Анора Содиқова шаънини ҳимоя қилиш учун судга шикоят йўллади

Анора Содиқова

Ўзбекистонлик таниқли журналист, Uzdiplomat.uz сайти асосчиси Анора Содиқова “Муфаса” тахаллуси билан фаолият юритувчи блогер Мирсаид Ҳайдаров устидан судга мурожаат қилди.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг маълум қилишича, Анора Содиқова ўз мурожаатида блогер томонидан ижтимоий тармоқ, турли аноним каналларда ўз шаъни, қадр-қиммати камситилгани ва туҳматга учраганини баён қилган ва Фуқаролик кодексининг 100-моддасига (шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш) кўра чора кўришни сўраган.

“Ижтимоий тармоқларда троллар армияси пайдо бўлган, журналистларни ҳақоратлаш, ватан хоинига чиқариш, сўкиниш билан бўҳтонлар қилиш осон бўлиб қолди. Қайсидир давлат идорасини танқид қилиш оқибатида троллар орқали ҳужумга ўтиш ҳам одатий ҳолга айланган. Назаримда, бунга қонуний чора кўриш вақти келди”, деб ёзган Анора Содиқованинг ўзи Фейсбукдаги саҳифасида.

Анора Содиқова бошчилигидаги Uzdiplomat.uz жамоаси жорий йил 8 февраль куни Тошкент шаҳрида ташкил этган “Йил танлови-2024” маросими тўсқинликка учрагани ҳақида хабар тарқалди.

Фаолларга кўра, тадбир ўтиши аввалдан белгиланган “Зарафшон” концерт зали эшиклари “техник сабаблар”га кўра очилмаган ва ташкилотчилар бошқа жой қидиришга мажбур бўлган.

Ушбу ҳодиса ортидан ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда мустақил матбуотнинг истиқболи хусусида хавотирли фикрлар янграган.

Анора Содиқова аввал ҳам касбий фаолияти сабаб ўзига таҳдид қилинганини билдирганди.