Тожикистон президенти давлат ташрифи билан Қирғизистонга борди

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон қирғизистонлик ҳамкасби Садир Жапаров билан, Бишкекдаги "Манас" халқаро аэропорти, 2025 йил 12 марти

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 12 март куни давлат ташрифи билан Бишкекка етиб борган. Уни “Манас” халқаро аэропортида мезбон президент Садир Жапаров кутиб олгган.

Озодликнинг қирғиз хизмати қайдича, давлат раҳбарлари қирғиз ва тожик куй-қўшиқларини ижро этган артистлар иштирокидаги концерт дастурини томоша қилишган.

Қирғизистон президенти маъмурияти маълумотига кўра, давлат ташрифи доирасида икки мамлакат лидерлари эртага, яъни 13 март куни ўзара манфаатли бўлган кенг кўламли масалаларни, икки томонлама ҳамкорликни янада теранлаштириш истиқболларини муҳокама қилишади.

Ташриф якунида қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланади. Қирғизистон ва Тожикистон президентлари имзолайдиган асосий ҳужжат чегара тўғрисидаги шартнома бўлиши кутилмоқда.

2024 йилнинг декабрь ойи бошида Қирғизистон билан Тожикистон умумий чегарани белгилаш ишини бутунлай якунлагани маълум бўлганди. Февраль ойи охирида Бишкекда томонлар баённома имзолашиб, фақат умумий чегараларгагина эмас, балки автомобиль йўлларидан фойдаланиш ҳамда сув ва энергетика объектларидан истифода этишга дахлдор шартнома лойиҳаларини ҳам ўзаро тасдиқлашган эди. 27 февраль куни Қирғизистон парламенти ҳам чегара бўйича шартномани қўллаб овоз берган.

Бу чегара можароси туфайли икки мамлакат ўртасидаги алоқалар ёмонлашиб кетганидан буён Эмомали Раҳмоннинг Қирғизистонга илк ташрифидир. Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар 2021 йил апрелида чегарада рўй берган қонли воқеалар ортидан анча ёмонлашиб кетган. Шу сабабли Қирғизистон Тожикистон билан чегарани бир томонлама ёпиб қўйган эди. 2022 йил сентябрида икки мамлакат ўртасидаги чегарада энг катта можаро содир бўлган, мазкур можаро чоғида ўнлаб одам қурбон бўлган эди.