Президент Эммануэль Макрон Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев билан музокараларда Ўзбекистондаги сўз эркинлиги вазияти хавотирли тарзда ёмонлашаётгани ва ижтимоий тармоқларда мустақил шарҳловчилар таъқиб этилаётгани масаласини кўтариши керак. Бу чақириқ Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси (AHRCA), Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR) ва Норвегия Хельсинки қўмитаси (NHC) томонидан 11 март куни ёйинланган қўшма мурожаатдан ўрин олган.
“Ислоҳотлар ўтказиш борасидаги расмий мажбуриятларга қарамай, Ўзбекистон расмийлари режим танқидчиларининг овозини ўчиришга мажбур қилиш учун жиноий таъқиб ва ҳатто мажбурий психиатрик муолажадан фойдаланган ҳолда, сўз эркинлигига босим ўтказишни давом эттиришмоқда. Коррупция, непотизм ёки сиёсий жиҳатдан долзарб бўлган бошқа масалаларни ёритаётган мустақил журналистлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқлардаги шарҳловчилар таъқиб-тазйиқ, ҳибсга олиниш ва қамалиш хатари қаршисида қолишлари мумкин”, дейилади мурожаатномада.
Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ўтган йилги матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистонни 180 давлат орасида 148-ўринга қўйган. Бу 2023 йилдагидан 11 поғонага пастдир.
Ҳуқуқ фаоллари қатағонларга оид иддаолари исботи учун Ўзбекистонда психиатрик муолажа суиистеъмолига оид икки ҳолатни ― 62 ёшли ҳуқуқбон Шоҳида Саломова ҳамда Ўзбекистоннинг Хитой билан алоқаларини танқид қилган ва демократик ўзгаришларга чақирган блогер Валижон Калонов воқеасини мисол ўлароқ келтиришган.
Мурожаатнома муаллифлари Саломова ва Калонов соғлиғидан чуқур хавотир изҳор қилишган.
Улар президент Макрондан Мирзиёев билан музокаралар марказига инсон ҳуқуқлари масаласини қўйиш, хусусан, Ўзбекистон президентини мустақил ҳуқуқбонлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқ шарҳловчиларини таъқиб қилишни тўхтатишга Ўзбекистонни фуқароларга ўз фикрини эркин ифода қилиш эркинлиги, адолатли судлов ҳуқуқи, эркинлик ва хавфсизлик ҳуқуқи ҳамда қийноқ ва аёвсиз муомаладан ҳоли бўлиш ҳуқуқи дохил инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўз халқаро мажбуриятларига риоя қилишга чақиришни сўрашган.
“Франция анчадан буён матбуот эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун чиқишлар қилиб келади. Бу ташриф мазкур тамойилларни тасдиқлаш ва овози бўғилганларни ҳимоя қилиш учун ажойиб имконият тақдим этмоқда. Биз президент Макронни Ўзбекистоннинг мустақил экспертлари билан ҳамжиҳат эканини намойиш қилишга ҳамда инсон ҳуқуқлари Франция-Ўзбекистон алоқаларининг марказий унсури бўлиб қолишини таъминлашга чақирамиз”, дея урғулашган халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари вакиллари.
Мирзиёев бунга қадар 2018 йил октябрь ва 2022 йил ноябрь ойларида Парижда расмий ташриф билан бўлган эди. Унинг Францияга сўнгги ташрифи арафасида ҳуқуқ фаоллари Парижнинг Сент-Огюстен майдонида норозилик акцияси ўтказишиб, жамоатчилик эътиборини Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ тизимидаги аҳволга қаратишганди.
Ўшанда улар президент Мирзиёевнинг Каримовдан қолган суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга оид ваъдаларини ҳанузгача бажарилмай қолаётганини урғулашган эди.
Форум