Линклар

Шошилинч хабар
10 март 2025, Тошкент вақти: 15:50

Ўзбекистон хабарлари

Мирзиёев иштирокидаги Наврўз тадбири “Humo Arena”да ўтказилди

 “Humo Arena” мажмуаси очилиш маросимидан олинган сурат.
“Humo Arena” мажмуаси очилиш маросимидан олинган сурат.

– Мана шундай файзли, шодиёна айёмда барча шаҳар ва туманларда, қишлоқ ва овулларда Наврўз сайлини ўтказаётган барча-барча юртдошларимизга юксак ҳурматим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман. Ҳаётингиз баҳор тонгидек тиниқ, бахтли ва фаровон бўлсин! Шарқона Янги йилимиз – Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ ва баракали келсин, – деди президент Мирзиёев Наврўз муносабати билан Тошкентда ўтказилган тадбирда қилган чиқиши чоғида.

Тадбир 21 март куни “Humo Arena” мажмуасида бўлиб ўтди.

Пойтахт Тошкенда жорий йилги Наврўз сайллари 21 мартдан 24 мартгача давом этади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги 20 март куни маълум қилди.

21 март куни бошланадиган сайил доирасида мумтоз ва замонавий мусиқа ихлосмандлари учун концертлар, қўргазмалар, миллий ўйинлар ва спорт мусобақалари бўлиб ўтади.

Тошкент шаҳрида Humo Arena кўп тармоқли муз саройининг тантанали очилиш маросими 15 март куни бўлиб ўтган эди.

Кун янгиликлари

Чусовитина Жаҳон кубогида олтин медаль соҳибаси бўлди

Ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина (архив сурати)
Ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина (архив сурати)

Ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубогида олтин медални қўлга киритган. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Чусовитинанинг чиқиши ҳакамлар томонидан 13.516 балл билан баҳоланган. Иккинчи ўринни 13,366 балл билан словениялик Тея Белак, учинчи ўринни эса 13,283 балл билан яна словениялик Тьяса Кисселеф эгаллаган.

Шу йил июнь ойида 50 ёшини қаршилайдиган Оксана Чусовитина ёзги Олимпия ўйинларида кетма-кетига саккиз марта иштирок этган жаҳондаги ягона гимнастикачи аёл сифатида Гиннесс рекордлар китобига кирган. У 1992, 1996, 2000, 2004, 2008, 2012, 2016, 2020 йиллардаги ўйинларда СССР, Германия ва Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ўлароқ қатнашган.

Аввалроқ Чусовитина 2028 йили Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпиадада иштирок этишга ҳаракат қилишини билдирган. 2024 йили Парижда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида у олган жароҳати туфайли қатнашолмаган эди.

Дипломатлар Туркиядан қайтаётганларни огоҳлантиришди

Истанбул аэропортидаги айрим йўловчилар (архив сурати)
Истанбул аэропортидаги айрим йўловчилар (архив сурати)

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси Туркиядан учоқда қайтаётган ўзбекистонликларни аэропортларда бегона шахслардан Ўзбекистонга олиб кетиш учун юк олишдан тийилишга чақирди.

Улар турли баҳоналар билан (масалан, оғир касал қариндоши борлиги ёки юкни жўнатиш имконияти йўқлиги) сизни ишонтиришга ҳаракат қилишади. Бироқ бундай ваъдаларга ишонманг ва бегона юкни ҳеч қандай ҳолатда қабул қилманг!” дейилган бош консулхона хабарномасида.

Дипломатлар ўтган йиллар мобайнида айнан шундай илтимосни бажаришга рози бўлган бир неча нафар ўзбекистонлик ноқонуний юкларни, жумладан наркотик моддалар ва сохта ҳужжатларни билмасдан олиб ўтганлари учун ҳибсга олиниб, узоқ муддатларга қамалганларини қўшимча қилган ва бунга қатор мисолларни келтирган.

Шахматчи Ёқуббоев Прагадаги Challengers баҳсида ғолиб бўлди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Ёқуббоев Prague International Chess Festival халқаро мусобақаси босқичида биринчиликни қўлга киритилди. Бу ҳақда Ўзбекистон шахмат федерацияси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Жорий йилнинг 26 февралидан 7 мартигача давом этган шахмат мусобақасида Нодирбек Ёқуббоев 7 очко йиғишга муваффақ бўлган.

