Ўзбекистоннинг қудратли махсус хизматлари - собиқ МХХ генерали Рустам Иноятов номи яна трендда.
Дастлаб Иноятовнинг Вануату “олтин паспорти” олгани фош бўлди.
Унинг ортидан эса тармоқларда Иноятов гўёки вафот этганига доир постлар пайдо бўлди.
Расмийлар ҳар иккала хабарни ҳам изоҳлагани йўқ.
Аммо Иноятов Вануату паспортини олгани ҳақидаги хабарнинг кўп ўтмай маҳаллий нашрлардан олиб ташланиши унинг қудрати ва шахсига яна бир бор эътиборни қаратди.
Хўш, ўзбекистонликларни чорак аср қўрқувда ушлаб турган ва Ўзбекистон сиёсатида ҳануз катта таъсирга эга деб ишониладиган собиқ МХХ раҳбари Рустам Иноятов ким?
КГБчининг ўғли
Рустам Иноятов биринчи президент Ислом Каримов даврида мамлакатнинг қудратли махсус хизматлари - собиқ МХХга қарийб 23 йил раҳбарлик қилган.
Иноятовнинг биографияси ҳақида тўлиқ маълумот йўқ.
Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Рустам Расулович Иноятов 1944 йилнинг 22 июнида Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги Пашхурт қишлоғида туғилган.
Унинг отаси Расул Иноятов КГБ полковниги бўлган.
1968 йилда Тошкент давлат университетининг Эрон филологияси факультетини битирган. 1965-67 йилларда ўқиш билан бирга Тошкентдаги қурилиш трестларидан бирида бетон қорувчи бўлиб ишлаган.
Иноятов тожик, форс, рус, инглиз тилларини яхши билади.
У университетдан сўнг СССР армиясида хизмат қилган ва ўша ерда СССР КГБга (Давлат хавфсизлик комитети) ишга кирган. СССР ва Ўзбекистон КГБсида бир қатор мансабларда ишлаган.
СССР армияси Афғонистонга бостириб киришидан олдин КГБнинг контрразведка ходими бўлган Рустам Иноятов 1976 йилда Афғонистондаги элчихонада дипломатик ниқоб остида иш бошлаган ва бу хизмати 1981 йилгача давом этган.
Рустам Иноятов 1995 йилнинг 27 июнида пенсияга кузатилган Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Ғуломжон Алиев ўрнига тайинланган эди.
Ўша пайтда Ўзбекистон МХХсида ишлаб юрган Рустам Иноятов машина ўғрилигида ном чиқарган Шуҳрат Домбрабадский гуруҳини қўлга олиш тадбири билан Ислом Каримов назарига тушгани айтилади.
МХХдаги "ислоҳотлар"
Иноятов МХХга раҳбарлик қилган давр Ўзбекистонда сиёсий қатағон ва қийноқлар авжига чиққан давр сифатида билинади. Бу даврда 13 йил ҳукуматни бошқарган Шавкат Мирзиёев кейинчалик Каримов ва Иноятов даврини 37-йилдаги Сталин қатағонлари даврига қиёслаганди:
"Бу ташкилот қутурган ит эди. Хоҳлаган одамни нима қилса, қиларди. Керак бўлса, столбани ҳам бориб қамарди…. Адолат барибир ўрнатамиз".
Адолат ўрнатишга ваъда қилган Мирзиёев МХХни ислоҳ қилишга киришди. Ташкилот номи ДХХга ўзгартирилди.
Шавкат Мирзиёев дастлаб бу қудратли ташкилот ваколатларини қисқартирди. Рустам Иноятов 2018 йилнинг 31 январида истеъфога чиқарилди.
Миллий хавфсизлик хизмати раисининг биринчи муовини
Шуҳрат Ғуломов ҳиёнатда айбланиб, бир умрга озодликдан маҳрум этилди.
Иноятовнинг яна учта муовини ишдан олинди. Аксар вилоятлардаги бошқармалар раислари ҳам ё вазифаларидан четлатилди ёки нафақага чиқарилди. Яна ўнлаб зобитлар устидан жиноят ишлари қўзғатилди.
