Ўзбекистон хабарлари
Ўзбекистонда бюджет тақчиллиги 37,3 триллион сўмдан ошди

Ўзбекистонда жорий йилнинг 9 ойида давлат бюджети даромадлари 186,3 триллион сўмни, харажатлари эса 223,7 триллион сўмни ташкил этган. Шу тариқа тақчиллик 37,3 триллион сўмдан ошиб кетган. Бунга Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳисоботини ўрганган “Kun.uz” нашри эътибор қаратди.
Вазирлик очиқлаган маълумотларга кўра, сентябрь ойида давлат бюджети даромадлари 26 триллион 665 миллиард сўмни, харажатлари эса 27 триллион 136 миллиард сўмни ташкил қилган. Демак, биргина сентябрь ойида даромад ва харажат ўртасидаги салбий тафовут 471 миллиард сўмга етган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил учун давлат бюджети ҳақидаги қонунда даромадлар 270,4 триллион сўмни, харажатлар эса 280,7 триллион сўмни ташкил этиши прогноз қилинган эди.
Бутунжаҳон Олтин кенгаши маълумотларига кўра, жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон 11 тонна олтин сотиб, бу қимматбаҳо экспорти бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаган. Иқтисодий таҳлилчилар ҳукумат бюджет дефицитини ёпиш учун кўпроқ олтин сотаётганини айтишган.
Кун янгиликлари
Ўзбекистон олтин сотиб олиш бўйича яна биринчи бўлди

Жорий йил январь ойида Ўзбекистон жаҳон бўйича олтиннинг энг йирик харидори бўлди.
Бутунжаҳон олтин кенгаши (World Gold Council) таҳлилларига қараганда, Ўзбекистон Марказий банки 8 тонна соф олтин сотиб олган. Шу тариқа унинг олтин захираси салкам 391 тоннага етган. Бу умумий захираларнинг 82 фоизини ташкил этади.
Олтиннинг асосий харидорлари учлигидан Хитой (5 тонна) ҳамда Қозоғистон (4 тонна) ҳам ўрин олди.
Экспертларга кўра, марказий банкларнинг олтинга бўлган катта қизиқиши сақланиб қолмоқда. Геосиёсий хатарлар ортиши фонида ушбу стратегик маъданга бўлган талаб янада ортмоқда.
Ўзбекистон ўтган йилларда ҳам олтин сотиб олиш бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллагани маълум.
40 га яқин мулозим уюшган жиноий гуруҳ аъзоси бўлган - ДХХ

Ўн етти нафар солиқ идоралари ходими, бир нафар божхоначи, бир нафар банкир, бир нафар туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ва ўн саккиз нафар тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахсларидан иборат уюшган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди.
ДХХ матбуот хизмати маълум қилишича, 2020-2023 йиллар давомида 8 та сохта корхона ташкил қилган ушбу жиноий гуруҳ хорижга сохта экспорт қилинган мебель маҳсулотлари учун қайтарилиши белгиланган 15 фоиз қўшилган қиймат солиғининг (ҚҚС) салбий фарқ суммасини асоссиз қайтариб олиш орқали жами 24 млрд 580 млн сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган.
Жиноий гуруҳ фаолиятини солиқ идораларининг собиқ ходими мувофиқлаштириб борган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167, 179, 184, 209 ва 228-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилган.
Тергов давомида 6 млрд 808 млн сўм давлат ҳисобига ундирилган. Шунингдек, етказилган зарарни қоплаш учун 6 млрд 300 млн сўмлик мол-мулк, жумладан, 1 та кўп қаватли хусусий тиббий клиника биноси, 1 та автомобиллар ювиш шохобчаси, 2 та хонадон, 6 та автомашина ҳамда телефон ва компьютер жиҳозлари хатланган.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди томонидан 38 нафар судланувчининг 14 нафари 5 йил 6 ойдан 7 йил 6 ой муддатгача озодликдан маҳрум қилинган. Қолган судланувчиларга эса моддий зарарни қоплаш мажбурияти билан синов муддати, озодликни чеклаш каби жазолар тайинланган.
Аввалроқ маҳаллий блогерлар давлат солиқ инспекцияси бош инспектори дохил 30 кишилик бошқа бир жиноий гуруҳ ҚҚСни сохта схемалар орқали қайтариш йўли билан давлатга қарийб 168 млрд сўм зарар етказгани ҳақида хабар қилганди.
Ҳиндистон–Ўзбекистон транспорт йўлаги узайтирилди

