"Енгилмас ўтовлар". Украиналикларга ёрдам бераётган қозоғистонлик оила ҳикояси

Марат Дарменов Херсон вилоятининг Чернобаевка қишлоғидаги аэропортда.

Россия Украинага бостириб кирганида, Киевдан 25 километр жануби-ғарбда яшаётган этник қозоқ оиласи Дарменовлар уруш ва у келтирган вайронагарчиликдан Қозоғистонга қочса бўларди.

Бунинг ўрнига, улар Украинада қолишга ва йигирма йилдан ортиқ вақт ўз ватанлари деб билган мамлакатни имкон қадар ҳимоя қилишга қарор қилишди.

Билохородка қишлоғида яшовчи беш кишилик оила каттаси Марат Дарменов дарҳол шафқатсиз урушдан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатишга киришди. Украиналиклар Россиянинг тинимсиз ҳаво ҳужумлари туфайли электр таъминоти узилиши, сув танқислиги ва иситиш тизими ишламай қолишига дуч келган бир пайтда, 55 ёшли Дарменов одамларга Марказий Осиёдаги ватани рамзи бўлган анъанавий қозоқ ўтови остида бошпана, озиқ-овқат ва иссиқлик таклиф этди.

Дарменов ва бошқа қозоқ кўнгиллилар кигиз ёки ҳайвон терилари билан қопланган бу айлана чодирларни "Енгилмас ўтовлар" деб аташди. Бу ном ҳукумат қўллаб-қувватлайдиган ва кўчирилган украиналикларга ҳамда электр таъминотисиз қолганларга ёрдам кўрсатадиган "Енгилмас нуқталар" номига ўхшатма эди.

Урушнинг дастлабки кунларида юзлаб тинч аҳолини қийноққа солган ва ўлдирган рус қўшинлари босиб олган Буча шаҳрида 2023 йил бошида ўрнатилган биринчи ўтов тасвирлари халқаро миқёсда эътибор қозонди ва асосан Қозоғистондан шахсий хайриялар оқими бошланди.

Ўша биринчи ўтовни қозоғистонлик тадбиркор Даулет Нуржанов совға қилган эди. У ўшандан бери Дарменовга яна ўтовлар юборди, Дарменов эса уларни Украина бўйлаб шаҳар ва қишлоқларда ўрнатиб чиқди. Энг сўнгги ўтов январь ойида ғарбий Нововолинск шаҳрида тикилган эди. Дарменов айтишича, у Нововолинскка 500 километрча йўл босиб борган, ўтов ўрнатган ва маҳаллий аҳоли учун палов пиширган.

"Палов пишириш учун қозон ва самоварларимни микроавтобусга юкладим. Печка, ўтин ва бир марталик идиш-товоқларни ҳам олдим – бутун ошхонам билан йўлга чиқдим. Ҳар бир ўтовнинг очилиш маросимида меҳмонларни палов билан сийлаймиз," деди Дарменов ва таом ва ичимликларни доимо бепул таклиф қилганини қўшимча қилди.

Биринчи ўтов 2023 йил январида Бучада очилганди.

"Қиёмат манзараси"

Дарменовнинг кўнгиллилик фаолияти 2022 йил март ойи охирида, Украина қўшинлари Россия армиясини Киев атрофидан суриб чиқариб, Москванинг Украина пойтахтини эгаллаш ва қисқа вақт ичида мамлакатни назоратга олиш режасини барбод қилганидан сўнг бошланди.

Урушдан олдин қариндошлари билан бирга юритган муваффақиятли мебель бизнесини тўхтатиб, Дарменов оккупациядан озод қилинган шаҳар ва қишлоқлар аҳолисига озиқ-овқат етказиб беришга қарор қилган қозоқ диаспорасига қўшилди. Унинг тўнғич ўғли Дастан эса ҳарбий хизматга кирди.

Дарменов 2022 йил апрель ойи бошида бир ойдан ортиқ давом этган шиддатли жангдан сўнг озод қилинган Киев чеккасидаги Гостомел қишлоғига борганини эслайди.

