Transparency International ташкилоти 2024 йилда жаҳон давлатларидаги коррупция даражаси бўйича ҳисобот (Corruption Perception Index) эълон қилди.
Ўзбекистон мазкур рейтингда Ангола, Эквадор, Кения, Шри-Ланка, Того каби давлатлар қаторида 32 балл тўплаб, 180 та давлат орасида 121-ўринни эгаллади.
Халқаро ташкилот 100 балли индекс бўйича (0 – коррупция даражаси ўта юқори, 100 – ўта паст) 180 та давлатдаги ҳолатни баҳолаган.
Постсовет давлатлардан Грузия (53 балл), Арманистон (47 балл), Қозоғистон (40 балл) энг яхши натижани, Қирғизистон (25), Россия (22), Озарбайжон (22), Тожикистон (19) ва Туркманистон (17) эса энг ёмон натижани қайд этган.
Transparency International йиллик ҳисобот бўйича шарҳда турли мамлакатларда демократик институтлар ва қонун устуворлигининг заифлашиши коррупциянинг гуллаб-яшнаши учун қулай муҳит яратаётганига эътибор қаратган.
Рейтингда Дания (90 балл) ва Финляндия (88 балл) етакчилик қилган бўлса, Венесуэла (10 балл), Сомали (9) ва Жанубий Судан (8) аутсайдерлар сафидан ўрин олган.
Ўзбекистон Transparency International’нинг ўтган йилги ҳисоботида ҳам 180 давлат орасида 121-ўринга қўйилганди.
Расмий Тошкент 2030 йилгача Transparency International томонидан эълон қилинадиган коррупция индексида камида 50 поғонага кўтарилиш режасини белгилаган. Бу “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида 5 та йўналиш бўйича қўйилган юзта мақсаддан биридир.