USAID вакиллари Ўзбекистонга қиймати 425 минг долларга тенг озиқ-овқат маҳсулотларини топширишди

Иллюстратив сурат

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) 23 январь куни Ўзбекистонга қиймати 425 минг долларга тенг бўлган 131 тонна озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотига кўра, Қўшма Штатларнинг мазкур ёрдами 120 дан зиёд соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасасига тарқатилади, пировардида Ўзбекистондаги энг ёрдамга муҳтож фуқаролар, хусусан, туберкулёз ва руҳий саломатлик муассасаларидаги беморлар, ногиронлиги бўлган болалар ва кексалар 6,5 миллион порция озиқ-овқат билан таъминланади.

“Ушбу дастур овқатланиш сифатини яхшилаш ҳамда аҳолининг энг заиф қатламлари соғлом ва самарали ҳаёт кечириши учун етарли, хавфсиз ва тўйимли озиқ-овқат билан таъминланиши бўйича давом этаётган Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликни намойиш этади”, деган ёрдам юкини топшириш чоғида USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Девид Ҳоффман.

Қайд этилишича, USAIDнинг Озиқ-овқат кўмагини бериш халқаро ҳамкорлик дастури доирасида 2010 йилдан буён Ўзбекистонга қиймати 4,4 миллион доллардан ошган 1,5 минг тонна озиқ-овқат ёрдами етказилган. Маҳсулотлар АҚШнинг Resource and Policy Exchange нотижорат ташкилоти томонидан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси билан ҳамкорликда тарқатилиши айтилган.

Хабарномада АҚШ ҳукуматининг сўнгги 20 йил давомида Ўзбекистонга кўрсатган ёрдами миқдори 1 миллиард доллардан ошгани қўшимча қилинган.