Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси Туркиядан учоқда қайтаётган ўзбекистонликларни аэропортларда бегона шахслардан Ўзбекистонга олиб кетиш учун юк олишдан тийилишга чақирди.
“Улар турли баҳоналар билан (масалан, оғир касал қариндоши борлиги ёки юкни жўнатиш имконияти йўқлиги) сизни ишонтиришга ҳаракат қилишади. Бироқ бундай ваъдаларга ишонманг ва бегона юкни ҳеч қандай ҳолатда қабул қилманг!” дейилган бош консулхона хабарномасида.
Дипломатлар ўтган йиллар мобайнида айнан шундай илтимосни бажаришга рози бўлган бир неча нафар ўзбекистонлик ноқонуний юкларни, жумладан наркотик моддалар ва сохта ҳужжатларни билмасдан олиб ўтганлари учун ҳибсга олиниб, узоқ муддатларга қамалганларини қўшимча қилган ва бунга қатор мисолларни келтирган.