TEMU рўйхатдан ўтгунча бўлган давр учун солиқ тўлаши керак - ИЛМА

Хитойнинг Temu маркетплейси юридик шахс – Ўзбекистон резиденти сифатида рўйхатдан ўтди, деб маълум қилди Солиқ қўмитаси матбуот хизмати.


Бир қатор қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаётгани важидан жорий йил 20 мартдан эътиборан Ўзбекистонда Temu платформасидан фойдаланиш чекланиши эълон қилинганди.

Солиқ қўмитаси ахборотидан англашилишича, платформанинг рўйхатдан ўтиши унинг фаолияти қайта йўлга қўйилишини англатмайди.

“Бироқ ўтган даврлар учун маркетплейс билан муҳокама қилинадиган масалалар мавжуд. Ҳозирда музокаралар олиб борилмоқда. Ушбу жараён якунига етказилиб, унинг фаолияти юзасидан якуний хулоса эълон қилинади”, дейилади қўмита хабарномасида.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) электрон тижорат бўлими бошлиғи Камронбек Муҳаммадиевнинг Gazeta.uz нашрига билдиришича, компанияни юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказиш унинг мамлакатда фаолиятини давом эттириши учун зарур бўлган қадамлардан бири, холос.

“Temu юридик шахсни рўйхатдан ўтказди, аммо бу уни қонуннинг бошқа мажбурий талабларини бажаришдан озод этмайди. Хусусан, компания рўйхатдан ўтишгача бўлган давр учун солиқ тўлаши ва фискализациядан ўтиши – фискал чекларни бериш учун Cолиқ қўмитасининг ахборот тизимлари билан интеграциялашиши керак”, дея тушунтирган ИЛМА вакили.

ИЛМА аввалроқ Temu Ўзбекистонда солиқ органларида рўйхатдан ўтиш ва юридик шахс очишдан бош тортганини даъво қилган эди.

Сўнгги вақтларда Temu интернет дўкони асосан Хитойда ишлаб чиқарилган арзон нархдаги моллари билан кўплаб ўзбекистонликларни жалб эта бошлагани айтилади.