Бироқ Мирзиёевнинг МХХ тизимидаги "тозалашлари" асосий шахс Рустам Иноятовни четлаб ўтди. Иноятов ишдан олингани билан унинг дахлсизлиги сақлаб қолинди.
2018 йилнинг 31 январида Рустам Иноятов МХХ раиси лавозимидан олингач, Мирзиёев уни Олий Мажлис Сенатига ўтказиб, унга дахлсизлик мақомини берди. Қонунчиликка кўра, сенаторнинг жиноий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши ёки бирор жазога тортилиши мумкин эмас. Бунинг учун Сенат розилиги талаб қилинади.
Шунингдек, кейинги уч йил давомида Иноятов президент маслаҳатчиси лавозимида бўлди.
"Кулранг кардинал"
Рустам Иноятов МХХ раислигидан четлатилганидан сўнг ҳам аввалги таъсирини сақлаб қолган, деб ишонилади. У раҳбарлик қилган махсус хизмат, гарчи номи ва раҳбарлари ўзгарган эса-да, ҳанузгача ёпиқ ва қудратли тузилма ҳисобланади.
"Лавозимдан бўшатилганига қарамай, Иноятов Ўзбекистонда юз бераётган воқеаларга, тайинловларга таъсир ўтказиш салоҳиятини сақлаб қолди, чунки Иноятовнинг ихтиёрида иккита муҳим ричаг ёки омил бор эди. Биринчидан, у МХХни бошқарган даврида барча муҳим шахсларга, нафақат элита ичидаги, балки ўрта қатламга мансуб жуда кўп одамларга нисбатан компроматлар йиғиб қўйганди. Бу маълумотлар билан хоҳлаганча манипуляция қилиш, одамларни ўз манфаатида қўллаш ва ишлатиш мумкин эди. Иккинчидан, Иноятовнинг пули кўп эди. Унинг даврида МХХ ходимлари рейдерлик ва товламачилик йўли билан хусусий бизнесдан катта пул ундиришарди. Мен энг камида битта мисолни биламан. Менга таниш бир тадбиркорни МХХ ертўлага тиқиб қўйиб, каттагина ўлпон тўлаганидан кейингина бўшатганди. Бу ягона ҳолат эмас, бунақа ишлар МХХнинг аосий даромад манбаларидан бири эди", дейди Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов.
“Тошкент портлашлари”
Рустам Иноятов номи Ўзбекистон яқин тарихида содир бўлган муҳим воқеалар билан чамбарчас боғланади. Жумладан, “Тошкент портлашлари”. 1999 йилнинг 16 февралида
Тошкент шаҳрининг бир неча жойида содир этилган портлашларни ўша пайтда МХХ раиси бўлган Рустам Иноятов аввалдан билгани ва бу портлашларнинг олдини олмай, махсус қўйиб бергани ҳақида ўша портлашларда айбланиб қамалган, кейинчалик қамоқда ўлган Зайниддин Асқаров хориж журналистларига айтиб берган эди.
Бу воқеалардан сўнг Ўзбекистонда бошқача фикрловчи шахсларга ва диндорларга нисбатан босим ва таъқиб кучайди. Минглаб одамлар қамалгани, яна юзлаб одамлар таъқиблардан қочиб, мамлакатни тарк этгани ҳақида инсон ҳуқуқи ҳимоячилари хабар берган ва бу ҳолат халқаро ташкилотлар рўйхатларида қайд қилинган.
“Тошкент портлашлари”дан сўнг Рустам Иноятов генерал-полковник унвони билан тақдирланган.
"Андижон қирғини"
Тошкент портлашларидан 6 йил ўтиб, Андижонда аскари қуролсиз намойишчилар ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилди.
2005 йилнинг май ойидаги қонли воқеалардан сўнг Рустам Иноятов Европа Иттифоқи томонидан қора рўйхатга киритилган Андижондаги қирғин учун масъул 12 нафар ўзбек ҳукумати амалдорларидан бири бўлди.
