Бокудаги манбалар: AZAL учоғи Россия ҳаводан мудофаа тизими туфайли қулаган

AZAL авиаширкатининг Қозоғистонда қулаган йўловчи учоғи

Қозоғистонда 25 декабрь куни ҳалокатга учраган Azerbaijan Airlines учоғи Россия ҳаводан мудофаа тизими фаолияти оқибатида қулаган, дея хабар қилди 26 декабрь куни қатор нашрлар Бокудаги манбалардан олинган маълумотга таянган ҳолда.

Reuters агентлиги ўз мақоласида тергов боришидан хабардор бўлган Озарбайжондаги тўртта манбага таянган.

Embraer йўловчи учоғи ўз манзили бўлган Грозний аэропортига қўнолмай, Россия ҳаво ҳудудини тарк этганидан кейин қулаб тушган, ҳодиса чоғида 38 киши ҳалок бўлган эди. Россия ҳаводан мудофаа тизимлари Чеченистон дохил турли ҳудудларда Украина дронлари ҳужумини қайтариш учун сўнгги ойларда бир неча қўлланилган.

Қулаган учоқ изи Flightradar24 сервисида Доғистоннинг Каспийск шаҳри яқинида ғойиб бўлган. Мазкур сервис таҳлилчиларининг ёзишича, бу дронлар ҳужуми чоғида қўлланиладиган GPSни бўғиш ҳаракати туфайли содир бўлган.

Reuters қайдича, расмийлар Бокудан Грознийга парвоз қилаётган учоқ нима учун режаланган йўналишдан юзлаб миль нарига учиб, Каспий денгиздан ўтиб, Қозоғистонга бориб қолганини бирданига изоҳлай олишмаган.

Грозний аэропорти хизматларининг 25 декабрь куни маълум қилишларича, “даставвал учоқ Маҳачқалъага, кейин эса об-ҳаво шароити туфайли Ақтауга йўналтирилган”. Росавиациянинг дастлабки версиясига кўра, Azerbaijan Airlines бортида учоқ қуш галаси билан тўқнашиб кетгани туфайли фавқулодда ҳолат юзага келган бўлиши ва командир захирадаги аэродромга қўниш қарорини қабул қилган бўлиши мумкин. Euronews телеканали 26 декабрь куни Озарбайжон ҳукуматидаги манбалар сўзларига таянган ҳолда улар учоқ Россия ҳаводан мудофаа тизимининг ер-ҳаво тоифасидаги ракетаси учирилиши туфайли ҳалокатга учраганига оид тахминни тасдиқлашгани ҳақида хабар қилди. Телеканал суҳбатдошлари 8432-рейс йўналиши бўйлаб ракета Грозний осмонида дрон учиб кетаётган пайтда отилганини билдиришган. Ракета учоқ яқинида портлагани ортидан унинг қопламасига шикаст етган, шрапнель эса йўловчилар ва стюардессаларга теккан, дея қайд этишган манбалар.

Azerbaijan Airlines учоғи билан фожиа юз берган куниёқ Россия телеграм-каналларида пайдо бўлган видеоёзувда унинг дум қисмида ўқдан етган шикастга ўхшаш излар кўрилган. Шу сабабли йўловчи учоғи ердан туриб ҳаводан мудофаа воситалари билан нишонга олинган бўлиши мумкинлиги ҳақида тахмин айтилган эди.

Озарбайжон ҳукуматидаги манбалар Euronews телеканалига учувчиларнинг фавқулодда қўнишга оид илтимосига қарамай, шикаст етган учоққа Россия аэропортларидан бирортасига қўнишга рухсат берилмаганини айтишган. “Экипаж Каспий денгизи орқали Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри томон учиш командасини олган”, дейилган мақолада.