Журналистлар Сурияда 543 нафар россиялик ҳалок бўлганини аниқлашди

Иллюстратив сурат

Сурияда 2015 йилдан буён камида 543 нафар россиялик ҳарбий, махсус хизматлар ходими ва “Вагнер” ХҲШ ёлланмаси ҳалок бўлган. Очиқ манбалар бўйича қилинган ҳисоб-китобни Би-би-си келтирган. Бу маълумотни тўлиқ деб бўлмайди — кўп жойларда талафотлар яширилган.

Ҳалок бўлганлар орасида “Альфа” гуруҳи дохил махсус топшириқ бажарувчи сара отряд, махсус амалиёт кучлари, Разведка бош бошқармаси ва Ҳаво-десант қўшинлари бўлинмаларининг зобит ва сафдорлари бор. Бу мамлакатда камида 20 нафар ҳарбий учувчи ва штурман ўлган, мақтулларнинг 346 нафари “Вагнер”да хизмат қилган.

Россия Сурияда 116 нафар ҳарбийсининг ўлимини расман тан олган. Бунга оид сўнгги баёнот Мудофаа вазирлиги томонидан 2019 йил баҳорида берилган. Ўшандан буён ўлганлар сони ошган.

Россия манбалари сўнгги бор махсус топшириқлар бажарувчи отряд ходимларининг Суриядаги жангларда ўлгани ҳақида ноябрь ойи охирида хабар қилишган, бу аксилҳукумат кучларининг Москва томонидан дастакланган Башар Асад режими назорати остида бўлган мавқеларга шиддатли ҳужуми бошланишига тўғри келади.