Марказий Осиё мамлакатларида Рамазон рўзасини тутувчилар сони тобора ортмоқда. Гавжум мачитлар ва кундузи ҳувиллаб қолаётган кафе-ресторанлар буни тасдиқлайди. Аммо тадбиркорлар Рамазонда қандай бизнес юритишни аллақачон ўрганиб олганлар: мусулмонларнинг муқаддас ойида умумий овқатланиш хизматлари, таом хиллари рўзадорларнинг талабларига мослаштирилади. Озодликнинг "Озодлик-Осиё" лойиҳаси бу мослашув қандай кечаётгани билан қизиқди.
Рамазон-сет, комбо ва совғалар
Рамазон ойида маҳсулот етказиб берувчиларнинг асосий эътибори рўзадорларнинг саҳарлик ва ифторлик дастурхонига қаратилади. Тадбиркорлар катта шаҳарларнинг вақти зиқ аҳолиси учун тайёр таом тўпламлари – 2-15 кишилик сетлар ва комболар таклиф қилишмоқда. Ҳатто вегетарианларга мўлжалланган овқатлар ҳам бор ва булар бари етказиб берилади.
Бишкекдаги бир ресторан янада илғорроқ бўлишга интилиб, саҳарликда хўрандаларга швед столи таклиф қилмоқда: 750 сом (8,6 доллар) тўлаган одам соат 01:30 дан оғиз ёпиладиган маҳалгача столдан истаганича овқат олиб ейиши мумкин. Қолаверса, ушбу муассаса рўзадорлар эҳтиёжига қараб илк бор жадвалини ўзгартириб, 18:00 дан 06:00 гача ишлашга ўтган.
“Одатий иш жадвалимизга Рамазондан кейин қайтамиз. Мусиқали оқшомлар ҳам қайтади. Уларни рамазон муносабати билан тўхтатиб турибмиз”, дейди ресторан бошқарувчиси Бактибек Қиличбек улу “Озодлик-Осиё” билан суҳбатда.
Ресторан мижозларга бир неча таомдан иборат стандарт ифторлик тўпламларини ҳам таклиф қилади, уларнинг нархи киши бошига 1800 сом (20 доллар).
Онлайн дўконлар Рамазонни уйда, оиласи билан ўтказадиганлар учун тематик безаклар – “Рамазон/Рамадан” ёзувли пуфаклар ва пуфак ҳарфлар, чироқлар, анвойи идиш-оёқ ҳамда дастурхон зийнатларини таклиф қилмоқда.
Тадбиркорлар Рамазонда биноларни безашнинг турли усулларини таклиф қилишади.
4 йилдан бери уйлар ва офисларни безатиш билан шуғулланувчи бишкеклик Гулнора Рамазон олдидан унинг маҳсулотларига талаб ортишини айтади.
“Мижозларим асосан уй бекалари ва дўкондорлар. Энг кўп “Рамадан мубарак” ёзувини ҳамда ярим ой, юлдузлар, арабий ёзувлар билан безатилган чироқларни харид қилишади. Аксар харидорлар келгуси йил ҳам келиб, доимий мижоз бўлиб қолишяпти”, дейди тадбиркор аёл.
Гулнора баъзан одамларнинг кўнглидан чиқишга ҳар доим ҳам муваффақ бўлмаслигини тан олади.
“Ўтган йили “Айт маарек болсун” (“Ҳайит муборак бўлсин”) деган табрик сўзни ҳосил қиладиган байроқчалар ва ҳарфлар буюртма қилгандим, лекин улар мижозларимга ёқмади. Одамлар кўпроқ “Рамадан мубарак” ёзувини маъқул кўришади”, дейди Гулнора бизнесининг “паст-баланди” ҳақида гапираркан.
Аёл Бишкекда ҳар йили бир неча марта ўтказиладиган мусулмон ярмаркаси – Halal bazaar’га боришни канда қилмайди. У ерда LED-дисплей ва вибрацияли электрон тасбеҳлар, 5 тилда (қирғиз, қозоқ, ўзбек, тожик ва рус) гапирувчи овозли ўргатувчиси бор интерактив жойнамозлар ва бошқа антиқа буюмларни арзон нархларда сотиб олиш мумкин.
Рамазон совғалари.
Онлайн-эҳсонлар ва арабча сўзлардан воз кечиш
Рамазон фақат рўза тутиш эмас, балки яхшилик ва савоб ойи ҳамдир. Бишкекдаги бир ширкат кечки тирбандликларда қолиб кетиб, ифторликка улгурмаган рўзадорларга ғамхўрлик қилишни одат қилибди.
