Uzbekistan Airways авиаширкати 20 январдан бошлаб Европа мамлакатларига парвоз йўналишларини ўзгартирган.
Компания бошқаруви раиси Шуҳрат Худойқуловнинг 28 январь кунги матбуот анжуманида маълум қилишича, эндиликда Европа мамлакатларига парвозлар Россия ва Беларусь ҳудудини айланиб ўтган ҳолда, Озарбайжон ва Туркия орқали амалга оширилмоқда.
“Табиийки, бу рейсни бир томонга 30-40 дақиқага узайтиради ва компания учун қўшимча харажатларни келтириб чиқаради. Шунга қарамай, биз тарифларни оширмадик, чунки бу форс-мажор ҳолати ва йўловчи бунинг учун жавобгар бўлмаслиги керак”, дея иқтибос келтирган Uzbekistan Airways раҳбари сўзларидан Gazeta.uz нашри.
Мулозимга кўра, қарор Европа авиация хавфсизлиги агентлигининг (EASA) Россиянинг Европа ҳудуди устидаги парвозларнинг хавфсиз эмаслиги тўғрисидаги ҳисоботи асосида қабул қилинган.
Авиаширкатнинг парвозларни бошқариш маркази доимий равишда ҳаво бўшлиғидаги вазиятни таҳлил қиляпти.
Uzbekistan Airways раҳбари таъкидича, ҳозирда Украина ҳудуди ва Россиянинг Европа қисми, Осиё йўналишида эса айрим тоғли ҳудудлар, шу жумладан, об-ҳаво шароити туфайли хавфли ҳудудлар ҳисобланмоқда.
“Авиакомпаниянинг барча йўналишларида, барча ташувчилардаги каби муқобил ёки захира йўналишлар мавжуд”, деган ширкати раҳбари.
Uzbekistan Airways авиаширкатининг Россия ва Беларусь ҳудудини айланиб ўтишга доир қарори Azerbaijan Airlines учоғи Қозоғистонда ҳалокатга учрагани ортидан хорижий авиаширкатлар хавфсизлик чораларини кучайтираётган паллага тўғри келди.
Бокудаги манбалар самолёт Россия ҳаводан мудофаа тизими фаолияти оқибатида қулаганини маълум қилишган эди.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг Qanot Sharq авиаширкати жорий йил 20 январидан 6 мартигача бўлган муддатда А320 самолётларида амалга ошириладиган бир қатор рейсларни бекор қилганди. Техник кўрик сабаб бекор қилингани айтилган парвозлар рўйхатида Россиянинг Москва, Санкт-Петербург шаҳарларига рейсларни ҳам кўриш мумкин.