Қирғиз-тожик чегарасида икки ўтказиш пункти очилди

Қирғизистоннинг Боткен ва Тожикистоннинг Сўғд вилоятлари ўртасида 13 март куни иккита назорат-ўтказиш пункти очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда онлайн режмида Қирғизистон ва Тожикистон президентлари Садир Жапаров ва Эмомали Раҳмон иштирок этганлар.

Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, тадбир олдидан икки президент Бишкекда учрашув ўтказишган. Тожикистон президенти 12 март куни давлат ташрифи билан Қирғизистонга боргани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Пайшанба кунги учрашув натижаларига кўра Садир Жапаров ва Эмомали Раҳмон кўп йиллик баҳс-мунозарага нуқта қўйиб, чегара тўғрисидаги битимни имзолашган.

Қирғизистон билан Тожикистон чегарасидаги ўтказиш пунктлари 2021 йил майида – қуролли можаро ортидан ёпиб қўйилганди.

Икки мамлакат чегарасида жами бешта назорат-ўтказиш маскани мавжуд бўлиб улар “Қулунду//Овчи-Қалъача”, “Қизилбел//Гулистон”, “Қайрағоч//Маданият”, “Қарамиқ” ва “Бўрдўбў//Қизил-Арт” НЎПларидир.

2024 йилнинг декабрь ойи бошида Қирғизистон билан Тожикистон умумий чегарани белгилаш ишини бутунлай якунлагани маълум бўлганди. Февраль ойи охирида Бишкекда томонлар баённома имзолашиб, фақат умумий чегараларгагина эмас, балки автомобиль йўлларидан фойдаланиш ҳамда сув ва энергетика объектларидан истифода этишга дахлдор шартнома лойиҳаларини ҳам ўзаро тасдиқлашган эди. 27 февраль куни Қирғизистон парламенти ҳам чегара бўйича шартномани қўллаб овоз берган.