“Директоримиз 16 йилдан бери рўза тутади, у ғоямизни маъқуллади, шундан сўнг биз Рамазон тугагунча ҳар оқшом пойтахтнинг катта чорраҳаларига чиқиб, барча хоҳловчиларга сув ва қадоқланган бир неча хурмо улашишга қарор қилдик”, дейди ташкилотнинг HR-менежери Наталя Амшарюк. Унинг айтишича, йўловчи ва ҳайдовчилар ушбу акциядан жуда хурсанд бўлишибди.
Минтақа мамлакатларида тадбиркорликнинг бошқа турлари ҳам Рамазонга мослаштирилади. Масалан, аксар мобил алоқа операторлари ва финтех-ширкатлар ўз иловаларига ҳудудлар бўйича саҳарлик ва ифторлик вақтидаги фарқларни кўрсатган ҳолда Рамазон тақвимларини жойлаштиришади. Шунингдек, иловадан дуолар матнини ҳам топиш мумкин, сўнгги йилларда эса онлайн тартибда – зарур тугмани босиш орқали эҳсон қилиш имконияти пайдо бўлди.
Рамазон киришидан олдинроқ Қирғизистон мусулмонлари диний идораси энди закот ва фитрни QR-код орқали ўтказиш мумкинлигини маълум қилди. Қозоғистон мусулмонлари диний идораси эса Qurban номли махсус сайтни ишга туширди: унда қурбонлик учун жонзотни онлайн танлаш, ҳақини тўлаб сотиб олиш ва сўйдириб, манзилга етказишга буюртма бериш имконияти яратилган.
Тўғри, кўпчилик Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишни одат қилгани сабабли аризалар қабул қилиш ҳозирда тўхтатилган, аммо муҳтожларга бепул гўшт етказиб бериш учун сўровлар қабул қилиш давом этяпти: бунинг учун талабгор СТИР, исм-фамилияси ва телефон рақамини, шунингдек яшаш манзили ва ижтимоий мақомини (масалан, кўп болали оила, ногиронлиги бор шахс, ёлғиз она ёки ота ва ҳкз.) кўрсатиши лозим.
Рамазон кириши арафасида Қозоғистон бош муфтийси Науризбой ҳожи Таганули тадбиркорларни ижтимоий муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархини туширишга даъват қилди. Хусусан, у муайян маҳсулотларга чегирма жорий қилиш, жума кунлари муҳтожларга бепул нон улашиш каби хайрли ишларни эслатди. Бундан ташқари, бош муфтий ватандошларини диний атамаларни она тилида қўллашга, масалан, ифторни “ауизашар”, саҳарликни эса “сәресі” деб қўллашга чақирди.
Рамазон дастурхони яқинлар ва маҳалладошларнинг бир даврада тўпланиши учун фурсат ҳамдир.
Дин ишлари бошқармаси раҳбари Сагиниш Жанабой эса “ифтор дастурхонларини дабдабали зиёфатга айлантиришнинг ножоизлиги” тўғрисида насиҳат қилди.
Аммо, одамлар дунёвий байрамларни Рамазонга мослаб хурсандчилик қилиш йўлини топишяпти. Боз устига бу йил Халқаро хотин-қизлар куни рўза вақтига тўғри келди. 8 март арафасида Остонада аёллар клуби “Бал Рамазон” номли ифтор маросими ташкил қилди. Дастурхондан сўнг танлов ўтказилиб, ғолибларга SPA-салонларга сертификатдан тортиб, дизайнерлик либосларигача турли мукофотлар топширилди. Бош ғолибга эса Умра йўлланмаси насиб қилди.
Рамазон ойига тўғри келган яна бир байрам бу Наврўз. Ўтган йили рўза Қозоғистон аҳолиси ва ҳукуматига шарқона Янги йилни кенг нишонлашга халал бермаган эди. Ўшанда Наврўз 10 кун байрам қилинган, ҳар бир кун учун алоҳида ном ва тематика ўйлаб топилиб, ушбу декада “Наврўзнома” деб номланган эди.
Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри Олмаотада бир неча йилдан бери Рамазон билан Наврўзни қўшиб нишонлашади. Байрам арафасида жоме масжиди ёнида “Рамазон чодири” ўрнатилиб, ҳар куни 500 кишига бепул ифторлик берилади, 21 март куни эса меҳмонларни бўғирсоқ ва бошқа миллий таомлар билан сийлайдилар. Шаҳардаги 50 дан зиёд масжид “энг гўзал ва шукуҳли байрам ташкилотчиси” номи учун ўзаро мусобақалашади, турли тадбирлар, жумладан, “Жарапазан-Party” (Ё Рамазон ёки Рамазон қўшиғи) танлови ўтказилади.
Нооруз, Навруз, Новруз, Наурыз
Олмаотадаги кейтеринг хизматларидан бири “Озодлик-Осиё”га рўза ойи бўлишига қарамай ошпазлар хизмати ва банкетлар ташкил қилишга талаб юқорилигини айтди.
“Бунақа турдаги хизматларни биз асосан ифторлик учун таклиф қиламиз, буюртмаларимиз кўп. Мисол учун, 8 мартга ифторлик фуршетлар қилиб бердик, 21-22 март кунларига ҳам анча-мунча буюртмалар олинган. Бизга асосан ташкилотлар мурожаат қилишади”, дея изоҳ берди ширкат.
Унинг шартларидан бири шуки, буюртма энг камида 10 кишилик бўлиши керак, таом тўпламлари нархи эса 70 минг танга (тахминан 140 доллар)дан бошланади. Лекин шунча одамга мўлжалланган оғирочар учун “таомлар комплекси” 100 минг танга (ёки 200 доллардан кўпроқ) бўлади.
Алкогол ва саёҳатларга тақиқ
Дарвоқе, Рамазон вақтида ва ҳатто у бошланишидан олдин Қозоғистоннинг бир қанча ҳудудларида аҳоли тадбиркорлар билан келишиб, дўконларда спиртли ичимликлар сотишни тақиқлагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Хусусан, Қизилўрда, Атирау, Туркистон ва Шарқий Қозоғистон вилоятларидаги қатор қишлоқлар ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган.
Ўхшаш манзарани Ўзбекистонда ҳам кузатиш мумкин: аксар дўконлар спиртли ичимликларни савдодан олади, алкогол дўконлари эса вақтинча ишламайди.
Шунақа маҳсулотларни улгуржи етказиб бериш билан шуғулланувчи тошкентлик Аброрнинг сўзларига кўра, пойтахтнинг икки туманидаги унга қарашли дўконларнинг 80 фоизи Рамазон ойида ёпилади. Айтишича, булар асосан фақат алкогол билан савдо қилувчи махсус дўконлар бўлиб, улар “муқаддас ойга ҳурмат юзасидан, раҳбарият қарори билан ихтиёрий ёпилади”.
Ўзбекистонда Рамазон дастурхонини чақинди, қуруқ мева ва ширинликларсиз тасаввур қилиш қийин.
“Айрим дўконлар ишлашда давом этган тақдирда ҳам янги мол олмайди, қолдиқ маҳсулотларни эса ичкиликсиз яшолмайдиган одамларга сотиб, тугатади”, дейди у.
“Озодлик-Осиё” суҳбатдошига кўра, Тошкентда ароқ-вино дўконларидан тахминан 40 фоизи Рамазонда ўз фаолиятини тўхтатар экан.
Пойтахтдаги аксар кафе ва ресторанлар ҳам алкогол савдосини тақиқлаб, иш жадвалини фақат ифторликка мослаштирмоқда. Ҳатто оилавий зиёфатлар ва бошқа тадбирларга буюртмалар ҳам спиртли ичимликлар қўйилмаслиги шарти билан қабул қилиняпти.
Хоҳловчилар байрам таомларини уйга буюртма қилишлари мумкин. Тўпламлар одатда ўзбек ошхонасининг палов, мошкичири, қозон кабоб ва бошқа анъанавий таомларини ўз ичига олади. Овқатлар ёнига салатлар, суюқ ош, ширинлик (энг аввало, хурмо) ва ичимликлар қўшилади. Бир кишилик таомлар тўплами, элтиб бериш ҳақи билан бирга 120 минг сўмга тушади.
Рамазон ойида ўзбек сайёҳлик ширкатлари мижозларга зиёратгоҳларга махсус саёҳатларни таклиф қилади. Экскурсантларни толиқтириб қўймаслик учун асосан икки кунлик қисқа сафарлар ташкил қилинмоқда, саҳарлик ва ифторлик қилиб беришни ширкатлар ўз зиммасига олади. Хоҳловчилар Ҳожа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилгани Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрига, шунингдек Самарқанд ва Бухоро каби тарихий шаҳарларга боришлари мумкин. Тошкентдаги сайёҳлик ширкатларидан бирининг раҳбарига кўра, бунақа саёҳатларни асосан 2-3 кишилик кичик гуруҳлар ёки оилалар танламоқда, Рамазон мижозлар таркибига таъсир қилган – ёши ўтиб қолган кишилар йўқ ҳисоби.