Ўзбекистон расмийлари қонли воқеаларда аксарияти террорчилардан иборат 187 киши ҳалок бўлганини айтган.
Норасмий манбалар қурбонлар сони бир неча юз кишини ташкил этишини айтишган.
"Рустам Иноятов Каримов диктатураси даврида шаклланган Ўзбекистон жазолаш тизимининг рамзи бўлиб қолган. У айниқса йигирма йил муқаддам – Андижон қирғинидан сўнг таниқли одамга айланган эди. Давлат содир этган ва инсониятга қарши жиноят ўлароқ тавсифланадиган жиноятлар далилларини йўқ қилиш билан айнан Иноятов раҳбарлигидаги идора – МХХ шуғулланган", дейди Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева.
Иноятов ва Алматов
Таҳлилчиларга кўра, Андижон воқеалари ортидан Иноятовнинг асосий рақиби - Зокиржон Алматов ва умумиятла, Ички ишлар вазирлигининг мавқейи заифлашган. Алматов Ички ишлар вазирлигидан истеъфога чиқарилгач ИИВнинг махсус қўшинлари МХХ таркибига ўтказилди. Чегера қўшинлари ҳам қайтадан хавфсизликка берилди.
"Ислом Каримов ҳокимият бутоқлари ўртасида эмас, балки ижро ҳокимияти ичида checks and balances, яъни тийиб туриш ва мувозанатда тутиш тизимини амалга оширишга уринган. Масалан, у бир пайтлар Жўрабеков билан Алимовнинг ўзаро рақобатини қўллаб-қувватлаган. Иноятовга нисбатан ҳам шунақа рақобатчи фигура бор эди – ички ишлар вазири Алматов. Каримов нуқтаи назаридан бу назорат қилишнинг ишончли усули эди: ўзаро рақобатчи тузилмалар одатда бир-бирига компромат йиғиб, бир-бирининг устидан чақимчилик қилиб, президентга кимни жазолаш, кимни зарарсизлантириш бўйича ўз вақтида қарорлар қабул қилиш имконини берарди. Аммо бу “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” тизими Андижон воқеаларидан сўнг барҳам топди. Ўшанда Иноятов Алматовни ишдан олдиришга, ваколатлари ва нуфузидан, президентга “доступи”дан маҳрум қилишга муваффақ бўлганди", дейди Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов.
Иноятовнинг куч тузилмалари ва давлат идораларига таъсири янада кучайди. Репрессиялар авжига чиқди. Тошкентда МХХ куучлари иштирокида маска шоулар одатий ҳолга айланди.
МХХ билан боғлиқ жиноятлар рўйхатида наркобизнес ҳам тилга олинади. Озодлик суриштирувларида Рустам Иноятов даврида МХХнинг наркотрафик савдосига аралашгани ҳам ўртага чиққан.
“МХХ ва наркотрафик” номли суриштирувимизда Миллий хавфсизлик хизматининг юқори лавозимли амалдорлари Афғонистондан Ўзбекистонга наркотиклар контрабандасини назорат қилгани ҳақидаги иддаолар ўрганилган.
Иноятовнинг "олтин паспорти"
50 йил давомида СССР КГБси ва Ўзбекистон МХХсида ишлаган чекист Рустам Иноятов шахси ўта сирли ҳисобланади. Иноятов бирор марта матбуотга интервью бермаган. Аксинча матбуот у ҳақдаги маълумотлардан муттасил тозалаб келинган.
Бироқ Иноятов шахси матбуотдан қанчалик яширилмасин, вақти вақти билан у ва оиласига оид маълумотлар сиздирилган.
Жумладан, яқинда Рустам Иноятов ва оиласи аъзолари Вануату ватандошлигини олгани маълум бўлди.
Intelligence Online нашри Рустам Иноятов “олтин паспорт” дастури доирасида Вануату давлати фуқаролигини олганини аниқлаган.
Иноятов номи 2022 ва 2023 йилларда сармоя эвазига Вануату паспортини олган шахслар рўйхатида. Бу рўйхатда 1961 киши бўлиб, уларнинг аксарияти Хитой ва Россия фуқароларидир. Улар орасида санкцияга тушган миллиардерлар ҳамда разведка ва уюшган жиноий гуруҳларга алоқадор шахслар ҳам бор.
