процессуал тартибда ушланган эди.
Ўшанда мулозимнинг уйидан 3 миллион доллар пул чиққани ҳақидаги хабар тарқалганди. Расмий идоралар бу хабарни на тасдиқлаган, на рад этган.
Wildberries’дан Ўзбекистон ғазнасига қўшимча 51 миллиард сўм ундирилди

Россия резиденти саналган Wildberries маркетплейси Ўзбекистон солиқ қонунчилигининг айрим талабларига риоя қилмагани аниқланди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.
Ўзбекистонда WB Int Export МЧЖ шаклида фаолият юритиб келаётган Wildberries фаолияти солиқ тафтишидан ўтказилган. Аудит якунида ширкат 2022-2024 йиллар учун бюджетга қўшимча ҳисобланган 51,2 миллиард сўм (шундан, 42,8 миллиард сўми ҚҚС) солиқ тўлаган.
Солиқ қўмитаси “барча солиқ тўловчиларга ягона ва объектив ёндашувни қўллаб-қувватлаб, солиқ мажбуриятларини бажариш учун тенг шароитларни яратиш” тамойилига амал қилишини эслатган.
2004 йилда ташкил этилган Wildberries халқаро онлайн ритейлери электрон платформалар орқали кийим-кечак, электроника ва уй-рўзғор буюмлари сотиш билан шуғулланади. Йигирмага яқин мамлакатда ишлайдиган ширкат 2022 йилда Ўзбекистонга бозорига ҳам кириб келган.
Таҳлилчиларга кўра, сўнгги ҳодисалар Ўзбекистон Солиқ қўмитаси онлайн савдо платформалари фаолиятини тартибга солишга “жиддий киришгани”дан далолат беради.
Озодлик аввал хабар берганидек, Ўзбекистонда жорий йил 20 мартдан бошлаб Хитойнинг Temu платформасидан фойдаланиш чекланмоқда.
Солиқ қўмитаси матбуот хизматига кўра, Temu платформаси Ўзбекистон Республикасининг электрон тижорат, чакана савдо, реклама, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаётгани аниқланган.
Ўзбекистон ва Грузия ўзаро савдо ҳажмини оширмоқчи

Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми мамлакатлар салоҳиятига мос эмас, деб таъкидланди Тошкентда 5 март куни бош вазирлар Абдулла Арипов ва Иракли Кобахидзе учрашувида.
Ўзбекистон бош вазири матбуот хизмати маълум қилишича, музокараларда икки давлат ўртасидаги Эркин савдо келишуви имкониятларини тўлиқ ишга солиб, яқин йилларда савдо ҳажмини 1 млрд долларга етказиш зарурлиги қайд этилган.
Бу натижага тўқимачилик, пойабзал ва чарм, электротехника, озиқ-овқат маҳсулотлари, рангли ва қора металлар, мева-сабзавот, кимё маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва бошқа товарлар олди-сотдисига кенг йўл очиш орқали эришиш мумкинлиги билдирилган.
Тошкент ва Тбилиси асосий эътиборни уч йўналиш – савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, инвестиция ва кооперация лойиҳалари кўламини кенгайтириш ҳамда транспорт-логистика тизимини яхшилашга қаратишга келишган.
Учрашувда, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликни кучайтириш, жумладан, Самарқанд ва Батуми, Бухоро ва Мсхета шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликнинг йўлга қўйиш масаласи муҳокама этилган.
4-5 март кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлган Грузия бош вазири Иракли Кобахидзе президент Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ҳамда Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов билан ҳам учрашув ўтказган.
Мирзиёев билан мулоқотда ҳам товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш, экспорт ва импорт мутаносиблигини таъминлаш, саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш муҳимлиги таъкидланган.