“Ўзтeмирйўлконтeйнeр” АЖ томонидан Ҳиндистондан Қозоғистонга биринчи контeйнeр поезди ҳаракати амалга оширилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ матбуот хизмати маълум қилди.
12 та контейнердан иборат биринчи поезд Мундра (Ҳиндистон) портидан Сороковая (Қозоғистон) станциясига жўнаб кетган. Юклар Эрон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудуди бўйлаб, денгиз (1585 км) ва темирйўл (4300 км) орқали манзилга етказилади.
Лойиҳа “Ўзтемирйўлконтейнер” АЖ, “TULM” ОАЖ (Туркманистон транспорт-логистика маркази) ва “Кедентранссервис” ОАЖ (Қозоғистон логистика терминаллари оператори) ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Аввалроқ Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида (Мундра–Сирғали йўналишида) контейнер ташиш амалга оширилган эди. Янги қатнов Ҳиндистон–Ўзбекистон халқаро транспорт йўлаги Қозоғистонгача узайтирилганидан далолат беради.
“Ўзтемирйўлконтейнер” бошқаруви раиси Мирзиёд Мирҳамидов ҳам компания эндиликда Ҳиндистон–Марказий Осиё мультимодал йўлаги бўйлаб контейнер поездларини мунтазам жўнатишини билдирган.
Сўнгги вақтларда минтақа давлатлари темир йўл орқали юк ташиш имкониятларини оширишга ҳаракат қилмоқда.
Озодлик аввал хабар берганидек, 2024 йил 27 декабрь куни Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилишига старт берилди.
486 километрлик янги йўлак Евросиё қитъалараро кўпригининг жанубий тармоғига айланиши ва Жанубий-Шарқий, Ғарбий Осиё ҳамда Яқин Шарқ мамлакатлари, шу жумладан, Туркия, кейин эса Европа Иттифоқи бозорларига олиб чиқиши кутилмоқда.
Расмий Тошкентга кўра, жорий йилда Термиз–Мозори Шариф–Кобул–Пешовар трансафғон темир йўли қурилиши ҳам бошланади.
ИИВ ортидан Бош прокуратурада янги тайинловлар

Ўзбекистон президенти фармони билан Дилмурод Қосимов бош прокурор ўринбосари этиб тайинланди, деб маълум қилди БП матбуот хизмати.
Дилмурод Қосимов 2003-2017 йилларда прокуратура органларида турли лавозимларда ишлаган. 2017 йилдан буён эса президентнинг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (бизнес-омбудсман) лавозимида ишлаб келаётган эди.
2023 йил ноябрь ойидан буён Навоий вилояти прокурори вазифасида фаолият юритаётган Азамат Мирзаев эса Тошкент вилояти прокурорлигига ўтказилди. У 2023 йил августидан буён Тошкент вилояти прокуратурасини бошқарган Сирожиддин Эшқувватов ўрнини эгаллаган. Эшқувватовнинг кейинги тақдирига ойдинлик киритилмаган.
Озодлик 3 март куни Пўлат Бобожонов ички ишлар вазири лавозимидан бўшатилиб, унинг ўрнига Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи лавозимида хизмат қилиб келган Азиз Тошпўлатов тайинлангани ҳақида хабар берганди.
Бўшаб қолган пойтахт ИИББ бошлиғи курсисини 2023 йил август ойидан буён Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Равшан Султанхўжаев эгаллаган.
25 февраль куни Ботир Қудратхўжаев бош прокурор ўринбосари – ҳарбий прокурор лавозимидан озод этилиб, фавқулодда вазиятлар вазири лавозимига тайинланганди.
4 март куни президент қарори билан Қудратхўжаевга икки янги ўринбосар тайиланган.
Хуршид Сотиев эндиликда ФВВ ўринбосари – фавқулодда вазиятлар профилактикаси департаменти бошлиғи, Нуриддин Қодиров эса ФВВ ўринбосари – маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи вазифасини бажаради.
Президент Мирзиёев 5 март куни коррупциянинг олдини олишга доир йиғилишда маълум қилишича, фавқулодда вазиятлар вазири ва унинг ўринбосарлари “қурилишга рухсат бериш, бинони топширишда ёнғин хавфсизлиги бўйича бюрократия ва қонун бузилиш кўпайиб кетгани” сабаб ишдан олинган.
Ўзбекистонда Temu платформаси чекланмоқда

