"Иккиюзламачилик". Афғон аёллари америкалик порноюлдуз саёҳатидан ғазабда

Уитни Райт Афғонистонда.

Афғонистоннинг исломий Толибон ҳукумати афғон аёллари учун таълим олиш ва кўпчилик соҳаларда ишлашни тақиқлади, шунингдек, уларга боғлар, спорт заллари ва ҳаммомларга киришни ман этди.

Улар эркак ҳамроҳисиз уйдан чиқмаслиги ва толибоннинг қаттиқ ахлоқ қонунларига бўйсуниши лозим.

Шундай чекловлар мавжуд бўлган бир пайтда, америкалик порно актрисанинг мамлакатга саёҳати ҳақидаги сурат ва видеолар тарқалгач, афғон аёллари ғазабга келди.

Толибон бу саёҳатни расман тан олмаган бўлса-да, порноюлдуз Уитни Райт ўзининг Instagram саҳифасида Афғонистоннинг сайёҳлик маскани тасвирларини жойлаштирди.

"Бу моҳиятан иккиюзламачилик," деди афғон аёллари ҳуқуқлари ва таълим фаоли Важма Тохи.

"Афғон аёллари ўз ватанларида қамоққа тушган бўлса, чет эллик меҳмонлар – келиб чиқишидан қатъи назар – меҳмондўстлик билан кутиб олинмоқда," дея қўшимча қилди у.

Сўнгги йилларда Райт асосан мусулмон давлатлар – Эрон, Ироқ, Сурия ва Ливанга борган.

Озодлик радиоси "Толибон" ва Райтдан изоҳ ололмади.

Мавзуга алоқадор Чегара билмас жиноят - аёлларга қарши зўравонлик

АҚШ Давлат департаменти ҳозирда америкаликларга "Афғонистонга бормасликни" маслаҳат бермоқда, чунки "Афғонистонда кўплаб террорчилик гуруҳлари фаолият юритмоқда ва АҚШ фуқаролари одам ўғирлаш ва гаровга олиш хавфи остида".

Толибон ҳукумати Афғонистоннинг АҚШдаги элчихонаси ёки консулликларини назорат қилмаса-да, Райт АҚШ фуқароси сифатида виза олиши керак.

Толибон 2021 йил августида ҳокимиятга қайтганидан бери мамлакатда зўравонлик сезиларли даражада камайганини кўрсатиш ва халқаро обрўсини ошириш учун хорижлик сайёҳларни жалб қилишга интилмоқда.

Баъзи афғон аёллари фикрича, Толибон сайёҳ аёллардан ижобий қиёфа яратиш ва мамлакат ҳатто чет эллик аёллар учун ҳам хавфсиз эканлигини таъкидлаш учун фойдаланмоқда.

"Бу эркинлик фақат чет элликлар учун, энг асосий ҳуқуқларидан маҳрум бўлган афғон аёллари учун эмас," деди Афғонистон аёллар ҳуқуқлари фаоли Насима Бидаргар Озодлик радиосига.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Толибон Афғонистонда мусиқага қарши курашни давом эттирмоқда

"Гендер апартеид"

2021 йил август ойида ҳокимиятга қайтгач, Толибон дарҳол ўсмир қизларнинг мактабга боришини тақиқлади. 2022 йил декабрь ойида эса университетлар ва бошқа олий ўқув юртлари эшикларини аёллар учун ёпди. Шунингдек, бу гуруҳ аёлларга халқаро нодавлат ташкилотлар ва бошқа соҳаларда ишлашни ман этди.

Ҳатто фақат аёллар учун мўлжалланган жамоат боғлари, аёлларга тегишли ёки улар тез-тез борадиган ресторан ва кафелар ҳам Толибон режими томонидан ёпиб қўйилди.

2024 йил август ойида Толибон ҳаракати аёлларга қаратилган янги ахлоқ қонунини қабул қилиб, улардан жамоат жойларида юзини ёпган ҳолда эркак ҳамроҳ билан юришни талаб қилди. Шунингдек, аёлларга жамоат жойларида қўшиқ айтиш ёки ҳатто овозини кўтаришни тақиқлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юқори мартабали амалдорлари ва афғон аёл фаоллари Толибоннинг афғон аёлларига муносабатини "гендер апартеид" деб атади.

2024 йил январь ойида Халқаро жиноят суди Толибоннинг олий раҳбари мулла Ҳайбатуллоҳ Охундзода ва Толибон бош қозиси Абдул Ҳаким Ҳаққонийни "инсониятга қарши жиноят - гендер асосидаги таъқиблар учун жиноий жавобгарликка тортиш" мақсадида ҳибсга олиш учун ордер сўради.

Қора ниқоб кийган Райт Facebook’да Банди Амир яқинидаги қорда сайр қилаётгани акс этган видеони жойлаштирди. Машҳур мовий кўллар ва баланд қоялари билан танилган бу жой Афғонистоннинг марказий Бомиён вилоятидаги энг машҳур миллий боғлардан биридир. 2023 йил август ойида Толибон афғон аёлларига бу боққа киришни тақиқлаган эди.

"Афғонистонлик аёл сифатида бу вазият мени қаттиқ ташвишга солмоқда," деди Бомиёнда яшовчи аёл "Озодлик" радиосига.