Айрим ўзбеклар шу пайтгача ҳатто номини ҳам эшитмаган Вануату давлатининг паспорти Иноятовга нима учун керак бўлгани номаълум. Иноятовнинг Тинч океанидаги орол давлатларидан бирининг ватандошлигини олгани тармоқларнинг ўзбек сигментида кескин танқидга учради.
Хавфсизлик тизими олигархлари
Intelligence Online аниқлашича, Рустам Иноятовнинг ўғли Шариф Иноятов ҳам Вануату “Олтин паспорт”и соҳиби бўлган.
Ота-бола Иноятовларнинг ҳар бири бу паспорт учун 130 минг доллардан пул тўлашган.
Ўзбекистоннинг қашшоқ аҳолиси тушига ҳам кирмайдиган бу миқдордаги пул, иноятовлар учун сариқ чақа каби дейиш мумкин. Боиси Рустам Иноятовнинг мамлакат ичкарисида ва хорижда катта бизнес-империяси борлиги маълум.
"Рустам Иноятов ва унинг бизнес манфаатларини мамлакатнинг сўнгги тарихида кузатилган икки муҳим тенденция асосида таҳлил қилиш лозим, деб ўйлайман. Биринчиси шундаки, Совет Иттифоқи парчаланганидан бери Ўзбекистон иқтисодиёти асосан давлат назоратида бўлиб, хусусий секторнинг иқтисодоётдаги улуши жуда кам бўлган. Иккинчи тенденция эса мамлакатда куч тузилмалари мустақиллик давридан буён сезиларли таъсир кучига эга ҳамда улар ҳукумат ва бизнеснинг барча жабҳаларига чуқур сингиб кетган. Натижада, бу икки тенденция бир-бирига қўшилиб, Иноятов бошчилигидаги “хавфсизлик тизими олигархлари” деб аташ мумкин бўлган қатлам юзага келишига олиб келди", дейди Британиядаги Ulster университетининг криминология бўйича профессори Кристиан Ласслет.
Open source investigations журналистик гуруҳи маълумотларига кўра, Рустам Иноятовнинг бизнес салтанатини унинг ўғли Шариф Иноятов юритади:
“Тошкент давлат шарқшунослик институтини битирган Шариф Иноятов МХХ генерали Рустам Иноятовнинг ўғлидир. У иқтисод фанлари бўйича таълимни ҳорижда, жумладан, Қоҳиранинг Ал-Азҳар университетида олди. Бундан ташқари, у отаси билан Миллий хавфсизлик хизматини оилавий бизнесга айлантирди".
Рустам Иноятовнинг асосий меросхўри сифатида кўрилган Шариф Иноятов жамоатчилик кўзидан шунчалик усталик билан яширилганки, интернетда унинг ҳатто суратини ҳам топиш амримаҳол.
Иноятовнинг бойликлари
Журналистик суриштирувларда Рустам Иноятов оиласининг бутун дунё бўйлаб кўчмас мулк ва бизнес ҳиссаларга эгалиги аниқланган.
Озодлик суриштирувлари Рустам Иноятов ва унинг оиласи Ўзбекистонда кенг истеъмол моллари импорти билан шуғулланиши ва биргина Тошкентнинг ўзида 2003 йилда унга тегишли 20 дан ошиқ супермаркет борлигини ўртага чиқарган.
"Рустам Иноятов Ўзбекистон хавфсизлик хизматидаги, эҳтимол, энг қудратли шахс бўлгани сабабли, хавфсизлик хизматидаги кўзга кўринган олигархлардан бири сифатида кўрилади. Шахсий тадқиқотларим шуни кўрсатдики, унинг ўғли Шариф Иноятов катта бизнес манфаатларига эга. У ўз бизнесини икки яқин ҳамкори билан биргаликда бошқаради. Бу шахслардан бири Равшан Обидов бўлиб, унинг отаси хавфсизлик хизматида генерал бўлган. Иккинчи шахс эса газ саноатидаги йирик тадбиркор Бахтиёр Фозилов. Бу учовлон Россия ва Ўзбекистонда катта агро-саноат бизнесларига эгалик қилади", деди Британиядаги Ulster университетининг криминология бўйича профессори Кристиан Ласслет.
