Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари ичида Хитой ҳамон пешқадам

Иллюстратив сурат

Ташқи савдо айланмаси бўйича 2025 йилнинг илк ойида Ўзбекистоннинг энг фаол ҳамкори Хитой Халқ Республикаси бўлган.

Статистика агентлиги қайдича, январь ойида ташқи савдо айланмасининг 22,1 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади. Иккинчи ўринда 17,7 фоизлик улуш билан Россия бормоқда.

Умуман олганда, ўтган ойда Ўзбекистон жаҳоннинг 154 та мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб, ташқи савдо айланмаси ҳажмини 4,5 миллиард АҚШ долларига етказган, бу эса 2024 йил шу даврига нисбатан 7,5 фоизга (297,2 миллион АҚШ доллари) кўпдир. Бунинг 3,2 миллиард доллари импорт, 1,3 миллиард доллари эса экспорт ҳиссасига тўғри келади.

Хитой 2023 йил якунларига кўра ташқи савдо айланмаси бўйича Ўзбекистон асосий савдо ҳамкорларининг барчасини ортда қолдириб, биринчи ўринга чиқиб олган эди.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий давлатлар капитали иштирокидаги корхоналар сони бўйича 2024 йилда Хитой Россияни ортда қолдиргани ҳақида хабар қилган.