"Тозалашнинг давоми". Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов лавозимидан олинди

Пўлат Бобожонов қийноқлар билан боғлиқ вазиятни яхшлай олмагани учун танқид қилинган.

3 март куни президент Шавкат Мирзиёев Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновни ишдан олди.

Аммо президент матбуот хизмати хабарида Азиз Тошпўлатовни Ўзбекистон Ички ишлар вазири этиб тайинлаш ҳақидаги фармон келтирилган, холос. Бобожоновни лавозимдан озод қилиш ҳақидаги фармон матни ҳозирча ҳеч қаерда эълон қилингани йўқ.

ИИВ раҳбариятидаги истеъфо ва тайинлов сабаби ҳақида ҳам расмий маълумот йўқ.

Хабарда айтилишича, Азиз Тошпўлатов номзоди олдинроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Тошпўлатов бунга қадар ИИВ вазири ўринбосари ҳам бўлган.

2017 йилдан буён Ички ишлар вазири лавозимини эгаллаб келган Пўлат Бобожоновнинг кейинги тақдири ҳақида расмий маълумот йўқ. Озодлик манбалари унинг Президент администрациясига ўтказилганини айтмоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Алламжоновга суиқасд: ДХХ раиси ишдан олинди, “терговга тўсқинликлар”

"Тозалаш"лар

Ўтган йил ноябрида Ички ишлар вазирлиги ва Тошкент шаҳри ИИББнинг қатор юқори лавозимли ва тезкор ходимлари ишдан бўшатилганди.

Озодлик манбалари бу истеъфолар президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасдга боғлиқ эканини айтишган.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Ҳарбий суди суиқасд иши доирасида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг собиқ ўринбосари Дониёр Ташходжаевни 7 йил қамоқ жазосига маҳкум қилган.

Яна 9 киши 18,5 йилдан 13 йилгача озодликдан маҳрум қилинган. Улар орасида президент давлат хавфсизлик хизмати ва ИИВнинг собиқ юқори мартабали мулозим ва тезкор ходимлари бор.

Ўзбекистон Олий суди ёпиқ ўтган маҳкама тафсилотлари ҳамда суиқасд мотивларини очиқламаган.

Озодлик ихтиёрида Пўлат Бобожоновнинг истеъфосини Алламжоновга суиқасд билан боғловчи маълумот йўқ, аммо ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбалари буни айнан суиқасддан куч тизимларида бошланган "тозалаш"нинг давоми демоқда.

Уларнинг тахминича, бошқа куч тузилмалари, шунингдек, Олий судда ҳам ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.

Суиқасд ортидан ДХХ раиси Абдусалом Азизов, шунингдек, ДХХ Ўз Хавфсизлиги бошқармаси раҳбари ва ходимлари ишдан бўшатилганди.

Бу истеъфоларнинг биронтаси расман ўтган йил 26 октябрида Қибрайда содир этилган суиқасдга боғланмаган.

Прокуратурадан чиққан ва Каримов бошқаруви даврида бир муддат Хоразм вилояти ҳокими лавозимида ишлаган 65 яшар Пўлат Бобожоновнинг ИИВга раҳбарлиги даврида тизим қийноқлар билан боғлиқ можаролар марказида бўлди.

Ҳуқуқ фаоллари Ички ишлар тўғрисида узоқ кутилган қонун қабул қилинганидан кўп ўтмай вазир лавозимига тайинланган Бобожоновни қийноқлар билан боғлиқ вазиятни ўзгартира олмагани учун танқид қилишган.

Биргина жорий йил февраль ойида иккита шундай ҳодиса қайд этилган. Жумладан, Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган 7-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаган маҳкум Мустафа Турсинбаев девор босиб қолиши оқибатида вафот этган.

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги 14-сонли колониядан эса 21 яшар маҳкум Муҳаммадқодир Пўлатовнинг жасади чиққан.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

ИИВ ўз ходимлари маҳбусни қийнаб ўлдирганини рад этди, Бош прокуратура иш очди

Шунингдек, фаоллар тизимда Каримов давридаги қийноқлар учун масъул кўрилган собиқ Ички ишлар вазири, ҳозирда вазир маслаҳатчиси лавозимини эгаллаган генерал Зокир Алматовнинг таъсири сақланиб қолаётганини айтишади.

ИИБдаги қатор шубҳали ўлим ҳодисалари ортидан Ўзбекистондаги жамоат фаоллари Пўлат Бобожоновнинг истеъфосини талаб қилишганди. Вазирнинг ўзи бу каби чақириқлар ва фаолларнинг танқидларига ҳеч қачон расмий муносабат билдирмаган. У маҳаллий журналист ва блогерларнинг матбуот билан очиқ мулоқот қилиш ҳақидаги чақириқларини ҳам жавобсиз қолдирган.

Бобожоновнинг истеъфосига муносабат билдирган журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ИИВ раҳбариятдаги ўзгариш тизимда бирон ўзгаришга олиб келиши мумкинлигини савол остига олди.

"Эски вазирга эътирозлар керагидан ортиқ эди (масалан, ҳибсхоналардаги ҳар бир ўлимнинг ўзи қайта ва қайта истеъфога арзирди). Шунинг учун бугунги истеъфо йиғилиб қолган эътирозларнинг сабр тоғорасидан тошиб чиққани оқибати эмас (зотан, аллақачон тошқин бошланиб бўлганди), балки 23–24-ноябрдаги тозалаш тадбирининг чала қолган қисми бўлса керак. Шундай экан, ички ишлар органларининг оғир карвони ўз йўлида, ҳеч бир ўзгаришсиз туб томон ҳаракат қилишда давом этаверади, деб тахмин қилиш мумкин", деб ёзди журналист ўзининг Телеграм-каналида.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

"Худо урган". ИИВ фуқарони уриб ўлдиргани иддао қилинган ходимларни ҳимоя қилмоқда