Иноятов-Парпиев тандеми
Каримов давридаги энг қудратли амалдорлар - МХХ раиси генерал Рустам Иноятов ва Давлат Солиқ қўмитаси раиси¸ генерал Ботир Парпиевларнинг қудалиги уларнинг ҳам иқтисодий, ҳам сиëсий кучини оширган жиддий омиллардан бири сифатида кўрилади.
Таҳлилчилар, Иноятов-Парпиев тандемини пул ва сиëсий ҳокимиятнинг "қўрқинчли" синтези, дея таърифлашади.
Манбалар таъкидича, Рустам Иноятов қудаси Ботир Парпиев билан биргаликда Orient Group оилавий бизнес империясини яратган. Озодлик ўз суриштирувларида сўнгги йилларда қудратли генераллар бизнес империясида президент Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаровнинг укаси Ойбек Умаров ўз улушини ошираётганига эътибор қаратганди.
Рустам Иноятовнинг куёви Бoбур Батирович Парпиев 2013 йилдан “Ориент Финанс” банк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари¸ 2016 йилдан 2020 йилга қадар эса¸ бошқарув раиси бўлган. Ҳозирда банк кузатув кенгаши раиси.
Иноятовнинг газ бизнеси
Шариф Иноятов исми Озодликнинг Ўзбекистон газ-кон соҳасига оид суриштирувларида ҳам тилга олинган. Жумладан, Ўзбекларни газсиз қолдирган махфий келишувларда ҳам Иноятов исми бор.
"Менга келиб тушган махфий ҳужжатларда Бахтиёр Фозилов газ саноатидаги акцияларининг бир қисмини Шариф Иноятов номидан бошқариши ёзилган. Бироқ, буни бевосита исботлайдиган ишончли шартнома ҳужжатлари менда йўқлиги боис, аниқ далил келтира олмайман. Шунга қарамай, Ўзбекистон хавфсизлик хизматида олигархлар гуруҳи шаклланганига ортиқча шубҳа йўқ. Рустам Иноятов ҳамда унинг оиласини ушбу элита гуруҳнинг муҳим аъзолари сифатида кўриш мумкин", деди Британиядаги Ulster университетининг криминология бўйича профессори Кристиан Ласслет.
Иноятовнинг хориждаги мулклари
Ота-бола иноятовларнинг хориждаги бизнесларининг ҳам саноғи йўқ. 2005
йилнинг 23 ноябрида Австрияда рўйхатга олинган Benif Handels GmbH ширкатининг 60 фоизи, Вена шаҳридаги 600 квадрат метрли, 2 қаватли қаср Шариф Иноятов номида эканлиги ҳақидаги юридик ҳужжатлар Озодликда мавжуд.
Open Source Investigations журналистлари 2018 йилнинг 22 январь куни Иноятовлар оиласининг Дубайда 12 миллион доллар сарфлаб, тураржой иншооти қургани ҳақида хабар қилган.
Рустам Иноятовнинг ўғли Шариф Иноятов Озодликнинг қатор суриштирувлари “қаҳрамони” олигарх Бахтиëр Фозиловнинг яқин бизнес шерикларидан бири. Уларнинг Россияда ҳамкорликда йўлга қўйган бир қанча бизнеслари бор. Жумладан, 2015 йилда улар Туладаги Воловский бройлер паррандачилик фабрикасини сотиб олиб, унга 100 миллион доллар ëтқизгани маълум.
Шариф Иноятовнинг Россиядаги бизнесларидан Озодликка маълумларини санаймиз:
NЕVA ALYANS GRUPP MCHJ - 75 %
VOLOVSKIY MASLOEKSTRAKSIONNIY ZAVOD - 30%
VOLOVSKIY KOMBIKORMOVIY ZAVOD - 30%
VOLOSKIY BROYLЕR PARRANDACHILIK FABRIKASI -30% улуши бор.
