Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова “Ташаббусли бюджет” доирасида педагоглардан пул йиғиш ҳолатлари кузатилса, тизим вакилларини бу ҳақда хабар беришга чақирди.
Мулозимага кўра, охирги йилларда боғча ва мактаб ходимларини ўз фаолиятидан бошқа ишларга жалб қилиш, улардан асоссиз пул йиғишларга қарши курашилаётган бўлса-да, тизимда ҳамон шундай топшириқларини бераётган масъуллар учрамоқда.
Жорий йил 11 мартидан Ўзбекистонда “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2025 йилги 1-мавсуми доирасида овоз бериш босқичи бошланди. Бу орада ижтимоий тармоқларда турли соҳа вакиллари, жумладан, ўқитувчилар овоз йиғишга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
“Яқинда Қува туманидаги мактабларнинг бирида ўқитувчиларнинг ойлик маошидан “Опен бюджет”да овоз йиғиш учун 700 минг сўмдан ушлаб қолишни талаб қилган директор билан меҳнат шартномасини бекор қилдик”, деган Ҳилола Умарова.
Фарғона вилояти Қува туманида педагогларга ноқонуний талаб қўйилаётгани ҳақида илк бор Озодликнинг “Сиздан Телеграм” лойиҳаси хабар қилган эди.
ММТВ ўқитувчи, таълим ходимларини мажбурий овоз беришга жалб этиш, улар маошидан пул йиғиш билан “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига соя солмасликка ундаган.
“Педагогларни уларнинг вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилиш, турли мақсадлар учун маблағ йиғиш каби ҳолатлар билан ҳеч қачон муроса қилмаймиз”, дея таъкидлаган вазир Умарова.
Ўзбекистонда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси фуқароларга инфратузилмани яхшилаш бўйича ўз лойиҳаларини таклиф қилиш орқали маҳаллий бюджетнинг бир қисми тақсимотида иштирок этиш учун имконият яратиш мақсадида йўл қўйилгани айтилади.
Озодликка жойлардан йўлланаётган шикоятлар, ижтимоий тармоқлардаги постларга қараганда, “Очиқ бюджет” учун овоз беришда мажбурлов ва ғирромликлар кузатилади.