USAID ислоҳотининг илк босқичида миллиардлаб доллар тежалди

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, Вашингтон, 2025 йил 21 январи

АҚШ Давлат департаменти АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ислоҳотининг биринчи босқичи натижаларини эълон қилди, дея хабар берди “Америка овози”нинг рус хизмати.

Президент Дональд Трамп АҚШ Давлат котиби Марко Рубиога ўз маъмуриятининг “энг аввало Америка” дастурига мувофиқ равишда ташқи сиёсат юритиш учун USAID ислоҳотини бошқаришни топширган.

Давлат департаменти хорижга ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ қиймати 15,9 миллиард доллардан ошадиган 9 мингдан зиёд грантни ўрганган.

USAID баҳосига кўра, яна бир неча йилга берилган 6 мингдан зиёд грант бўлиб, уларнинг қиймати 58 миллиард долларга тенг. Дастлабки кутилмаларга кўра, текширув якунланганидан кейин молиялаштириладиган лойиҳаларнинг умумий ҳажми 92 фоизга камаяди.

“Америка овози” рус хизмати мақоласида USAID озиқ-овқат ёрдами, ОИВ, сил ва безгак муолажаси учун тиббий дори-дармонлар етказиб берилиши дастурларини сақлаб қолгани айтилган. Шунингдек, кўрсатиладиган ёрдам ҳаётий аҳамиятга эга мамлакатларни дастаклаш дастурлари ҳам сақлаб қолинган. Бу мамлакатлар орасида Ливан, Ҳаити, Венесуэла, Куба ва бошқа айрим давлатлар бор.