Фестиваль учта айланма мусобақани – Masters (асосий турнир), Challengers (асосий турнир учун саралаш) ва Futures (Challengers учун саралаш) кабиларни ўз ичига олган. 10 кишилик Challengers гуруҳида ўтказилган 9 та партияда Ёқуббоев 5 марта ғалаба қозонган, 4 марта эса ўйинни дуранг натижа билан якунлаган.

Мусобақа якунида Нодирбек Ёқуббоев ўзи сингари 7 очко жамғарган Йонас Бюль Бьерре билан баҳс юритиб, иккинчи партияда тай-брекда рақибини мағлуб қилишга муваффақ бўлган.

Мусобақадаги бу ғолиблик Ёқуббоев учун кейинги йилги фестивалда Masters гуруҳида дона суришга йўл очган.

Мактаб ва боғчаларда зўравонлик учун жазо кучайтирилади

2024 йили Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тарбия масканларида болаларга нисбатан қўполлик қилиниши ёки куч ишлатилиши билан боғлиқ юзлаб мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова 6 март куни давлат ва нодавлат мактабгача таълим тизими масъуллари билан учрашувда маълум қилди.

Ўрганишлар натижасида 32 нафар раҳбар ва тарбиячи лавозимидан озод этилган, 3 нафари жавобгарликка тортилган, 15 нафарига интизомий чора кўрилган, 15 та хусусий боғчага берилган лицензия бекор қилинган.

Мактаблардаги зўравонлик: "Ўқитувчи 10 яшар боламни аёвсиз калтаклади"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:17 0:00

Таълим-тарбияни куч ишлатишдан холи этиш режаси билан ўртоқлашган Ҳилола Умарова эндиликда бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик кучайтирилишини таъкидлаган.

“Болаларга нисбатан қўполлик қилган ёки шафқатсизларча муносабатда бўлган тарбиячи, педагогга қонун доирасида чора кўрилади. Узр, огоҳлантиришлар билан қутулиб қолиш йўқ, бу ўринда МТТ раҳбариятининг шахсий жавобгарлигини ҳам кучайтирамиз”, дея ишонтирган вазир.

Мулозимига кўра, “ҳар бир боланинг соғлом ва баркамол вояга етишига давлат кафил” ва “хусусийми, давлат тасарруфидаги боғчами, қонун талаби ҳамма учун бир”.

Боғчаларда тарбияланувчиларга нисбатан жисмоний зўравонлик, болаларни уриш ёки бошқа йўллар билан жазолаш тизимли муаммога айлангани айтилади.

Боғча тарбияланувчиларига нисбатан тегажоғлик ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова таълим муассасаларида болаларга қўпол муомала қилинишига мутлақо муросасиз бўлишга чақиргани маълум.

Тошкент уй бозорида пасайиш қайд этилди

Тошкентда қурилаётган уйлар. Архив.
Тошкентда қурилаётган уйлар. Архив.

Жорий йил январь ойида Тошкент шаҳри ижара бозорида сусайиш қайд этилди. Ижара нархи ўтган йилга нисбатан 10,7 фоизга пасайди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази кўчмас мулк бозори юзасидан эълон қилган таҳлилларга кўра, пойтахт бўйича ижара нархининг энг катта пасайиши Чилонзор (17,4 фоиз), Олмазор (16,7 фоиз) ва Яшнобод (14,3 фоиз) туманларига тўғри келган.

Ўртача ижара нархи бир квадрат метр учун 8,1 долларни ташкил этган.

Ой давомида олди-сотди шартномалари сони 25,5 мингтани ташкил этиб, 2024 йилнинг январига нисбатан 17,4 фоизга кўпайган. Аммо йиллик ҳисобда уй-жой нархи 2,3 фоизга пасайган. Туманлар кесимида нарх-наво пасайиши Сергели (1,8 фоиз), Юнусобод (1,7 фоиз) ва Мирзо Улуғбекда (1,5 фоиз) қайд этилган.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлиллари ҳам Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уй-жойларга киритилган инвестицияларнинг рентабеллиги сезиларли даражада пасайганини кўрсатганди.

