Трамп маъмурияти Байденнинг ташқи сиёсатини ўзгартириш учун тез ҳаракат қилди, бу айниқса Россия билан муносабатларни тезда яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатларда кўзга ташланди. Бироқ, Байден давридан қолган бир мерос борки, Трамп давлат департаменти уни сақлаб қолишга интилаётганга ўхшайди, деб ёзмоқда Eurasianet нашри.
Бу C5+1 формати деб аталувчи АҚШнинг Марказий Осиёдаги таъсирини кучайтириш ташаббусидир.
Нашрга кўра, Давлат котиби Марко Рубио 21 февраль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан суҳбат чоғида АҚШнинг C5+1 тизимини мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини таъкидлаган. Давлат департаменти вакили айтишича, Рубио "тинчроқ ва фаровонроқ Марказий Осиёни қўллаб-қувватлаш мақсадида C5+1 дипломатик платформаси орқали ҳамкорликни давом эттиришни муҳокама қилган."
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Америкадаги ўзбеклар ва Трампнинг миграция сиёсатига қарши намойишлар
АҚШнинг Марказий Осиёга қизиқишининг асосий сабаби минтақанинг бой табиий захиралари, нафақат нефть ва табиий газ, балки юқори технологияли қурилмалар, тоза энергия ва мудофаа мақсадларида ишлатиладиган қимматбаҳо минераллар ва нодир ер элементларидир, деб ёзади Eurasianet. Географик омил ҳам муҳим роль ўйнаши мумкин: Марказий Осиё давлатлари Хитойнинг ғарбий чегарасида жойлашган бўлиб, Трампнинг иккинчи муддатидаги эълон қилинган мақсадларидан бири Хитойнинг глобал иқтисодий таъсирини чеклашдир.
Рубио ўзбекистонлик ҳамкасби билан суҳбатда "Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон билан муҳим минераллар ва фуқаролик ядро энергетикаси технологияларига сармоя киритишнинг ўзаро манфаатли имкониятларини кўриб чиқишни истаётганини" алоҳида таъкидлади.
Саидов Ўзбекистоннинг Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик қилишга интилаётганини кўрсатиб, Рубио билан суҳбатини "самимий ва самарали" деб баҳолади. У Telegram’да эълон қилган баёнотида Ўзбекистон "бизнес доиралари ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатиш, икки томонлама савдо ҳажмини ошириш ва фаровон ривожланишни таъминлаш"га эътибор қаратган ҳолда, "барча соҳаларда истисносиз" икки томонлама муносабатларни кенгайтириш устида ишлашини қўшимча қилди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон C5+1 доирасида таянч давлатлар ҳисобланади. Ўша пайтдаги давлат котиби Жон Керри 2015 йилда C5+1 форматини бошлаган эди. Аммо Байден маъмурияти 2023 йилда C5+1 раҳбарларининг президент даражасидаги илк саммитини ўтказиш орқали тузилма мавқеини сезиларли даражада оширди. Кейинги йили Байден маъмурияти савдо ва инвестицияларни рағбатлантириш учун B5+1 жараёни деб номланган алоқадор ташаббусни йўлга қўйди.
Рубио-Саидов мулоқоти Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашда давом этишини кўрсатди. Трамп Оқ уйга қайтишидан олдин, декабрь ойида икки давлат ўзаро бозорларига киришни кенгайтириш бўйича келишув имзолаган эди. Ўшанда АҚШ расмийлари Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат иқтисодиётини очишдаги "сезиларли ютуқлари"ни олқишлаган эди.
21 февраль кунги музокаралар, шунингдек, Ўзбекистоннинг ноқонуний ўзбек муҳожирларини қайтариш масаласида АҚШ билан ҳамкорлик қилишини тасдиқлади. Рубио Ўзбекистоннинг "ноқонуний миграцияни чеклашдаги ҳамкорлиги" учун Саидовга миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари хабар беришича, 24 февраль куни депортация қилинган 7 нафар фуқаро Тошкентга етиб келган. АҚШнинг қўшимча ўзбекистонлик депортация қилинганларни Панама ва Коста-Рикага жўнатгани ҳақида маълумотлар бор.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Афғонистондаги "Толибон" ҳукумати билан алоқа ўрнатиш бўйича минтақавий саъй-ҳаракатларда етакчилик қилмоқда. Тошкент Афғонистонни Марказий Осиё билан яқинроқ савдо доирасига жалб этиш орқали Ўзбекистон ва бошқа минтақавий давлат вакилларининг Толибон билан минтақавий муаммолар, хусусан, Қўштепа канали қурилиши масаласида музокаралар олиб бориш имкониятларини кенгайтиришга умид қилмоқда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Дональд Трамп: Шавкат Мирзиёев ўз мамлакати ва ҳамма жойда ҳурмат қилинадиган одам!
22 февраль куни Тошкентда "Толибон" ҳаракатининг юқори даражали делегацияси билан ўтказилган савдо музокаралари натижасида темир йўлларни такомиллаштириш, ўзбек-афғон чегарасида эркин савдо ҳудудини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги экспортини эркинлаштириш, конь-қазилма ва нефть-газ соҳаларини ривожлантириш ҳамда электр узатиш линияси лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилган.