Трамп қарори билан АҚШ БМТнинг қатор идораларидан чиқиб кетади

АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатни БМТнинг бир неча муҳим муассасасидан чиқаришга оид фармонни имзолаганидан кейин журналистлар билан суҳбатлашмоқда, Оқ уй, 2025 йил 4 феврали

Президент Дональд Трамп 4 февраль куни АҚШ Инсон ҳуқуқлари кенгаши дохил БМТнинг қатор органларидан чиқиши тўғрисида фармон имзолади.

Фармонга мувофиқ, Қўшма Штатлар БМТнинг фаластинликларга ёрдам кўрсатиш бўйича асосий агентлиги (UNRWA) билан ҳамкорликни тўхтатади. Билдирилишича, Вашингтон БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича махсус муассасаси бўлмиш ЮНЕСКОдаги иштирокини ҳам қайта кўриб чиқади.

AFP қайдича, бу қадамлар Оқ уй котиби Уилл Шарф БМТ агентликларидаги “аксиламерикача нохолислик” деб атаган ҳолатга норозилик ўлароқ қўйилган.

Умумийроқ планда фармон молиялаштиришда турли мамлакатлар ўртасидаги катта фарқ ва даража манзарасида АҚШ томонидан БМТни молиялаштиришни қайта кўриб чиқишга чақиради”, деган Уилл Шарф.

Трамп узоқ вақт давомида Вашингтон томонидан халқаро ташкилотларни молиялаштириш даражасига қарши чиқиб, бошқа мамлакатларни ўз аъзолик бадалларини кўпайтиришга чақириб келган.

Қўшма Штатлар томонидан Фаластинликларга ёрдам кўрсатиш бўйича агентлигини (UNRWA) молиялаштириш 2024 йил январида − Жо Байден маъмурияти даврида тўхтатилган. Бунга Исроил томонидан UNRWAнинг 12 нафар ходими фаластинлик экстремистлар 2023 йил 7 октябрида амалга оширган ҳужумга алоқадорликда айблангани сабаб бўлган.

Трамп ўзининг олдинги президентлик муддатида Иқлим бўйича Париж шартномасидан чиққан ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан чиқиш жараёнини бошлаган эди, дея қайд этган AFP агентлиги.