Алишер Усмоновнинг Германиядаги вилласи сотувга қўйилди

Жанубий Бавариядаги Тегернзе кўли

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг Германиянинг Бавария федерал ерида жойлашган вилласи уни бошқараётган ширкат қарзи туфайли кимошди савдосига қўйилди. Тегернзе кўли бўйида жойлашган вилланинг бошланғич нархи 25 миллион еврони ташкил қилади. Бу Германияда ҳозирги пайтда сотилаётган энг қиммат кўчмас мулкдир.

Merkur газетасининг ёзишича, вилла ва унинг ҳовлиси бошқаруви билан 2011 йилдан буён Мэн оролида рўйхатга олинган Tegernsee (IOM) Limited офшор фирмаси шуғулланиб келган. Авваллари Алишер Усмонов у ерга тез-тез бориб турарди. Расмиятчилик нуқтаи назарида у виллани Tegernsee (IOM) Limited фирмасидан ҳафтасига 77 минг еврога ижарага олиб турган. Бироқ Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан кейин Усмонов Европа Иттифоқи санкция рўйхатига киритилган ва ўшандан буён вилла бўш турибди.

Tegernsee (IOM) Limited қарзини тўлай олмайдиган фирма ўлароқ тан олинган, унинг активлари асосан кўчмас мулк объектларидан иборат. Кредиторлар талабига кўра мулкни сотишга қарор қилинган.

735 квадрат метрли вилла Тегернзе кўли соҳилидаги 4700 квадрат метр майдонда жойлашган. У ерда ҳаммом, ҳовуз, хизматчилар учун уй бор.

Ўзбекистонда туғилган Алишер Усмонов Россиянинг энг бадавлат кишиларидан бири бўлиб ҳисобланади. Forbes ҳисоб-китобига кўра, унинг бойлиги 13,4 миллиард еврога баҳоланган. Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан сўнг унга қарши ЕИдан ташқари АҚШ ва Буюк Британия ҳам санкциялар жорий этган. Германия расмийлари аввалроқ унинг синглисига қарашли ва қиймати 588 миллион долларга тенг бўлган Dilbar яхтасини хатлаб қўйган.

2023 йил октябрида Германия полицияси ва божхонаси ходимлари Усмоновнинг Бавариядаги вилласида ва Мюнхень четидаги кўчмас мулк объектларида тинтувлар ўтказган. Тинтув чоғида бешта автомобиль ва бошқа моддий бойликлар мусодара этилган. Бироқ, “Ведомости” нашрининг ёзишича, Франкфуртдаги участка суди Баварияда, Ҳамбургдаги Dilbar яхтасида ва бошқа объектларда мусодара этилган мол-мулклар ва ҳужжатларнинг ушлаб турилишини ноқонуний деб топган.