Кўчмас мулкка сармоя киритиш банк омонатларига қараганда камроқ фойда келтирмоқда, деб хулоса қилган экспертлар.

Кадастр агентлиги “хитойликларга ер берилаётгани”ни рад этди

Расм иллюстрация учун қўлланилди.
Расм иллюстрация учун қўлланилди.

Ўзбекистоннинг Кадастр агентлиги Тошкент ерларини хитойликлар оммавий равишда хусусийлаштириб олаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида Хитой фуқаролари кўпайиб кетгани, "пойтахт ерлари хитойлик ишбилармонларга бериб юборилаётгани" ҳақида хабарлар тарқалганди.

Агентлик қонунчиликка мувофиқ чет элликлар ва юридик шахслар, фуқаролиги бўлмаганлар, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ер участкаларига фақат ижара ҳуқуқи асосида эга бўлиши мумкинлигини эслатган.

“Ижарага берилган ерни хусусийлаштириб олишади, дея ваҳимага тушишга ўрин йўқ, чунки чет элликларга ер хусусийлаштириб берилмайди”, дейилади хабарномада.

Ўзбек олтин конлари сувтекинга сотилмоқдами?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:54 0:00

Айни пайтда жамоат фаоллари мураккаблашиб бораётган глобал реалликлар шароитида амалдаги мезонлар етарли эмаслиги, чет эл фуқароларининг ер участкаларига ижара ҳуқуқини кескин чекловчи қоидалар киритиш лозимлигини айтмоқда.

Хитой Халқ Республикаси ташқи савдо айланмаси бўйича Ўзбекистоннинг энг фаол ҳамкорига айланган.

Пекин Ўзбекистонда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар бўйича ҳам биринчи ўринда туради.

Аввалроқ Озодлик суҳбатлашган экспертлар Хитой иқтисодий таъсири ошишининг салбий оқибатларидан огоҳлантириб, Пекин билан муносабатда мувозанатли ёндашув зарурлигини таъкидлашганди.

ОАВ: Андижон ҳокимининг собиқ ўринбосари иши судда кўрилмоқда

Андижон вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Ботиржон Ҳамроевга қарши қўзғатилган жиноят иши судда кўрилмоқда, деб хабар берди Daryo.uz нашри.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди судьяси Зафар Латипов раислигида кўрилаётган жиноят ишига Ботиржон Ҳамроев дохил 29 нафар мансабдор айбланувчи сифатида жалб этилгани айтилмоқда.

Судланувчилар Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди (жуда катта миқдорда) ва в-банди (уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) “а” банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) ва “б” бандида (уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Олий суд ҳозирча мазкур жиноят иши юзасидан маълумот эълон қилгани йўқ.

2019 йилдан Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари – вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Ботиржон Ҳамроев 2024 йил ноябрь ойида бюджет маблағларининг талон-торож қилиниши, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа ҳолатлар бўйича терговга чақиртирилган ҳамда процессуал тартибда ушланган эди.

Ўшанда мулозимнинг уйидан 3 миллион доллар пул чиққани ҳақидаги хабар тарқалганди. Расмий идоралар бу хабарни на тасдиқлаган, на рад этган.

Wildberries’дан Ўзбекистон ғазнасига қўшимча 51 миллиард сўм ундирилди

Россия резиденти саналган Wildberries маркетплейси Ўзбекистон солиқ қонунчилигининг айрим талабларига риоя қилмагани аниқланди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Ўзбекистонда WB Int Export МЧЖ шаклида фаолият юритиб келаётган Wildberries фаолияти солиқ тафтишидан ўтказилган. Аудит якунида ширкат 2022-2024 йиллар учун бюджетга қўшимча ҳисобланган 51,2 миллиард сўм (шундан, 42,8 миллиард сўми ҚҚС) солиқ тўлаган.

Солиқ қўмитаси “барча солиқ тўловчиларга ягона ва объектив ёндашувни қўллаб-қувватлаб, солиқ мажбуриятларини бажариш учун тенг шароитларни яратиш” тамойилига амал қилишини эслатган.

2004 йилда ташкил этилган Wildberries халқаро онлайн ритейлери электрон платформалар орқали кийим-кечак, электроника ва уй-рўзғор буюмлари сотиш билан шуғулланади. Йигирмага яқин мамлакатда ишлайдиган ширкат 2022 йилда Ўзбекистонга бозорига ҳам кириб келган.

