Ўзбекистон 2030 йилгача Transparency International халқаро ташкилоти томонидан эълон қилинадиган Коррупцияни қабул қилиш индексида камида 50 поғонага кўтарилишга эришмоқчи. Бу “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган 5 та йўналиш бўйича қўйилган юзта мақсаддан бири.
Стратегияда қайд этилишича, бу мақсадга эришиш учун коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш муҳим мақсадлардан бири этиб белгиланди.
Шунингдек, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатларини 2 баробарга камайтиришга эришиш, давлат харидларини тўғридан тўғри шартнома тузиш орқали амалга оширишда маблағларнинг талон-торож қилиш ҳолатлари, товар ва хизматларнинг нархи бозор қийматидан ошиб кетишининг олдини олиш бўйича жамоатчилик назоратини тўлақонли жорий қилиш назарда тутилган.
Бундан ташқари 100 фоиз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг “коррупциядан холи қонунчилик” тамойили асосида ишлаб чиқилишини таъминлаш ҳам режалаштирилган.
Бундан аввал Озодлик радиоси Ўзбекистондаги коррупция кўлами тўғрисидаги суриштирувларни эълон қилган эди. Жумладан, икки ой олдин Озодлик сайтида ва Youtube каналида эълон қилинган “Мирзиёев кластерига айланаётган Ўзбекистон” сарлавҳали суриштирувни шу кунгача деярли 5 миллион киши томоша қилган. Бу ва бошқа суриштирувларда Ўзбекистондаги энг катта коррупциявий схемалар Мирзиёевлар оиласи томонидан амалга оширилаётгани айтилади.
Ўзбекистон ҳукумати Озодликнинг бу суриштирувлари юзасидан расмий муносабат билдирган эмас.