Жорий йилнинг 11 июль куни Қозоғистон суди 2022 йилнинг январь ойида Олмаота халқаро аэропортини эгаллаб олишга оид иш юзасидан ўз ҳукмини эълон қилди.
Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, суд мазкур иш юзасидан айбланган журналист Айгерим Тлеужанни 4 йилга, фаоллар Калас Нурпеисов, Нурлан Далибаев, Ермухамет Шилибаев ва Жанайдар Карменовни 8 йилданга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.
Судланувчилар ва уларнинг адвокатлари ҳукмдан норози эканларини билдиришиб, ҳукм юзасидан шикоят аризаси киритажакларини билдирганлар. Адвокатларга кўра, иш судга кўплаб процессуал ҳуқуқбузарликлар билан ўтказиб берилган.
“Ҳеч қанақа “Янги Қозоғистон” йўқ. Уларнинг қилаётгани адолатдан эмас. Аммо мени неча йилга қамасалар ҳам, аввал айтганимдек, бошимни эгмайман, тиз чўкмайман! Бу ерда 20 минг террорчи ҳақида баёнот берган Тоқаев (Қозоғистон президенти – таҳр.) ва ёлғон маълумот тарқатган [Берик] Асилов (Қозоғистон бош прокурори – таҳр.) судланиши лозим эди”, деган Айгерим Тлеужан суд ҳукми ўқилганидан кейин.
Суд мажлиси бошланишидан олдин маҳкама залида бўлган судланувчиларнинг тарафдорлари «Бостандиқ!» (“Озодлик!”) ва “әділ сот” (“одил судлов”) дея қичқиришган.
2022 йил январида Олмаота аэропортини эгаллаб олишга оид иш ўтган йилнинг март ойида бошланган эди. Тергов тахминига кўра, Айгерим Тлеужанова ва Калас Нурпеисов январь воқеалари чоғида аэропорт ҳудудида “оммавий тартибсизликлар ташкилотчиси” ўлароқ ҳаракат қилишган ва гўё оломонни тартибсизликка ундашган. Терговчилар иддаосича, айбланувчилар ҳаво кемалари ҳаракатини тўсиб қўйишга уринишган. Судланувчилар бу айбловларни рад этишган.