Гулнора Каримова билан тугамайдиган коррупция: Қайтарилган пуллар қаерда?

Гулнора Каримова.

Гулнора Каримова иши доирасида Швейцариядан яна 182 миллион доллар Ўзбекистонга қайтарилмоқда. Олдинроқ Франциядан 10 миллион доллар қайтарилгани, яна 131 миллион АҚШ доллари қийматидаги активлар "Ўзбекистонга қайтарилишга тайёр" экани айтилганди. Аммо бу пулларнинг тақдири номаълум.

Нима учун Швейцария бу пулларни Тошкентга тўғридан-тўғри эмас, ҳалқаро ташкилотнинг махсус жамғармаси орқали ўтказяпти?

Коррупция, ноқонуний пул ювиш ва давлатга етказилган миллиардлаб зарар. Бу – марҳум биринчи президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова номи атрофидаги можароларнинг қисқа таърифи. Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, у давлат ва фуқароларга 1 триллион 270 миллиард сўм, 1 миллиард 651 миллион доллар ва 26 миллион евро зарар келтирган. Ҳукумат сўрови билан унинг 840 миллион доллар активлари Швейцариядаги банкда музлатиб қўйилган.

Қайтарилган пуллар қаерда?

Жорий йил 6 февралда Ўзбекистон ҳукумати ва Швейцария федерал кенгаши ўртасида 182 миллион долларни қайтариш бўйича битим имзолангани ҳақида Адлия вазирлиги ахборот берган.

“Мазкур маблағлар Ўзбекистон Республикаси айрим фуқаролари томонидан ноқонуний орттирилган бўлиб, 2012 йилда Швейцария Бош прокуратураси томонидан Гулнора Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноят иши юритуви доирасида тўлақонли мусодара қилинган эди”, деб ёзилган хабарномада.

2022 йилнинг февралида Ўзбекистон Адлия вазирлиги Каримова ўзлаштирган мулкни мамлакатга қайтариш доирасида Франциядан 10 миллион АҚШ доллари Ўзбекистонга қайтарилгани, яна 131 миллион АҚШ доллари қийматидаги активлар "Ўзбекистонга қайтарилишга тайёр" эканини билдирган. Аммо бу пулларнинг тақдири номаълум, уларнинг нимага ва қандай сарфлангани борасида очиқ ҳисобот мавжуд эмас.

Алишер Илҳомов

“Швейцария ушбу активларни Ўзбекистон ҳукуматига тўғридан-тўғри ўтказмаётгани, аввалги 130 миллион каби, ҳозирги 182 миллион ҳам БМТ агентлиги орқали ўтказилаётгани ҳақидаги савол ҳамон очиқ қолмоқда. Бунинг сабаби шундаки, агар улар тўғридан-тўғри ҳукуматга берилса, ушбу активлар яна ўғирланиши ёки ноқонуний коррупцион йўллар билан ўзлаштирилиши хавфи жуда юқори бўлиб қолмоқда”, дейди Британияда истиқомат қилувчи сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов.

Расмий хабарларда бу маблағ БМТнинг Uzbekistan Vision 2030 Fund жамғармаси орқали қайтарилиб, таълим ва соғлиқни сақлашга сарфланиши айтилмоқда. Лекин бу пулнинг тақдири шаффоф бўладими? Ёки яна ноқонуний схемаларга тушиб кетадими?

Британиядаги Улстер университети проффессори Кристиан Ласслеттнинг фикрича:

“Мусодара қилинган маблағларни қайтариш жараёни таълим ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларда ижобий натижаларга олиб келиши мумкин. Бироқ ушбу жараённинг тўлиқ шаффоф эмаслиги натижага бўлган ишончни пасайтиради. Билишимча, маблағларнинг қандай сарфлангани ҳақида очиқ ҳисобдорлик мавжуд эмас. Модомики, бу маълумотлар очиқланмас экан, маблағларнинг нотўғри ишлатилиши ва талон-торож бўлиши эҳтимоли юқори”.