AKSUS GRUP MCHJ -ҳозирда ёпилган
Шунингдек, Рустам Иноятовнинг ўғли Россия президенти Владимир Путин Украинага қарши қонли урушни бошлаганидан уч ой ўтмай¸ Ленинград областида ТРИАР ИНВЕСТ АЖ деб номланган янги компанияни рўйхатдан ўтказган.
"Рустам Иноятов лавозим ваколатлари ва Патрушев билан яқин алоқаларидан ўз нафси учун ва ўзбек халқининг миллий манфаатлари зарарига фойдаланиб:– Ўзбекистоннинг Россияга тўлиқ энергетик қарам бўлишига олиб келди", дейди “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева.
Open source investigations журналистик гуруҳи очиқлаган маълумотларда Uzgardens ширкати ҳам Иноятовлар оиласига тегишли экани айтилади.
Uzgardens – Россияга Ўзбекистондан мева-сабзавот етказиб беришга ихтисослашган йирик ширкатдир.
2016 йилда "Re:Baltica" нашри суриштирувида Рустам Иноятовнинг Латвияда ҳам бизнеслари борлигини аниқланган эди.
Латвиялик журналистлар қўлга киритган маълумотларга кўра, Иноятовнинг Лавтиядаги бизнеси унинг ўша пайтдаги ўринбосари Ҳаёт Шарифхўжаев билан ҳамкорликда йўлга қўйилган бўлган. Генерал-майор Ҳаёт Шарифхўжаев 2015 йилнинг майида лавозимидан олиниб, унвонларидан маҳрум этилган. 2019 йилда Шарифхўжаев "мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш", "жиноий гуруҳ тузиш", "товламачилик", "қийноқлар қўллаш", "бегуноҳ инсонларни жавобгарликка тортиш" сингари қатор жиноятларда айбланиб, 6 йилга қамалган, бироқ орадан бир йил ўтиб, Мирзиёев Шарифхўжаевни авф қилиб, озодликка чиқарган. Унинг укаси, МХХ полковниги Жавдат Шарифхўжаев ҳам 2016 йилда қатор жиноятларда айбланиб, 16 йилга озодликдан маҳрум этилган. Ҳозирда у қамоқ жазосини ўтамоқда.
Гулнора Каримова ва МХХ "жанги"
Ўзбекистон МХХсининг юқори лавозимли мулозимларининг, жумладан, Рустам Иноятов кирдикорлари ҳақида илк бор марҳум президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2014 йилда фош қилган эди.
Ўша пайтда Гулнора Каримованинг ўз бизнес империясига қарши рейдлар ортидан Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов ва генерал Ҳаëт Шарифхўжаев каби амалдорларга қарши Twitter жанги бошлаган. Таҳлилчилар, Гулнора Каримова ва МХХ ўртасидаги ўша жангни ворислик учун кураш дея, баҳолаган.
“Ўзбекистонда ҳокимият учун кураш бошланди. МХХ раиси Рустам Иноятов отамнинг ўрнини эгалламоқчи”, дея ёзганди Гулнора Каримова.
Орадан кўп ўтмай Каримованинг Twitter жанги тўхтатилиб, у қамоққа ташланди.
Таҳлилчилар, Мирзиёевнинг ҳукуматга келиши ортида айнан Рустам Иноятов турганини таъкидлашган.
"Иноятов қарийб 30 йил Ўзбекистон кадрлар сиёсатини белгилади; жисмоний йўқ қилиш, сиёсий қотилликлар, қийноқлар, тотал кузатув сингари қизил террор усуллари ёрдамида фуқаролик жамияти ва ижтимоий фикр етакчилари фаолиятини батамом маҳв этди. Ҳозирча жамоатчиликка унинг айрим жиноятларигина маълум. Рустам Иноятов ёвузлик ва адолатсизлик тимсоли сифатида узоқ вақт ёдда қолиши учун тарихчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва суриштирувчилар уни ҳали кўп ўрганишлари керак бўлади", дейди “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева.
Форум