Зеленский Киевда Трампнинг махсус элчиси билан учрашди

Владимир Зеленский (ч) ва Кит Келлог (ў), Киев, 2025 йил 20 феврали

АҚШ президенти Дональд Трампнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлог 20 февраль куни Киевда Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашди. Учрашув натижаларига кўра ўтказилиши режаланган қўшма матбуот анжумани Америка томони илтимосига биноан бекор қилинган. Бу ҳақда Reuters агентлиги ва бошқа нашрлар хабар қилишди.

“Америка овози” рус хизмати қайдича, Киевга келган 19 февраль куни Келлог ўз ташрифидан асосий мақсад Украина томонини тинглаш эканини эълон қилган.

Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолтц Украинани АҚШга нисбатан танқидини юмшатишга ҳамда Оқ уй ташаббуси билан илгари сурилган фойдали қазилмалар етказиб бериш бўйича шартномага рози бўлишга чақирган.

АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс пайшанба куни, унинг фикрича, можаро якунига оз қолганини айтди. Айни пайтда у Россия билан музокара қилмай туриб, урушни тўхтатиш мумкин эмаслигини урғулади.

Президент Зеленский Келлог билан суҳбат чоғида фронтдаги вазият, украиналик асирларнинг барчасини қайтариш ва Украина учун самарали халқаро хавфсизлик кафолатларини излаб топиш масалалари муҳокама қилинганини қайд этди.

“Европейская правда” нашри Зеленский Трампнинг махсус вакилига Киев “Қўшма Штатлар президенти билан инвестициялар ва хавфсизлик бўйича кучли, ҳақиқатан манфаатли шартнома тузиш”га тайёр эканини тасдиқлагани ҳақида ёзган. Шу муносабат билан Трамп томонидан аввалроқ таклиф қилинган Украина фойдали қазилмаларидан фойдаланишга оид шартнома тўғрисида сўз борган.

ОАВ маълумотларига кўра, Трамп маъмурияти Украинага нодир фойдали қазилмаларнинг 50 фоизини АҚШга мулк ўлароқ беришни таклиф қилган, бироқ Зеленский мазкур ҳужжат билан танишиб чиққанидан кейин уни имзолашдан бош тортган.

АҚШнинг AXIOS сайти 20 февраль куни Зеленский Трампнинг илк таклифини рад этганидан кейин Оқ уй Украинага фойдали қазилмалар тўғрисидаги “тузатилган” шартнома лойиҳасини тақдим этгани ҳақида хабар қилган. Axios бу ҳақда битимдан хабардор украиналик мулозим, америкалик мулозим ва уч нафар манбага таянган ҳолда ёзган.

“Лойиҳанинг сўнгги вариантига анча тузатишлар киритилгани сезилади ва у Украина қонунчилигига мувофиқ келади”, деган манбалардан бири.

Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц пайшанба куни журналистларга Зеленский фойдали қазилмалар масаласи бўйича “музокаралар столига қайтиши” лозимлигини айтган.