Ўзбекистон илк бор халқаро молия бозорига сўмда суверен облигацияларни жойлаштирди

Миллий валютадаги суверен облигациялар ҳажми 2 триллионн сўмни ташкил қилади. Молия вазирлиги фотосурати.

Ўзбекистон тарихда илк бор халқаро молия бозорларида миллий валютада суверен облигацияларни жойлаштирди. Молия вазири Тимур Ишметовнинг 20 ноябрда билдиришича, 2 триллион сўм ҳажмидаги суверен облигациялар Лондон фонд биржасида жойлаштирилди.

Молия вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, инвесторлар таклифларига биноан 750 млн АҚШ доллари миқдоридаги суверен халқаро облигацияларни 2 траншда — 10 йиллик муддат билан АҚШ долларида ва 3 йиллик муддат билан ўзбек сўмида — чиқариш ва Лондон фонд биржасида жойлаштириш бўйича бошланғич фоиз ставкалар, мос равишда, 4.25% атрофида ва 15.25% атрофида белгиланди.

“Халқаро облигацияларнинг миллий валютада чиқарилиши валюта хатарларини камайтиришга хизмат қилиш билан бирга келажакда ички молия бозорига, жумладан давлат ғазначилик облигациялари бозорига халқаро инвесторларни жалб қилиш учун замин яратади”,-дейилади хабарда.
.