Рафаэль Сатторов

Сиёсий эксперт Рафаэль Сатторов Каримовага боғлиқ маблағларни қайтариш бошиданоқ шаффоф эмаслигини айтмоқда:

“Бу қайтариш жараёни фақат суд ёки суриштирувларга боғлиқ эмас. Бу бугунги кунда ғарб элиталари билан ўзбек элиталаринг муносабатларининг яхшиланганининг фонида ҳам содир бўлмоқда. Бу расман ҳеч қаерда тан олинмаса ҳам, ҳозирда Европа ёки ғарб элиталарининг Ўзбекистонга ёки Марказий Осиё элиталарига муносабатлари ўзгарган. Бу фонда Гулнора Каримова маблағларини қайтариш жараёни Ўзбекистон раҳбарияти учун анча енгиллаштирилган. Лекин Ўзбек жамияти учун бу умуман шаффоф эмас, аввалдан ҳам шаффоф эмас эди. Умуман, 2013 йили Гулнора Каримовага қўйилган айбловлардан бошлаб, барча жараён мавҳум, у ёки бу сиздирилган маълумотларга, ғийбатларга боғлиқ эди”.

Коррупция ва янги "гулнора"лар

Собиқ президент Ислом Каримовнинг қизи, “Ўзбек маликаси” сифатида танилган Гулнора Каримованинг қамалганига 12 йил бўлди. Унинг исми нафақат мамлакат ичида, балки халқаро майдонда ҳам коррупция, ноқонуний пул айланмаси ва суд ишлари билан боғлиқ ҳолда тилга олиниб келяпти. Каримовадан мусодара қилинган мол-мулклари ва чет элда музлатилган пуллари ҳақида Озодлик кўп бора ёзган.

Эксперт Алишер Илҳомов пуллар билан боғлиқ суриштирув ишлари ҳақида қуйидагиларни айтди:

“Швейцарияда ҳали ҳам тахминан камида 440 миллион доллар ёки франк мавжуд бўлиб, улар ҳозирги пайтда кўриб чиқилмоқда. Бу маблағлар бўйича прокуратурага даъво киритилган ва суд уларнинг конфискацияси тўғрисида якуний қарор қабул қилиши керак. Шундан сўнг, уларни Ўзбекистонга қайтариш масаласи қаралади. Умуман олганда, коррупция, пора олиш ва ноқонуний йўллар билан ўғирланган активларни қайтариш жаҳон антикоррупция конвенциясига мувофиқ назарда тутилган. Бироқ, афсуски, мазкур конвенцияда қайтариш механизми аниқ белгилаб қўйилмаган. Шу сабабли халқаро ташкилотлар иштирокида жамоатчилик фаоллиги ошди ва кенг қамровли фуқаролик жамияти ҳаракати йўлга қўйилди. Мен ҳам бу жараёнда иштирок этдим, ҳатто Швейцария ушбу активларни шунчаки қайтариб бермасдан, улар янги коррупция схемаларига тушиб кетмаслигини таъминлайдиган механизм орқали қайтаришини талаб қилган коалицияни тузишда қатнашдим. Чунки Ўзбекистондаги коррупция тизими ҳали ҳам аниқ шаклланмаган ва унинг қандай тартибда ўзгараётгани ноаниқ қолмоқда”.

Гулнора Каримова — Ўзбекистон тарихидаги энг зиддиятли шахслардан бири. Бир пайтлар отасининг эҳтимолий сиёсий меросхўри сифатида кўрилган Каримова 2000-йиллар бошида мамлакатдаги муҳим иқтисодий ресурслар ва телекоммуникация соҳасини назорат қилувчи шахсга айланган. 2010-йилларга келиб, унинг товламачилик, пул ювиш ва давлат мулкини талон-торож қилишдаги фаолияти юзага чиқа бошлаган. 2012 йилда Швейцария Бош прокуратураси унга қарши жиноят иши қўзғатди. Унинг давлатга келтирган миллиардлаган зарар ҳақида эса давлат органлари отасининг ўлимидан кейингина очиқ айта бошлади.

