Яширин лабораториядан 9 млрд сўмлик банг моддаси мусодара этилди

Тошкент яқинидаги завод печида ёқилаётган наркотик моддалар (архив сурати)

Фарғона туманида нарколаборатория фош этилди, дея маълум қилди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати.

Марғилон шаҳрида яшовчи, 1990 ва 2001 йилларда туғилган уч шахс Фарғона тумани Миндонобод МФЙдаги ижара уйда синтетик гиёҳвандлик воситалари тайёрлаб келишган.

Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, мазкур гуруҳ интернет орқали “закладка” усулида етказиб берилган хомашё асосида наркотик моддалар тайёрлаган ва вилоят бўйича белгиланган хуфия жойларга қолдириб, уларнинг геолокациясини тармоқ орқали юбориб турган.

Бунинг эвазига учала шахснинг ҳар бири ҳафтасига криптовалюта кўринишида 500 доллардан маош олган.

Тезкор тадбирда ушбу манзилдан 8 кг 185 гр Альфа-ПВП, 4 кг 209 гр “Спайс”, 427 гр “Мефедрон” синтетик наркотик моддалар ҳамда уларни тайёрлашда керак бўладиган 12 кг 326 гр махсус суюқлик ва 13 кг 925 гр тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.

Тезкор тадбир давомида олинган жами 12 кг 821 гр синтетик наркотик моддаларнинг қора бозордаги баҳоси 9 млрд 185 млн сўмни ташкил этади.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 4-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Озодлик аввалроқ Тошкент шаҳри ва вилоятида ташкил этилган махфий лабораториялардан умумий нархи тахминан бир миллион долларга тенг, жами 14 килограмм 795 грамм синтетик гиёҳвандлик воситалари расмийлаштириб олингани ҳақида хабар қилган эди.

Олий суд эълон қилган таҳлилларга кўра, мамлакатда сўнгги беш йил ичида наркотик моддаларни ноқонуний сотишга доир жиноятлар икки баравар ортган.