Яна бир эътиборли жиҳат шуки, Рамазон ойида Тошкентда, айниқса унинг аҳоли зич яшайдиган мавзеларида айрим тармоқ дўконлар кечаю кундуз ишлашга ўтади. Бошқа ойларда 24/7 иш режими қўлланмайди.
Бундан ташқари, ритейлерлар бу даврда 100 сўмдан 1 млн сўмгача қийматли совға карталарини чиқаришмоқда. Уларни асосан совғага ёки муҳтожларга эҳсон тариқасида бериш учун харид қилишади.
Тақвим, хурмо солинган егуликлар, гуллар
Тожикистонда ҳам айни манзарани кўрасиз. Душанбедаги деярли барча умумий овқатланиш шохобчалари ва катта дўконлар кечки соатларда мижозларга бепул хурмо ва сув манзират қилади. Супермаркетлар кассаларида эса хоҳловчиларга Рамазон тақвими бепул тарқатилмоқда.
“Биз flash-sales, яъни ушбу ойда талабгир бўлган муайян маҳсулотларга қисқа муддатли чегирма акцияларини бошладик”, дейди йирик савдо тармоқларидан бирининг маркетинг бўлими вакили Эраж Раҳимов.
Суҳбатдошимизга кўра, ширкат йил бўйи турли хайрия тадбирларини ўтказади, лекин Рамазон ойида улар сони кўпайтирилади.
“Супермаркетимизга киришда махсус бокслар қўйилган: савобталаб кишилар бизда харид қилинган маҳсулотларини муҳтожларга тарқатиш учун ўша ерда қолдиришлари мумкин. Биз ушбу маҳсулотлардан озиқ-овқат тўпламлари тузиб, рўйхат бўйича муҳтожларга улашамиз. Улар асосан ун, шакар, ёғ, гуруч, гречка каби энг зарур маҳсулотлар бўлади”, изоҳ беради Раҳимов.
Ифтор вақтига яқин махсус столларга хурмо ва сувлар қўйилади.
Рамазон ойида барча бизнес турларида креативлик кузатилади, аммо бу борада энг илғори, албатта, умумий овқатланиш соҳасидир. Масалан, Душанбедаги бир пиццахона муқаддас ойда махсус хурмо “линейкаси”ни чиқара бошлабди: у хурмо солинган мини рулет, хурмоли-сутли коктейл, хурмо шираси қўшилган чой ҳамда қаҳвахўрлар учун хурмоли латтедан иборат.
“Биз буни кўпдан бери режалаб юргандик, чунки хурмо Рамазон рамзларидан бири. Тўпламдаги асосий масаллиқ бу хурмо сиропи. Тожикистонда йўқлиги сабабли уни четдан олиб келяпмиз. Хурмо жуда ширин нарса бўлгани билан унинг сиропи майин, ёқимли бўларкан, у қўшилган ичимлик ифторликка яхши кетади”, дейди фаст-фуд ресторанларидан бирининг маркетинг бўлими бошлиғи Лола Имомёрбекова.
Душанбедаги кофешоп соҳибаси Дилшода Шодиева эса жамоаси билан бирга ўйлаб топган янгилик – бир неча дона хурмо ва махсус стакандаги макарунс десерти ҳақида сўзлаб берди.
“Бунақа тўпламлар кечгача ишлайдиганлар учун айни муддао, чунки йўл-йўлакай оғиз очиб, тамадди қилиб олишлари мумкин”, дейди тадбиркор аёл.
Цветочные композиции, новинки и десерты в стаканчиках – спецпредложения от бизнесов таджикской столицы в Рамазан.
Унинг айтишича, Рамазон кирганидан сўнг дўкон кундузи ишлашни тўхтатган. “Рўзадорларга ҳурмат юзасидан шундай қилдик, қолаверса жамоамизда кўпчилик рўза тутган, уларни ошхонада ишлатиш айб бўлади”, дейди Шодиева.
Душанбедаги машҳур гул дўкони эса ифтор дастурхонини безатиш учун махсус гул инсталляцияларини сотувга чиқарибди. Дўкон ходими пойтахтликлар уларни бажонидил сотиб олишаётганини айтади. Шундай харидорлардан бири, Таҳмина Мирова инсталяциялар “ифторлик дастурхонига байрамона кўрк ва шукуҳ бериши”ни айтади.
