Абдуқодир Ҳусанов ойнинг энг яхши футболчиси бўлди

Ўзбекистон миллий жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” клуби мухлислари версиясига кўра, февраль ойининг энг яхши футболчиси деб тан олинди. Бу ҳақда клубнинг матбуот хизмати хабар берди.

Ғолиб мухлислар ўртасида ўтказилган очиқ овоз бериш орқали аниқланган. Ҳусанов рекорд даражада кўп овоз тўплаб, Эрлинг Холанд ва Йошко Гвардиолани ортда қолдирган.

“Манчестер Сити” Абдуқодир Ҳусановни муносиб мукофот билан табриклаб, мухлисларга овоз беришдаги фаол иштироки учун миннатдорчилик билдирди.

21 ёшли футболчи “Манчестер Сити” сафига 2025 йилнинг январь ойида қўшилган бўлиб, 2029 йилнинг ёзигача шартнома имзолаган. У февраль ойида жамоа учун бешта учрашувда майдонга тушиб, Англия Кубогида “Плимут Аргайл”га қарши ўйинда гол урган. Шунингдек, у Премьер-лигада “Ньюкасл”, “Ливерпуль” ва “Тоттенхэм”га қарши ўйинларда тўп тепди.

Инглиз клуби истеъдодли ҳимоячини Франциянинг “Ланс” жамоасидан 40 миллион еврога сотиб олган. Бу қиймат бонуслар ҳисобига яна ортиши айтилган.

Абдуқодир Ҳусанов футболчилик фаолиятини Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби академиясида бошлаган. 2022 йилда Беларуснинг “Энергетик-БГУ” клубига ўтган. 2023 йилдан эса “Ланс” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келган.