Ботир Қудратхўжаев Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири лавозимига тайинланган. Шу муносабат билан у Бош прокурор ўринбосари – ҳарбий прокурор лавозимидан озод этилган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, илгарироқ Ботир Қудратхўжаев номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган.
ФВВ матбуот хизмати қайдича, президент фармонига мувофиқ, Қудратхўжаевга генерал-майор ҳарбий унвони ҳам берилган.
Ботир Қудратхўжаев кўп йиллардан буён прокуратура тизимида ишлаб келган. Жумладан, 2014-2016 йилларда Сурхондарё вилояти прокурори, 2016-2017 йилларда Тошкент шаҳри прокурори, 2017-2020 йилларда БП ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори, 2020-2022 йилларда Хоразм вилояти прокурори лавозимида фаолият юритган. 2022 йил ноябрида эса Бош прокурор ўринбосари – ҳарбий прокурор лавозимига тайинланганди.
2022 йил мартидан буён фавқулодда вазиятлар вазири сифатида ишлаб келган Абдулла Қўлдошевнинг нима сабабдан ишдан кетгани ва қандай вазифага тайинлангани ҳақила ҳозирча маълумот йўқ.