Таҳлилчиларга кўра, сўнгги ҳодисалар Ўзбекистон Солиқ қўмитаси онлайн савдо платформалари фаолиятини тартибга солишга “жиддий киришгани”дан далолат беради.

Озодлик аввал хабар берганидек, Ўзбекистонда жорий йил 20 мартдан бошлаб Хитойнинг Temu платформасидан фойдаланиш чекланмоқда.

Солиқ қўмитаси матбуот хизматига кўра, Temu платформаси Ўзбекистон Республикасининг электрон тижорат, чакана савдо, реклама, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаётгани аниқланган.

Ўзбекистон ва Грузия ўзаро савдо ҳажмини оширмоқчи

Абдулла Арипов ва Иракли Кобахидзе.
Абдулла Арипов ва Иракли Кобахидзе.

Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми мамлакатлар салоҳиятига мос эмас, деб таъкидланди Тошкентда 5 март куни бош вазирлар Абдулла Арипов ва Иракли Кобахидзе учрашувида.

Ўзбекистон бош вазири матбуот хизмати маълум қилишича, музокараларда икки давлат ўртасидаги Эркин савдо келишуви имкониятларини тўлиқ ишга солиб, яқин йилларда савдо ҳажмини 1 млрд долларга етказиш зарурлиги қайд этилган.

Бу натижага тўқимачилик, пойабзал ва чарм, электротехника, озиқ-овқат маҳсулотлари, рангли ва қора металлар, мева-сабзавот, кимё маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва бошқа товарлар олди-сотдисига кенг йўл очиш орқали эришиш мумкинлиги билдирилган.

Тошкент ва Тбилиси асосий эътиборни уч йўналиш – савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, инвестиция ва кооперация лойиҳалари кўламини кенгайтириш ҳамда транспорт-логистика тизимини яхшилашга қаратишга келишган.

Учрашувда, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликни кучайтириш, жумладан, Самарқанд ва Батуми, Бухоро ва Мсхета шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликнинг йўлга қўйиш масаласи муҳокама этилган.

4-5 март кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлган Грузия бош вазири Иракли Кобахидзе президент Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ҳамда Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов билан ҳам учрашув ўтказган.

Мирзиёев билан мулоқотда ҳам товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш, экспорт ва импорт мутаносиблигини таъминлаш, саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш муҳимлиги таъкидланган.

Ангрендаги кўмир конида "БелАЗ" ҳайдовчиси ҳалок бўлди

“Ангрен” кўмир кони.
“Ангрен” кўмир кони.

Тошкент вилоятидаги “Ангрен” кўмир конида инсоний талафотга олиб келган фожиа рўй берди.

“Ўзбеккўмир” АЖ матбуот хизмати хабарномасига кўра, 5 март куни соат 10:15 ларда “БелАЗ” русумли автоағдаргич тоғ жинсларини тўкиш вақтида орқага сирпаниб, ағдарилиб кетган ва алангаланиш рўй берган.

Ўт ўчирувчилари воқеа жойига тезлик билан етиб келиб ёнғинни тўлиқ ўчиришган. Ҳодиса оқибатида оғир жароҳатланган ҳайдовчи А.Аҳмеджонов шошилинч равишда шаҳар марказий шифохонасига етказилган. Аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, у шифохонада вафот этган.

Ҳодиса юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан суриштирув олиб борилаётгани билдирилган.

“Ўзбеккўмир” АЖ раҳбарияти марҳумнинг оила аъзоларига таъзия изҳор этган.

Озодлик аввал хабар берганидек, жорий йил январь ойида Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги “Қорақўтон” тоғ конидан ноқонуний равишда олтин рудасини қазиб олмоқчи бўлган икки фуқаро фожиали тарзда ҳалок бўлганди.

Ўтган йилнинг сентябрида Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ конида рўй берган авария оқибатида Enter Engineering ширкати ишчилари ҳалок бўлгани маълум.

Метан "заправка"лар босқичма-босқич очилади - вазирлик

6 март куни соат 09:00 дан бошлаб Ўзбекистондаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (метан заправкалар) фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилади, деб маълум қилди Энергетика вазирлиги.

