Сурия ўтиш даври ҳукумати раҳбари Аҳмад аш-Шараа ва Россия президенти Владимир Путин илк бор телефон орқали мулоқот қилишди.
Кремль вакилларининг маълум қилишларича, Путин Москва гуманитар ёрдам тақдим қилиш дохил Суриядаги ижтимоий-иқтисодий вазият яхшиланишига кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлаган. Томонлар савдо-иқтисодий, таълимий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишган.
Аш-Шараа Путин билан суҳбатда мамлакатлар ўртасида “мустаҳкама стратегик муносабат” мавжудлигига эътибор қаратди, дейилган Сурия раҳбари девонхонасининг музокара ортидан тарқатилган баёнотида.
“Аш-Шараа, агар Сурия халқи манфаатларига мос тушадиган бўлса, <...> Сурия ҳамкорлик учун очиқлигини таъкидлади”, дея билдирган Сурия томони.
Муҳаммад ал-Жўлоний лақаби билан ҳам танилган Аҳмад аш-Шараа АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари ва Россия дохил кўплаб мамлакатларда тақиқланган “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” радикал гуруҳининг лидеридир. Аввал аш-Шараа собиқ президент Башар Асад режими ва уни дастаклаган Россия қўшинларига қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этган.
Ўтган йилнинг декабрь ойи бошларида “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” бошчилигидаги аксилҳукумат гуруҳлари Асад назорати остидаги қўшинлар мавқеларига ҳужум бошлашган ва пойтахт Дамашқни ўз назоратлари остига олишган. Асад Россияга қочган.
Москва Тартус ва Хмеймимдаги ўз ҳарбий базаларни сақлаб қолишга интилиб, Дамашқдаги янги расмийлар билан музокаралар олиб бормоқда. Айни пайтда Озодликнинг суриштирувчи журналистлари Россия Суриядан ўз ҳарбий мулкларининг каттагина қисмини олиб чиқиб кетиб бўлганини тахмин қилишмоқда.
Январь ойи охирида Сурияда ҳокимият алмашганидан кейин илк бор у ерда Россия ТИВ делегацияси бўлиб қайтган. Reuters агентлиги Сурия ҳукмрон доираларидаги манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда Суриянинг феълан раҳбари бўлган Аҳмад аш-Шараа музокараларда Москвадан Башар Асадни экстрадиция қилишни сўраганини маълум қилган. Бу талаб ҳақида расман ҳеч қанақа баёнот берилган эмас.