Қирғизистон Қишлоқ хўжалигги вазирлиги Ветеринария хизмати жорий йилнинг 31 январидаги буйруққа мувофиқ равишда мол-қўй ва отлар экспорти вақтинча тўхтатилгани ҳақида маълум қилди.
Мазкур қарор нима сабабдан қабул қилингани очиқланмаган, бироқ куни кеча Қирғизистон ҳукуматида “мамлакатда озиқ-овқат нархлари билан боғлиқ масалалар юзасидан” мажлис бўлиб ўтган эди.
Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, сув захиралари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири Бақит Торобаев “ҳозирги пайтда мамлакатда озиқ-овқат захиралари етарли даражада” эканини билдирган.
“Шунга қарамай, у озиқ-овқат нархларини асоссиз ошираётганларга нисбатан кескин чоралари кўрилишидан огоҳлантирди. Озиқ-овқат нархлари устидан пухта назоратни амалга ошириш вазифаси Иқтисодиёт ва тижорат вазирлиги, Аксилмонополия бошқаруви хизмати, президентнинг вилоятлардаги мухтор вакиллари, маҳаллий давлат маъмуриятлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш идораларига топширилди”, дея урғулаган Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати.
Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига мувофиқ, ўтган йили январь ойидан ноябрь ойигача Қирғизистон 217 минг бош қўй-эчки ва 122,5 минг бош қорамол экспорт қилган ва уларнинг ҳаммаси Ўзбекистонга сотилган.
Сўнгги марта шу каби тақиқ 2024 йил сентябрида Қирғизистонда гўшт нархи ошиши манзарасида жорий этилган эди.