Кристиан Ласслетт

“Асосий муаммо шундаки, коррупция сиёсат ва ҳукуматнинг энг юқори даражаларига қадар чуқур илдиз отган. Бундай ҳолатда “мафия давлати” ибораси жуда мос тушади. Бугунги кунда ҳам давлат маблағлари ҳисобидан улкан бойлик тўплаётган “янги” “Гулнора Каримовалар” етишиб чиқаётган бўлиши мумкин. Бу тенденцияни ўзгартиришнинг ягона йўли – Ўзбекистонда сиёсий элитанинг доимий алмашинувини таъминлайдиган демократик механизмларни жорий этишдир. Яъни, ҳеч ким чексиз муддатга лавозимда қолмаслиги керак”, дейди Кристиан Ласслетт.

Эксперт Рафаэль Сатторов ўзбекистонликлар элитада "янги Гулнораларнинг" пайдо бўлишига йўл қўймаслиги кераклигини таъкидлайди:

“Гулнора Каримованикига ўхшаш ҳолатларнинг келажакда қайтарилмаслиги ҳақида гапирадиган бўлсак… Бу ҳозир такрорланяпти. Ҳозирги кунда ўзбек жамияти ўзи учун берадиган саволи: Ўзбекистоннинг ресурслари, Ўзбекистоннинг маблағлари яна нечта "Гулнора"ларни боқишга етади? Яна уларнинг қандай амбицияларини ва иштаҳаларини қондиришга етади? Келажак авлод ҳам янги "гулноралар"га хизмат қилиши керакми ёки йўқми? Шу савол ўртада туриши лозим. Жараён Гулнора Каримова билан тугади дейишнинг ўзи хато”.

Гулнора Каримовани сўроққа олиш пайтидаги олинган расм. 2014 йил.

Яширин активлар бўлиши мумкинми?

Гулнора Каримова 2020 йилда Тошкент шаҳар суди томонидан 13 йилу 4 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2024 йил охирида уни Тошкентдаги аёллар қамоқхонасидан манзил колонияга ўтказилиши эса жамоатчиликда янги саволлар уйғотган. Гулнора Каримованинг яширин мулклари ёки капиталлари ҳали ҳам халқаро молиявий тизимда сақланиб қолган бўлиши мумкинми? Таҳлилчи Кристиан Ласслетнинг фикрича, бу эҳтимолдан ҳоли эмас.

“Ҳозирга қадар фақат телекоммуникация соҳасидаги порахўрлик схемаси билан боғлиқ активлар мусодара қилинган. Бироқ мен кўрган Швейцариядаги тергов ҳужжатларида Гулнора Каримова фойдасига Zeromax компанияси тўловлар амалга оширилгани қайд этилган. Zeromax аввал нефть-газ секторида катта даромад қилган, кейинчалик эса тугатилган оффшор компания эди. Суд фақат етарли далилларга асосланиб активларни мусодара қилиши мумкин. Агар судга бундай далиллар тақдим этилмаса, фуқаролик ёки жиноий жараёнлар орқали активларни қайтаришнинг иложи йўқ. Менимча, катта эҳтимол билан бу активларнинг бир қисми аллақачон учинчи шахслар томонидан олиб қўйилган. Улар зарурий ҳужжатларга эга бўлиш орқали оффшор маблағларга кириш имкониятини қўлга киритган бўлиши мумкин”.

Алишер Илҳомов эса президент атрофидагиларнинг жавобгарлигига эътибор қаратди.

“Ҳозиргача коррупция Ўзбекистонда тизимли муаммо бўлиб қолмоқда. Асосий масала – қонун устуворлигининг йўқлиги, судларнинг ҳали ҳам президент ҳокимиятининг тўғридан-тўғри назорати остида эканлиги ва энг муҳим масалалар бўйича қарорлар юқоридан туширилаётганидир. Марказий ҳокимият, президентга яқин шахслар, шу жумладан, президентнинг ўзи ва унинг атрофидагилар амалда қонун олдида жавобгар эмас”.

Гулнора Каримова иши – фақат яқин ўтмишга оид можаро эмас. У ҳанузгача халқаро молиявий тизим, Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши сиёсати ва давлат маблағларининг шаффоф сарфланиши борасидаги катта синов бўлиб қолмоқда.