Эскирган озиқ-овқатлар ва сиёсий ваъзхонлик
Ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга қараганда, Туркманистонда бир кишига мўлжалланган ифторлик таом тўпламлари нархи 120 манат (35 доллар)дан 300 манат (85 доллар)гача экан. Ашхободда бир лаунж-бар ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хўрандалар учун намоз ўқишга шароит мавжудлигини, Рамазон муносабати билан спиртли ичимликлар сотиш тўхтатилганини ва ҳафтанинг муайян кунларида аёлларга 50 фоизли чегирма берилишини эслатган.
Барча мусулмон мамлакатларида бўлгани каби, Туркманистонда ҳам болалар уйма-уй юриб рамазон айтишади. “Озодлик-Осиё”нинг туркман хизмати маълумотига кўра, айрим ҳудудларда болалар Рамазон ойи келишидан анча олдин бозорлар, супермаркетлар, бекатлар, ёқилғи қуйиш шохобчалари ва ҳатто меҳмонхоналарга бориб “Ё Рамазон” қўшини айтишни бошлаб юборишади.
Рамазон айтиб юрган болаларни Марказий Осиёнинг ҳамма жойида кўриш мумкин.
Ашхободлик бир киши журналистларга айрим дўконларда сотувчилар рамазон айтиб келган болаларга ҳадя ўрнида эскирган ширинлик ва ширин ичимликлар берганини, шундан сўнг болаларнинг тоби қочганини сўзлаб берган.
Озодлик ушбу маълумот бўйича давлат идораларидан изоҳ ололмади. Ижтимоий тармоқларнинг туркман сегменти фойдаланувчилари эса ватандошларини “болаларга безарар ва хавфсиз егуликлар беришга” чақиришмоқда.
Марвлик бир аёл “Ё Рамазон” қўшиғини айтиб келувчи болаларга майда ўйинчоқлар улашаётганини айтади. “Қўлим қисқароқ, аммо болаларни қуруқ қайтаргим келмайди, шунинг учун тўйлардан йиғиб келган майда пластик ўйинчоқлар билан хурсанд қиляпман”, дейди у.
Аёлнинг сўзларига кўра, айрим хонадонлар болаларга берадиган ҳеч нимаси бўлмагани сабабли, кечқурунлари гўё уйда ҳеч ким йўқдек кўрсатиш учун ҳамма чироқларни ўчириб ўтиришар эмиш.
Яна бир туркманистонлик рамазон айтиб юрган болаларни полиция тутиб олиб кетаётганини ва ота-оналарига жарима ёзаётганини сўзлаб берди. Болқонобод шаҳри йўл полицияси ходимига кўра, бу ЙТҲларнинг олдини олиш мақсадида қилинмоқда.
Рамазон айтиб уйма-уй юрган болалар. Иллюстратив сурат.
“15-20 феврал кунлари Болқонобод ва Туркманбошида рамазон айтиб юрган болалар иштирокида 9 та ЙТҲ содир бўлди. Болалар енгил ва ўртача жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган”, дейди полициячи.
Озодлик туркман хизмати мамлакатда иқтисодий қийинчиликлар, айниқса оммавий ишсизлик ва қимматчилик туфайли рамазон айтиш удуми тиланчиликка айланиб кетгани, бу иш билан болалар тугул, ўсмирлар ва ҳатто катталар ҳам шуғулланиши ҳақида бир неча марта ёзган эди.
Вилоят жоме масжидларининг имомлари бу ҳолатларни қоралаб чиқишди, уларнинг маърузалари ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда. Айни чоғда имомлар таробеҳ намозлари чоғида намозхонларни “мамлакат президентини ва унинг сиёсатини якдиллик билан қўллаб-қувватлашга” даъват қилишаётгани айтилмоқда. Шунингдек, туркманистонлик уламолар фикрича, “ҳукумат сиёсатига шубҳа билан қараш Аллоҳ танлаган ҳукмдорга қарши чиқиш билан баробар” эмиш.
Дунёнинг энг ёпиқ мамлакатларидан бири бўлмиш Туркманистон муфтияти имомларнинг ушбу фикрларини изоҳлаш сўралган Озодлик мурожаатини жавобсиз қолдирди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
РАМАЗОН-УЗ: Ошган чиқим, камайган кирим ва “чала” диний эркинлик