Вазирлик қайдича, март ойининг дастлабки кунларида мамлакатда ҳаво ҳарорати кескин тушиб, табиий газ истеъмоли ортиши ва қувурларда босимнинг пасайиши кузатилган. Мазкур ҳолатда биринчи навбатда аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлашга устуворлик қаратилган ва автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти вақтинчалик тўхтатилган.

“Ўтган кунлар мобайнида олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида қувурларда газ босими нормаллаштирилди. Бу эса метан заправкалар иш фаолиятини тиклаш имконини яратди”, дейилади расмий хабарномада.

Zimiston-UZ. Газ ва свет муаммоси, метанга навбат билан ўтган қиш
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:23:52 0:00

Энергетика вазирлиги келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраган.

Ўзбекистонликлар бу йилги аёзни ҳам газ муаммоси, метан шохобчаларидаги узун навбатлар ва электр энергиясидаги узилишлар билан ўтказишди. Ҳукуматнинг бу йил қишда газ ва свет муаммоси бўлмайди, қабилидаги ваъдалари ваъдалигича қолди.

Маълумот ўрнида: 2024 йил 9 декабрдан истеъмол юқори бўлган ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига чеклов киритилганди.

Аввалроқ Энергетика вазирлиги мулозимининг энергобўҳронни оқлашга уриниши жамоатчиликнинг кескин танқидига сабаб бўлганди.

Маҳкумнинг уйини "ўзлаштирган" ҳоким муовини ишдан олинди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳри ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Зуфар Каримов ишдан бўшатилди.

Оҳангарон шаҳри ҳокими Музаффар Ражаббоевнинг 2025 йил 3 мартдаги қарорида Каримовнинг ишдан олинишига асос сифатида унинг аризаси ҳамда Меҳнат кодексининг 160-моддаси (ходимнинг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш) келтирилган.

2022 йил июль ойидан буён Оҳангарон ҳокими муовини вазифасида ишлаб келган Зуфар Каримов номи аввалроқ Kun.uz нашри суриштируви тилга олинган эди.

Суриштирувда қайд этилишича, 2007 йилда одам ўлдиришга суиқасд жиноятида айбланиб, 19 йилга озодликдан маҳрум қилинган Рустам Қурбоновга тегишли Оҳангарон шаҳридаги уйни таниши Зуфар Каримов суднинг ҳал қилув қарори билан ўз номига расмийлаштириб олган.

Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судида кўрилган суд ишида квартира эгаси иштирок этмаган. Аммо суд ҳужжатларида аслида узоқ муддатга қамалган мулк эгаси “Россияга ишлаш учун кетди ва 4 йилдан бери ундан хабар бўлмади” деб расмийлаштирилган.

Суриштирувдан кейин Бош прокуратура ҳолат ўрганилаётгани ва вазиятга ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилган. Аммо ҳозирча текширув натижалари эълон қилинмаган.

Сўнгги вақтларда ҳоким ўринбосарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида бот-бот хабар берилаётганини кузатиш мумкин.

Озодлик жорий йил январь ойида Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри ҳокимининг собиқ ўринбосари Қодир Додоев жуда кўп миқдорда фирибгарлик жиноятини содир қилганликда айбдор деб топилиб, 9 йилга қамалгани ҳақида хабар қилганди.

2024 йил ноябрь ойида эса Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ҳокими ўринбосари 1 миллион доллар пора олган вақтида ушланган эди.

Temu Ўзбекистонда солиқ тўлашдан бош тортган- ИЛМА

Хитойнинг Temu платформаси маъмурияти Ўзбекистон солиқ идораларида рўйхатдан ўтиш ва юридик шахс сифатида фаолият юритишдан бош тортган. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг (ИЛМА) электрон тижорат бўлими бошлиғи Камронбек Муҳаммадиев Gazeta.uz нашрига интервьюсида маълум қилди.

“ИЛМА ҳам, Солиқ қўмитаси ҳам Temu билан расман боғланган. Мурожаатда улар солиқ органларида рўйхатдан ўтиш ёки юридик шахс очиш ниятлари йўқлиги, яъни ҳеч қандай солиқ тўлашни истамасликлари ҳақида расман жавоб берди. Компания халқаро платформа эканини, улар бу ерда ишламаслигини ва гўёки фойда келтирмаётганини айтди”, дейди Камронбек Муҳаммадиев.

