Покистонда жангарилар йўловчи поездини ўққа тутди ва юзлаб одамни гаровга олди

Иллюстратив сурат

Покистон жануби-ғарбидаги Белужистон вилоятида жангарилар ичида юзлаб йўловчи бўлган поездни ўққа тутишган. Бу ҳақда DW (“Немис тўлқини”) ва Би-Би-Си хабар қилди.

Поезд Кветта шаҳридан мамлакат шимолидаги Пешаворга кетаётган бўлиб, унда 400 га яқин йўловчи бўлган. Жангарилар темир йўлни портлатиб, поездни мобил ва интернет алоқаси бўлмаган Бўлан деган кимсасиз жойда тўхтатишган.

Ҳужум учун масъулиятни минтақадаги йирик бўлгинчи гуруҳлардан бири бўлмиш “Белужистонни озод қилиш армияси” (БОҚА) ўз зиммасига олган. Мазкур гуруҳ АҚШда террор ташкилотлари рўйхатига киритилган.

БОҚА вакиллари поезд йўловчилари гаровга олинганини билдиришган.

Кветтадаги темир йўл ширкати вакили AFP агентлигига жангарилар 450 дан зиёд одамни гаровга олганини билдирган. Times of Indiа нашри кейинроқ жангарилар аёллар ва болаларни қўйиб юборишгани, гаровда фақат ҳарбийлар қолгани ҳақида хабар қилган.

Покистон полицияси ўз тасарруфидаги маълумотларга асосланган ҳолда, ҳужум оқибатида поезд машинисти дохил уч киши жабрланганини маълум қилди. Ҳодиса содир бўлган жойга хавфсизлик кучлари йўлланган.

Покистон раҳбари Муҳсин Нақвий поездга ҳужумни қоралаган. У расмийлар ҳеч қанақа айби бўлмаган йўловчиларни ўққа тутганларга ён бермаслигини билдирган.