Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш бўйича 23 та мамлакат билан музокараларни якунлади. Бу ҳақда Президентнинг ёрдамчиси Саида Мирзиёева Телеграмдаги расмий саҳифасида мухтасар ҳисобот эълон қилди.
Унга кўра, 2024 йили ЖСТ ишчи гуруҳи иккита муҳим йиғилиш ўтказди. Бу Ўзбекистонга аъзоликнинг асосий ҳужжати – Ишчи гуруҳ ҳисоботи лойиҳасини тайёрлашга киришишга имкон берди. Қисқа вақт ичида бизнесни ва рақобатни янада шаффоф қилиш учун 20 та муҳим қонун қабул қилинди.
Ўтган йили мамлакат ЖСТга аъзолик бўйича “катта қадам ташлаган”ини қайд этган Саида Мирзиёева бу ўзгаришлар “президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган қатъий иқтисодий ислоҳотлар натижаси” эканини урғулаган.
“Тез орада ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлиш учун жорий йилда ҳам биз шу суръатда давом этамиз. Бу мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириши ҳамда ўзбек бизнесининг минтақавий ва глобал қўшилган қиймат занжирларига кириб боришини таъминлаши лозим”, деб ёзган С. Мирзиёева.
Озодлик аввал хабар қилганидек, ўтган йил ноябрь ойида Ўзбекистон АҚШ билан ЖСТга аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлади.
Йил мобайнида Хитой ва Япония каби иқтисодий гигантлар билан ҳам ўзаро битимга эришилди.
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиши бўйича музокараларни қарийб 15 йиллик танаффусдан сўнг 2020 йил июль ойида қайта бошлаган. Расмий Тошкент аъзолик жараёнини имкон қадар тезроқ якунлаш ниятида эканини билдирган. Жумладан, 2024 йил 5 июнь куни ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеалани қабул қилган президент Мирзиёев Ўзбекистоннинг тез фурсатда мазкур халқаро тузилмага аъзо бўлиш истагини урғулаган.
2023 йил август ойида мамлакат қонунчилигини ЖСТ келишувларига уйғунлаштиришга қаратилган фармон қабул қилинган.
2024 йил октябрида мамлакатнинг техник тартибга солиш соҳасидаги қонунчилигини халқаро ташкилот талабларига мослаштириш бўйича вазифалар белгиланган.
Ўзбекистон – ЖСТ билан ташкилотнинг бутун тарихи давомида энг узоқ музокара олиб борган давлат. Музокаралар бошланганига 31 йил тўлмоқда.
ЖСТ аъзо давлатлар ўртасидаги савдо қоидалари билан шуғулланувчи ягона глобал халқаро ташкилот ҳисобланади. Унга аъзолик рақобатбардошлик ва савдо ҳажмини оширишга кўмаклашади.