У катта қозони ва печини қишлоқ марказига ўрнатиб палов пиширди, кўнгилли қозоқ аёллари эса сут ва чой билан бериладиган анъанавий қовурилган нон – бўғирсоқ тайёрлашди.

"У ерда қиёмат манзараси эди: на табиий газ, на электр, на сув бор эди. Катта супермаркетлар ёниб кетганди, – дея эслайди Дарменов. – [Украина] аскарлари бизга: «Шу жойда қолинг ва ҳаракатланманг, чунки [Россия кучлари] ҳамма жойга мина қўйган», деб айтишди."

"Аҳоли навбатда турди, биз озиқ-овқат тарқатдик. Уларга қозоқ, лекин Украина фуқароси эканлигимизни айтдик. Одамлар бизни қучоқлашди. Улардан бири: «Мен Қозоғистонда яшаганман», бошқаси: «Турмуш ўртоғим Қозоғистондан» дерди, яна бирининг Қозоғистонда қариндоши бор экан. Буларнинг барчасини телефонимга ёзиб олдим," дейди у.

Ўтов видеолари ижтимоий тармоқларда таъсирли хабарлар ва самимий мақтовлар билан тарқалгач, Дарменов ва бошқа қозоқ кўнгиллилар Қозоғистон ва бошқа мамлакатлардан қўллаб-қувватлов хабарлари ва ёрдам таклифларини ола бошлашди.

Ёрдам берганлар орасида асли қозоғистонлик бўлган Германия фуқароси ҳам бўлиб, у Дарменовга 10 тонна озиқ-овқат етказиб берди.

"Одамларга палов ва бўғирсоқ тайёрлаш учун гуруч ва ёғнинг бир қисмини олиб қўйдим, қолганини эса шифохоналар, реабилитация марказлари ва шарқий ҳудудлардан кўчириб келтирилганларга тарқатдим," дея эслайди Дарменов.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

OzodNazar: Ўзбекларнинг Харьковдаги “Наврўз” ресторани уруш бошланганидан буён маҳаллий аҳолини ўз ҳисобидан боқяпти

"HIMARS Россияни бизнинг ўтовларимизчалик қўрқитмаган"

Қозоғистоннинг "Енгилмас ўтовлари" ҳақидаги видео ва суратлар интернетда тарқалиб, ҳатто Кремл эътиборини тортди. Ғазабланган Москва "Россия-Қозоғистон стратегик шериклиги ва иттифоқига зарар етказмаслик учун" Остонадан расмий тушунтириш талаб қилди, деб айтди Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова 2023 йил январида.

Бунга жавобан Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айбек Смадияров "тушунтириш учун ҳеч нарса йўқлигини" айтди.

"Бу Қозоғистоннинг хусусий компаниялари ташаббуси. Улар буни ташкил қилишди, ташишди ва ёрдам кўрсатишмоқда... Биз бу ерда ҳеч қандай муаммо кўрмаяпмиз," деди ўшанда Смадияров журналистларга.

Дарменовнинг фикрича, Москванинг ғазабли муносабати қозоғистонлик кўнгиллиларнинг меҳнати "беҳуда кетмаганини" кўрсатади.

"HIMARS Россияни бизнинг ўтовларимиз каби қўрқитмаган," дейди Дарменов, Киевга Россия кучларини ортга суришда ёрдам берган АҚШда ишлаб чиқарилган ракета тизимини назарда тутиб.

Дарменов уруш тугашини ва Украинага тинчлик қайтишини умид қилмоқда. У аскарларнинг, жумладан, ўғли Достоннинг ҳам уйга соғ-омон қайтишини истайди.

Босқин бошланганида Достон 22 ёшда эди. Ўша пайтда Украина армиясига чақирилиш учун мажбурий ёш 27 эди, аммо у ўз ихтиёри билан армияга қўшилишни танлади. У Украина шарқидаги жанг майдонида бир неча бор яраланган.