Тошқин ва кўчки олдини олиш штаби тузилди
Ўзбекистонда сел, тошқинлар ва кўчки билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар олдини олиш бўйича штаб ташкил этилди.
Бош вазир матбуот хизмати масъули Бекзод Ҳидоятовга кўра, штаб президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириқларига асосан ташкил этилган ва Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов раислигида бўлиб ўтган йиғилишда штаб тузилган.
“Ўзгидромет”нинг маълумотига кўра, шу ҳафтадан ҳаво ҳарорати кундузи +10 даражагача кўтарилади.
Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши натижасида қор ва музлар эриши тезлашиб, сел, кўчки ва сув тошқинлари юзага келиши эҳтимоли мавжуд.
Жорий йилда Амударё ва бир қанча каналлар музлаб қолгани маълум.
Ўтган ҳафта қўшни Туркманистонда Қорақум каналининг Марв вилояти Туркманқалъа этрапи ҳудудидан ўтувчи қисмида сув тошиб, Ничка қишлоғидаги 10 та хонадоннинг молхоналарини сув босди.
“Ўзгидромет” жорий ҳафта Самарқанд, Жиззах, Тошкент вилоятларида кучли ёмғир бўлишини хабар қилган. Бу эса сел келиш хавфини кучайтиради.
Ўзбекистонда кейинги ўн йилликда кузатилган энг катта тошқин Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида келиб чиққан.
2020 йил майидаги ушбу ҳодисада юзлаб одам эвакуация қилинган, ўнлаб киши бошпанасидан айрилган эди.
Ўтган йилнинг майида Сурхондарёнинг Сариосиё туманида сел килиши оқибатида икки киши ҳалок бўлган эди.
Ўтган йил апрелида эса Жиззах вилояти Эгизбулоқ маҳалласида 70 дан ортиқ қабрни сел оқизиб кетган.
Нукусда газ портлади: Беш киши ҳалок бўлди
Нукусдаги кўп қаватли уйда газ портлаши оқибатида беш киши ҳалок бўлди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, ҳодиса 29 январь куни соат 16:15 ларда Нукуснинг 22-микрорайонидаги 8/1-уйда юз берган.
Вазирликнинг билдиришича, 30 январь куни 02:30 да қутқарувчилар вайрона остидан 5 ёшли қизни олиб чиққан ва у турли жароҳатлар олгани учун касалхонага ётқизилган. Тонгга яқин уй вароналари остидан яна бир кишининг жасади топилган. Эрталаб қутқарувчилар яна 4 кишининг жасадини топишган.
Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги портлаш оқибатида 2003 йилда туғилган С.Ш., ҳамда 2004 йилда туғилган З.А., жароҳатланганини маълум қилди. Улар касалхонага ётқизилган.
Республика тезкор штаби берган маълумотда қайд этилишича, уйдаги бир нечта хонадоннинг том ва пол қисмлари ўпирилиб, 4-қаватдан 1-қаватгача тушиб кетган.
Портлаш юз берган уйда яшаганлар эвакуация қилингани, улар вақтинча уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминлангани айтилмоқда.
Айни пайтда воқеа жойида қутқарувчилар ва махсус техника ишламоқда.
“Воқеа жойида фавқулодда вазиятлар вазири бошчилигида ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда”, дейилади вазирлик билдирувида.
Хўжайлида солиқ идорасида портлаш. Бир киши ҳалок бўлди
Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги Солиқ инспекцияси ошхонасида газ чақнаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон ИИВ матбуот хизмати маълум қилди.
Расман билдирилишича, воқеа 25 январь куни бўлиб ўтган. Газ чақнаши оқибатида бир киши воқеа жойида ҳалок бўлган. Икки киши эса тан жароҳатлари билан туман касалхонасига ётқизилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон ИИВ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ 26 январь куни Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги “Ал Хоразмий” кўчасидаги хонадонлардан бирида газ портлаши оқибатида бир киши тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилгани хабар қилинганди.
13 январь куни соат Наманган тумани “Наврўз” маҳалласида газ портлаб, 30 ёшли она ва 8 ёшли бола куйгани ва касалхонага ётқизилгани билдирилган.
Eurasianet: Газ иттифоқи ўрнига "Йўл харитаси"
Москванинг Ўзбекистон ва Қозоғистон билан газ иттифоқи тузиш ғояси Марказий Осиё республикаларида қаршиликка учради, аммо Россия уларнинг ҳудуди орқали зангори олов ташиш ташаббусидан воз кечмади, деб ёзмоқда инглиз тилидаги Eurasianet нашри.
Европа рус газидан воз кечган бир шароитда янги бозорларни қидираётган Москва минтақада ўз амбицияларини амалга оширишни бошлаб юборди.
Остона ва Тошкент аввалига Россиянинг уч томонлама газ иттифоқини таъсис этиш таклифини совуқ қарши олишди. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Роман Василенко мамлакати "ўз ҳудудидан санкцияларни айланиб ўтишга йўл қўймаслиги"ни таъкидлади. Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов эса Тошкент газ эвазига сиёсий шартларни қабул қилмаслигини билдирди.
Аммо Eurasainet нашридаги мақола муаллифи Жоанна Лиллис яқинда Қозоғистон ва Ўзбекистон Россиянинг "Газпром" ширкати билан "йўл харитаси" имзолашганини хотирлатади. Унга кўра, "Газпром" Ўзбекистон ва Қозоғистон учун иккита алоҳида ҳужжат ишлаб чиққан ва ҳозирча уч томонлама газ иттифоқи ҳақида сўз бораётгани йўқ.
Мақолани тўлиқ ўқиш учун линк👇