БМТ бош котиби Трампни Ғазодаги этник тозалашлардан огоҳлантирди

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш 5 февраль куни АҚШ президенти Дональд Трампга билвосита мурожаат қиларкан, Ғазо секторида этник тозалашлардан сақланиш зарурати ҳақида гапирди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

Мазкур огоҳлантириш Трамп фаластинликларга бир кун аввал қилган таклифига жавоб бўлди. Президент АҚШ Ғазо сектори устидан назоратни ўз зиммасига олиб, уни тиклаш ва қайта қуриш билан шуғуллана бошлаш учун фаластинликларни бошқа мамлакатга кўчиб ўтишга чақирганди. Трамп олдинроқ бир неча бор бутун бинолари вайрон бўлган Ғазода кимдир яшашни исташини тасаввур ҳам қилолмаслиги ҳақида гапирган.

Трампнинг бу таклифи кўплаб мамлакатлардаги сиёсий ва дипломатик доиралар томонидан салбий қарши олинган.

БМТ бош котиби: “Муаммони ҳал қилиш йўлларини қидиришда биз уни янада кучайтириб юбормаслигимиз лозим. Бу ерда халқаро ҳуқуқ асосларига содиқ қолиш ўта муҳим. Бу ерда этник тозалашларнинг ҳар қанақа шаклидан сақланиш ўта муҳим”, деган Гутерриш БМТ қўмиталаридан бирида ўтказилган мажлисда.

БМТ бош котибига кўра, икки давлат ғояси юзасидан позициялар тасдиқланиши зарур. Фаластин халқининг дахлсиз ҳуқуқларини амалга ошириш қўмитаси олдида қилган чиқиши чоғида Гутерриш Трамп исмини ёки унинг Ғазо сектори бўйича таклифини эслатган эмас. Бироқ, Reuters агентлиги қайдича, унинг матбуот котиби Стефан Дюжаррик аввалроқ журналистларга БМТ бош котибининг мулоҳазаларини Трампга жавоб сифатида кўрилиши адолатли фараз эканини маълум қилган эди.

Чоршанба куни Гутерриш Иордания қироли Абдуллоҳ билан минтақадаги вазият ҳақида сўзлашди, деган Дюжаррик.

Фаластин маъмурияти томонидан БМТдаги махсус вакил этиб тайинланган Риёз Мансур қўмитага қирол Абдуллоҳ кейинги ҳафтада Вашингтонга ташрифи чоғида Трампга араб давлатларининг мувофиқлаштирилган муждасини етказишини маълум қилган.

“Бизнинг Фаластиндан бошқа ўлкамиз йўқ. Ғазо унинг қимматли қисмидир. Биз Ғазони тарк этмоқчи эмасмиз”, деган Мансур.