“Ўзтeмирйўлконтeйнeр” АЖ томонидан Ҳиндистондан Қозоғистонга биринчи контeйнeр поезди ҳаракати амалга оширилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ матбуот хизмати маълум қилди.
12 та контейнердан иборат биринчи поезд Мундра (Ҳиндистон) портидан Сороковая (Қозоғистон) станциясига жўнаб кетган. Юклар Эрон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудуди бўйлаб, денгиз (1585 км) ва темирйўл (4300 км) орқали манзилга етказилади.
Мавзуга алоқадор Минтақани Хитой билан боғловчи темирйўл қурилиши бошланмоқдаЛойиҳа “Ўзтемирйўлконтейнер” АЖ, “TULM” ОАЖ (Туркманистон транспорт-логистика маркази) ва “Кедентранссервис” ОАЖ (Қозоғистон логистика терминаллари оператори) ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Аввалроқ Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида (Мундра–Сирғали йўналишида) контейнер ташиш амалга оширилган эди. Янги қатнов Ҳиндистон–Ўзбекистон халқаро транспорт йўлаги Қозоғистонгача узайтирилганидан далолат беради.
“Ўзтемирйўлконтейнер” бошқаруви раиси Мирзиёд Мирҳамидов ҳам компания эндиликда Ҳиндистон–Марказий Осиё мультимодал йўлаги бўйлаб контейнер поездларини мунтазам жўнатишини билдирган.
Сўнгги вақтларда минтақа давлатлари темир йўл орқали юк ташиш имкониятларини оширишга ҳаракат қилмоқда.
Озодлик аввал хабар берганидек, 2024 йил 27 декабрь куни Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилишига старт берилди.
486 километрлик янги йўлак Евросиё қитъалараро кўпригининг жанубий тармоғига айланиши ва Жанубий-Шарқий, Ғарбий Осиё ҳамда Яқин Шарқ мамлакатлари, шу жумладан, Туркия, кейин эса Европа Иттифоқи бозорларига олиб чиқиши кутилмоқда.
Расмий Тошкентга кўра, жорий йилда Термиз–Мозори Шариф–Кобул–Пешовар трансафғон темир йўли қурилиши ҳам бошланади.