Янги Тошкент учун яна 122 гектар ер ажратилди

Янги Тошкент лойиҳаси.

Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев томонидан имзоланган қарорга асосан, Юқори Чирчиқ тумани Бордонкўл ва Дўстлик маҳаллалари ҳудудидан жами 122,3 гектар ер майдони давлат захирасига қайтарилиб, тоифаси ўзгартирилган ҳамда Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекциясига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилган.

Ер ажратиш учун Ўзбекистон президентининг 2023 йил 20 июлдаги ва Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 30 октябрдаги қарорлари асос сифатида кўрсатилган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Янги Тошкент: "Олтин тупроқ" устига қурилаётган тош шаҳар

2024 йилнинг октябрь ойиида ҳам Юқори Чирчиқ туманининг Ўзбекистон, Гулистон ва Истиқлол маҳаллаларидаги 110,4 гектар ер майдони Янги Тошкент ихтиёрига ўтказиб берилганди.

Янги Тошкент пойтахтнинг жануби-шарқида, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларига тегишли ҳудудда қурилмоқда. Туманнинг биринчи яшаш ва инфратузилма объектларини қуриш ишлари 2024 йил апрель ойида бошланган. Асосий объектлар қурилишини 2045 йилда якунлаш режалаштирилган.

Ўзбекистондаги "Янги" деган кўпгина лойиҳаларнинг бўлгани каби, Янги Тошкент лойиҳасининг муаллифи ҳам президент Шавкат Мирзиёевдир.

Пойтахтдаги ижроия ҳокимияти органларини 20 минг гектарни эгаллайдиган Янги Тошкент тумани ҳудудига кўчириш режаси эълон қилинган.

Озодлик аввал хабар берганидек, Янги Тошкентда вазирликлар учун муваққат биноларни қуриш бошлаб юборилган.