Ўзбекистонда амалдорлар хориж автомобилидан воз кечмоқда — ОАВ

Chevrolet Malibu автомобили

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Mercedes-Benz хизмат автомобилидан воз кечиб, Malibu автомобилида юрибди.

Gazeta.uz нашрининг бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовдан олинган маълумотга таянган ҳолда ёзишича, Арипов жорий йил 7 март куни видеоселектор йиғилиши ўтказиб, барча амалдорларга хорижий хизмат машиналаридан фойдаланишни тўхтатишни топширган.

Президент Шавкат Мирзиёев Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг 5 март куни бўлиб ўтган йиғилишида давлат амалдорлари миллий автомобилга ўтиши зарурлигини айтган эди.

Менга буни 20 мартдан ёки 1 апрелдан жорий қилайлик, деб таклиф беришяпти. Йўқ, унақаси кетмайди. Президентимиз топшириқ бердими, зудлик билан бажаришимиз шарт. Бу ҳукуматнинг асосий вазифаси”, деган бош вазир видеоселекторда.

Ҳукумат таркибидаги барча вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари хизмат автомобили сифатида маҳаллий автотранспортлардан фойдаланишга ўтган.

Жумладан, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ва Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов Chevrolet Tahoe, бош вазир ўринбосарлари Malibu, вилоят ҳокимлари эса Tahoe ёки Traverse автоуловларидан фойдаланаётгани айтилмоқда.

Шу кунгача фойдаланиб келинган хорижий автотранспорт воситалари электрон савдо платформаси орқали сотувга чиқарилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий муаммолар кузатилаётган вазиятда давлат мулозимларининг қимматабаҳо хизмат машиналарида юриши кўпдан буён жамоатчиликда эътироз уйғотиб келади.

Озодлик аввалроқ бюджет тақчиллиги манзарасида айрим ҳокимлик, вазирлик ва идораларнинг қимматбаҳо автомобиллар харид қилиш учун миллионлаб маблағлар сарфлаётганига эътибор қаратган эди.