Энергетика вазирлиги Афғонистонга узатилаётган электр энергияси қаердан олинаётганини очиқлади

Ўзбекистондан Афғонистонга етказиб берилаётган электр энергияси қўшни давлатлар энерготизимларидан қўшимча импорт қилинган электр энергияси ҳисобидан қопланмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида электр энергиясини етказиб бериш юзасидан имзоланган ҳукуматлараро келишувга мувофиқ, 2 миллиард 200 миллион киловатт соат электр энергиясини етказиб бериш кўзда тутилган.

Мазкур келишув доирасида етказиб берилаётган электр энергияси ички бозорга салбий таъсир кўрсатмаслигини таъминлаш мақсадида, қўшни давлатлар энерготизимларидан ҳам қўшимча импорт қилиниб, Афғонистонга унинг бир қисми экспорт қилинмоқда”, дейилган Энергетика вазирлиги баёнотида.

Хабарномада Марказий Осиё мамлакатларининг ягона энерготизими Афғонистон энерготизими билан фақатгина Ўзбекистон орқали боғлангани, яъни ягона энерготизим мамлакатларида ишлаб чиқарилган электр энергияси фақатгина Ўзбекистон орқали экспорт қилиниши мумкинлиги таъкидланган.

Вазирлик бу масала юзасидан ижтимоий тармоқларда кузатилаётган “музокаралар айрим ҳолларда нотўғри рақамлар ва фактларга асосланган”и ва “ҳақиқий ҳолатни акс эттирмаётгани”ни иддао қилган.

Аввалроқ Ўзбекистон Афғонистонга экспорт қилаётган электр энергияси ҳажмини 400 мегаваттгача оширганига оид хабарлар ортидан ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозаралар бошланиб кетган, ўзбекистонлик кўплаб фойдаланувчилар мамлакатда энергетик коллапс кузатилаётган бир пайтда Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш кўпайтирилгани юзасидан норозилик изҳор қила бошлашган эди.