ИЛМА мулозимига кўра, аслида катта савдо ҳажмига эга Temu ширкати нархларни тушириш ва агрессив маркетинг кампанияларида жуда фаол иштирок этмоқда.

Озодлик аввал хабар берганидек, Ўзбекистон Солиқ қўмитаси жорий йил 20 мартдан эътиборан Temu платформасидан фойдаланиш чекланишини маълум қилганди.

Қўмита матбуот хизматига кўра, платформа Ўзбекистон Республикасининг электрон тижорат, чакана савдо, реклама, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаётгани аниқланган.

ИЛМА вакили Камронбек Муҳаммадиев Spot нашрига маълум қилишича, Temu ширкати сўнгги беш ой ичида Ўзбекистондан солиқ тўламаган ҳолда 50 миллион долларлик маблағни олиб чиққан.

Ўзбекистон олтин сотиб олиш бўйича яна биринчи бўлди

Ўзбекистон, олтин. Иллюстрация.
Ўзбекистон, олтин. Иллюстрация.

Жорий йил январь ойида Ўзбекистон жаҳон бўйича олтиннинг энг йирик харидори бўлди.

Бутунжаҳон олтин кенгаши (World Gold Council) таҳлилларига қараганда, Ўзбекистон Марказий банки 8 тонна соф олтин сотиб олган. Шу тариқа унинг олтин захираси салкам 391 тоннага етган. Бу умумий захираларнинг 82 фоизини ташкил этади.

Олтиннинг асосий харидорлари учлигидан Хитой (5 тонна) ҳамда Қозоғистон (4 тонна) ҳам ўрин олди.

Экспертларга кўра, марказий банкларнинг олтинга бўлган катта қизиқиши сақланиб қолмоқда. Геосиёсий хатарлар ортиши фонида ушбу стратегик маъданга бўлган талаб янада ортмоқда.

Ўзбек олтин конлари сувтекинга сотилмоқдами?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:54 0:00

Ўзбекистон ўтган йилларда ҳам олтин сотиб олиш бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллагани маълум.

40 га яқин мулозим уюшган жиноий гуруҳ аъзоси бўлган - ДХХ

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўн етти нафар солиқ идоралари ходими, бир нафар божхоначи, бир нафар банкир, бир нафар туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ва ўн саккиз нафар тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахсларидан иборат уюшган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди.

ДХХ матбуот хизмати маълум қилишича, 2020-2023 йиллар давомида 8 та сохта корхона ташкил қилган ушбу жиноий гуруҳ хорижга сохта экспорт қилинган мебель маҳсулотлари учун қайтарилиши белгиланган 15 фоиз қўшилган қиймат солиғининг (ҚҚС) салбий фарқ суммасини асоссиз қайтариб олиш орқали жами 24 млрд 580 млн сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган.

Жиноий гуруҳ фаолиятини солиқ идораларининг собиқ ходими мувофиқлаштириб борган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167, 179, 184, 209 ва 228-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилган.

Тергов давомида 6 млрд 808 млн сўм давлат ҳисобига ундирилган. Шунингдек, етказилган зарарни қоплаш учун 6 млрд 300 млн сўмлик мол-мулк, жумладан, 1 та кўп қаватли хусусий тиббий клиника биноси, 1 та автомобиллар ювиш шохобчаси, 2 та хонадон, 6 та автомашина ҳамда телефон ва компьютер жиҳозлари хатланган.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди томонидан 38 нафар судланувчининг 14 нафари 5 йил 6 ойдан 7 йил 6 ой муддатгача озодликдан маҳрум қилинган. Қолган судланувчиларга эса моддий зарарни қоплаш мажбурияти билан синов муддати, озодликни чеклаш каби жазолар тайинланган.

Аввалроқ маҳаллий блогерлар давлат солиқ инспекцияси бош инспектори дохил 30 кишилик бошқа бир жиноий гуруҳ ҚҚСни сохта схемалар орқали қайтариш йўли билан давлатга қарийб 168 млрд сўм зарар етказгани ҳақида хабар қилганди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG