Uzbekistan - Isfarxon supermarket in Namangan region, undated
Наманган шаҳри марказидаги "Исфархон" савдо маркази дўконларини 14 август куни автоматлар билан қуролланган "қора ниқобли"лар ёрдамида солиқчилар, божхоначилар босди. Тадбиркорлар айни муборак Рамазон ойида сўз-сўроқсиз зир қақшатилганидан шикоят қилиб, бозордан камида 30 та КамАЗ машиналарида тадбиркорлар моллари олиб чиқиб кетилганини айтишди.
Наманган шаҳри марказидаги "Исфархон" савдо марказини 14 август куни қора ниқоблилар босгани ҳақидаги хабарни ўша ерда савдо қиладиган тадбиркорлардан бири Озодликка етказди:
- Улуғ айём кунларида халқни қақшатиб кетишди. 14 август эрталаб бирданига "Исфархон"га юз-кўзи кўринмайдиган қора ниқобли, автомат билан қуролланган одамлар бостириб келди. Улар дўконлардан харидорларни чиқариб юборди. Кейин солиқчилар, коррупция (коррупцияга қарши кураш бўлими ходимлари-таҳр.) кириб келди. Ичкарида фақат дўкон эгалари қолди, холос,- дейди исми сир қолишини сўраган тадбиркор.
Унинг айтишича, тадбиркорларнинг моллари қароқчи талагандай олиб чиқиб кетилган:
- Бу савдо марказида 100 дан ортиқ тадбиркорлар таланди. Оргтехникалар, кийим-кечаклар, газламалар, умуман саноат моллари билан савдо қилишарди. Ҳеч нарса қолмади. Менинг тахминий ҳисобимча камида 30та "КамАз"да кечгача юк олиб чиқиб кетилди,- дейди тадбиркор.
Суҳбатдошга кўра, кўпчилик тадбиркорлар ҳайит арафасида савдо яхши бўлади деб, дўконларини мол билан тўлдириб ташлашган бўлган:
- Уларни кеча кўриб раҳмим келди. Шўрликлар олиб кетилаётган молларига тикилиб ўтиришибди, йиғлашяпти, бироқ қўлларидан ҳеч нарса келмайди. Тушдан кейин аёл тадбиркорлар жанжал кўтарди, ойналарни синдиришди. Кейин милиция ходимлари келиб, уларни тарқатиб юборди,- дейди тадбиркор.
- Жуда ёмон бўлди. Камаз-камаз ташишди. Бир газлама сотадиган қўшним бор эди. Шўрликни битта ҳам молини қолдирмабди. Сўрамай-нетмай ҳаммасини олиб чиқиб кетишибди,- дейди Муҳаммаджон ака.
Жорий йилнинг 26 июл куни Тошкент вилоятининг “Қуёшли” посёлкасидаги канцелярия моллари билан савдо қиладиган улгуржи бозорни кучайтирилган милиция гуруҳи ёрдамида солиқчиларнинг “Бозор гуруҳи” босган эди.
Намангандаги "Исфархон" савдо марказини "қора ниқобли" автоматлилар ёрдамида Ўзбекистон Солиқ қўмитаси қошида ташкил этилган "Бозор гуруҳи" босгани тахмин қилинмоқда.
Бу каби рейдлардан мақсад Ўзбекистонга молларнинг контрабанда йўли билан олиб кирилишига қарши кураш экани айтилади.
Ўзбекистон Солиқ қўмитаси қошида ташкил этилган “Бозор гуруҳи” кейинги бир-икки йил ичида мамлакатдаги бир қанча савдо марказлари ва бозорларга шу пайтгача қайси идорага қарашли экани аниқ бўлмаган “қора ниқобли” гуруҳ ёрдамида рейдлар уюштирган эди.
Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистондаги йирик бозорларга ҳуқуқ-тартибот идораларининг "қора ниқобли" махсус кучлари томонидан бир неча бор рейдлар уюштирилди.