Кадастр агентлиги “хитойликларга ер берилаётгани”ни рад этди

Расм иллюстрация учун қўлланилди.

Ўзбекистоннинг Кадастр агентлиги Тошкент ерларини хитойликлар оммавий равишда хусусийлаштириб олаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида Хитой фуқаролари кўпайиб кетгани, "пойтахт ерлари хитойлик ишбилармонларга бериб юборилаётгани" ҳақида хабарлар тарқалганди.

Агентлик қонунчиликка мувофиқ чет элликлар ва юридик шахслар, фуқаролиги бўлмаганлар, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ер участкаларига фақат ижара ҳуқуқи асосида эга бўлиши мумкинлигини эслатган.

“Ижарага берилган ерни хусусийлаштириб олишади, дея ваҳимага тушишга ўрин йўқ, чунки чет элликларга ер хусусийлаштириб берилмайди”, дейилади хабарномада.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўзбек олтин конлари сувтекинга сотилмоқдами?

Айни пайтда жамоат фаоллари мураккаблашиб бораётган глобал реалликлар шароитида амалдаги мезонлар етарли эмаслиги, чет эл фуқароларининг ер участкаларига ижара ҳуқуқини кескин чекловчи қоидалар киритиш лозимлигини айтмоқда.

Хитой Халқ Республикаси ташқи савдо айланмаси бўйича Ўзбекистоннинг энг фаол ҳамкорига айланган.

Пекин Ўзбекистонда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар бўйича ҳам биринчи ўринда туради.

Аввалроқ Озодлик суҳбатлашган экспертлар Хитой иқтисодий таъсири ошишининг салбий оқибатларидан огоҳлантириб, Пекин билан муносабатда мувозанатли ёндашув зарурлигини таъкидлашганди.