Ўзбекистонда ҳайдовчилар томонидан транспорт воситаларини агрессив бошқариш, дрифт, шахмат шаклида ҳаракатланиш каби йўл безориликлари учун жавобгарлик жорий этилмоқда. Мамлакат президенти 20 февраль куни имзолаган ва 21 февралдан кучга кирган қонунда ана шу талаб илгари сурилган.
Ҳужжатга мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 128−10-модда (йўл безорилиги) билан тўлдирилган.
Қонун ҳужжатида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатига қасддан тўсқинлик қилиши, транспорт воситасини сабабсиз сирпантириш (дрифт), ўз йўналишида ҳаракатланиш бўлагини сабабсиз кескин равишда уч ва ундан ортиқ марта узлуксиз ўзгартириш ёки йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланишига таҳдид солувчи бошқа хатти-ҳаракатлар йўл безорилиги деб баҳоланган.
Мазкур ҳуқуқбузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 25 баравари (9 миллион 375 минг сўм) миқдорида жарима солиш ёки 1 йилдан 2 йилгача муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган.
Ушбу ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс томонидан содир этилса, БҲМнинг 50 баравари (18 миллион 750 минг сўм) миқдорида жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа сабаб бўлади.
Озодлик аввалроқ Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида икки йигит дрифт қилишга уриниш оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилган эди.