Ўзбекистонда жорий йил 20 мартдан эътиборан Temu платформасидан фойдаланиш чекланади.
Солиқ қўмитаси матбуот хизмати қайдича, хорижий электрон савдо платформалари фаолиятини ўрганиш жараёнида айрим платформалар Ўзбекистон Республикасининг электрон тижорат, чакана савдо, реклама, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаётгани аниқланган.
Қўмита, шунингдек, электрон тижорат операторлари, хусусан, электрон савдо платформалари операторлари сифатида фақат юридик шахслар – Ўзбекистон Республикаси резидентлари фаолият юритиши мумкинлигини эслатган.
“Тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида юртдошларимиздан бугунги кундан бошлаб Temu платформасида буюртма бермасликларини сўраймиз. Агар буюртма бундан олдин амалга оширилган бўлса, платформада тўловни қайтаришни ташкил этиш тавсия этилади”, дейилади Солиқ қўмитаси ҳамда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг қўшма хабарномасида.
Сўнгги вақтларда Temu интернет дўкони асосан Хитойда ишлаб чиқарилган арзон нархдаги моллари билан кўплаб ўзбекистонликларни жалб эта бошлагани айтилади.
Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда Amazon, AliExpress каби турдош электрон савдо платформаларига дахл этилмагани ҳолда фақат Тemu фаолияти чеклангани эътироз уйғотган.
Иқтисодчи Отабек Бакиров буни “ўта тор манфаатларга ишловчи субъектив, хато қарор”, “истеъмолчилар зиёнига ишлайдиган ҳаракат” деб баҳолаган.
Жамоат фаоли Расул Кушербоев эса Тemu Индонезия ва Вьетнамда ҳам блоклангани, Туркияда платформа маҳсулотларига 60 фоизлик бож жорий қилингани, маркетплейс фаолиятига чекловлар Европа Иттифоқи ва АҚШда ҳам муҳокама қилинаётгани ҳақида ёзган.
Ўзбек-қозоқ чегарасида қўшимча савдо йўлаклари очилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртадаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш мақсадида тўртта қўшимча савдо йўлаклари очилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВнинг “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси Бахтиёр Ибрагимов Жетису вилояти тадбиркорлари билан учрашувда мазкур ташаббус ҳақида гапирган.
Дипломатик миссия раҳбари расмий Тошкент давлат чегараларидаги назорат-ўтказиш пунктларини таъмирлаётгани ва бу ҳам товар айирбошлаш ҳажмининг ошишига хизмат қилишини айтган.
Тўртта қўшимча савдо йўлаклари айнан қайси ҳудудларда ташкил этилиши очиқланмаган.
Расмий статистикага кўра, 2024 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,2 миллиард доллардан ошган. Тошкент ва Остона бу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказиш режасини эълон қилган.
Озодлик февраль ойи бошида ўзбек–қозоқ чегарасидаги “Довут ота” (“Тажен”) божхона маскани ҳамда “Ғишткўприк” божхона пости 3-4 ой муддатга ёпилгани ҳақида хабар қилган эди.
Қашқадарёдаги Қизилсув сув омбори "қуритилди"

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги Қизилсув сув омбори тўсиқлари очилиши оқибатида сувга қўшилиб миллионлаб майда балиқлар оқиб чиққани ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган.
ЎзА вазиятга ойдинлик киритишича, Қизилсув (халқ тилида Нўғайли) сув омбори тиклаш-таъмирлаш мақсадида қуритилган.
“Сув омбори 9 миллион метр куб сув ҳажмига эга, ҳозирги пайтда 5 миллион 800 метр куб фойдали ҳажми бор. Сувни очишимизга сабаб қурилгандан буён тиклаш-таъмирлаш ишлари бажарилмаган эди. Авария эшиги, санитар қувурларида таъмирлаш ишларини олиб бориш керак эди. Чунки уларнинг йиллар ўтиб емирилиши оқибатида сув сизиш ҳолатлари кузатилаётганди. Сувни тўлиқ қуритмасдан эса бу ишларни амалга ошириб бўлмайди. Шунинг учун хабарнома асосида сувни чиқарганмиз. Қизилсув сув омборидан чиққан сув Яккабоғ гидроузели орқали Чимқурғон сув омборига ташланган. Сув шунчаки оқизиб юборилгани йўқ”, деган Қизилсув сув омбори бошлиғи Тошкент Сиддиқов.
Қурилиши 1980 йилда бошланиб, 1991 йилда фойдаланишга топширилган ушбу гидроиншоот асосан Турнабулоқ дарёсидан тўйинади. Йиғилган сув Яккабоғ гидроузели орқали қишлоқ хўжалик экинларини суғоришга йўналтирилади.
Тошкент Сиддиқовнинг таъкидича, таъмирлаш ишлари сув энг кам келадиган маҳалда ўтказилмоқда ва тиклаш-таъмирлаш ишлари узоғи билан тўрт кунда тамомланади.
Иншоот вақтида таъмирланмаса келгусида фожиали ҳолатларга олиб келиши мумкинлигини айтган сув омбори бошлиғи миллионлаб балиқлар оқиб кетгани ҳақидаги хабарларга изоҳ бермаган.
Пора олган ИИБ терговчиси қамалди

Тошкент шаҳри ички ишлар тизими терговчиси пора сабаб жиноий жазога тортилди.
Kun.uz нашри суд ҳужжатига таяниб ёзишича, Бектемир тумани ИИО ФМБ терговчиси лавозимида ишлаб келган Н.Ҳ. 2024 йил 17 сентябрь куни иш юритувидаги жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида жалб этилган фуқародан қамоқ эҳтиёт чораси қўлламаслик эвазига 500 доллар олганда ушланган.
Собиқ терговчи судда пул миннатдорлик сифатида берилганини иддао қилиб, ўзига нисбатан оқлов ҳукми чиқарилишини сўраган.
“Гумонланувчига Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми билан айблов эълон қилиб, унга нисбатан гаров эҳтиёт чорасини танлаганлиги ҳақида қарордан бир нусха бердим. У ишини қонун доирасида тез кўриб берганим учун раҳмат сифатида 500 доллар бериб кетишини айтди”, деган у ўз кўрсатмасида.
Пулни хизмат хонасида олган терговчининг айби гувоҳларнинг кўрсатмалари, суд-кимёвий экспертиза хулосаси ва бошқа далиллар билан исботини топган, дейилади суд ҳужжатида.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг ҳукми билан Н.Ҳ. ЖКнинг 210-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга 3 йил ИИВ тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Кейинги йилларда ички ишлар тизими вакилларининг пора билан қўлга олингани ҳолатлари кўпайгани айтилади.
Ўтган йил октябрь ойида Cамарқанд вилояти Пахтачи тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор вакили порахўрлик сабаб жиноий жазога тортилган эди. Ўшанда ходим судда ўз айбига иқрорлик билдираркан, “муҳтож бўлгани”, “турмуш ўртоғи ва синглиси касал бўлиб қолгани” ва “кўп миқдорда жарималари борлиги” важидан пора олганини айтган.
Ўтган йилнинг октябрида, шунингдек, бангифурушга кўмаклашган ИИБ ходими 10 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.
Ногиронлиги бор болаларга транспорт хизмати кўрсатилади

Ўзбекистонда 2025 йил якунига қадар ногиронлиги бўлган болалар ижтимоий соҳа объектлари, таълим муассасаларига бориб келишига қулайлик яратиш мақсадида ижтимоий транспорт хизмати йўлга қўйилади.
Вазирлар Маҳкамасининг “Транспорт хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали кўриш ва ҳаракатланиш билан боғлиқ касалликларга чалинган алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун таълим олиш шароитларини яхшилаш тўғрисида”ги 132-сонли қарорида ана шундай вазифа белгиланган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати маълум қилишича, ушбу хизматни 2025 йил 1 апрелдан Тошкент, Андижон ва Самарқанд шаҳарларида пилот лойиҳа сифатида, 2025 йилнинг якунига қадар эса республиканинг бошқа ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилади.
Лойиҳа доирасида ихтисослаштирилган мактаб, мактаб-интернатлари, шу жумладан, ушбу муассасалардаги “Ғамхўрлик” гуруҳларида, умумтаълим мактабларининг инклюзив синфларида ҳамда реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларида таълим олувчи кўриш ва ҳаракатланиш билан боғлиқ касалликларга чалинган болаларга транспорт хизмати кўрсатилади.
Хизматдан фойдаланганлик учун тўлов ва субсидия тизими жорий этилади. Субсидия шаклидаги тўловлар агентликнинг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Озодлик аввалроқ “Ўзбекистоннинг кўринмас одамлари” – ногиронлиги бўлган шахслар дуч келаётган муаммоларга мутасаддилар эътиборини қаратганди.
Пўлат Бобожоновга янги лавозим берилди

Генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Ўзбекистон президентининг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчисининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот котиби маълум қилди.
3 март куни Пўлат Бобожонов ички ишлар вазири лавозимидан бўшатилиб, унинг ўрнига Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи лавозимида хизмат қилиб келган Азиз Тошпўлатов тайинлангани ортидан собиқ вазирнинг кейинги тақдири номаълум бўлиб қолаётган эди. Янги тайинлов Озодлик манбаларининг Бобожоновга президент администрациясидан иш берилиши ҳақидаги маълумотини тасдиқламоқда.
2017 йил сентябрдан буён ИИВга раҳбарлик қилиб келган Пўлат Бобожонов эндиликда президентнинг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаевга ўринбосарлик қилади.
Ўтган йил ноябрида ички ишлар вазирлиги ва Тошкент шаҳри ИИББнинг қатор юқори лавозимли ва тезкор ходимлари ишдан бўшатилганди.
Озодлик манбалари бу истеъфолар президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасдга боғлиқ эканини айтишган.
Озодлик ихтиёрида Бобожоновнинг истеъфосини Алламжоновга суиқасд билан боғловчи маълумот йўқ, аммо ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбалари буни айнан суиқасддан куч тизимларида бошланган “тозалаш”нинг давоми демоқда.
Уларнинг тахминича, бошқа куч тузилмалари, шунингдек, Олий судда ҳам ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.
Прокуратурадан чиққан ва Каримов бошқаруви даврида бир муддат Хоразм вилояти ҳокими лавозимида ишлаган 65 яшар Пўлат Бобожоновнинг ИИВга раҳбарлиги даврида тизим қийноқлар билан боғлиқ можаролар марказида бўлди.
Ҳуқуқ фаоллари ички ишлар тўғрисида узоқ кутилган қонун қабул қилинганидан кўп ўтмай вазир лавозимига тайинланган Бобожоновни қийноқлар билан боғлиқ вазиятни ўзгартира олмагани учун танқид қилишган.
ИИБдаги қатор шубҳали ўлим ҳодисалари ортидан Ўзбекистондаги жамоат фаоллари Бобожоновнинг истеъфосини ҳам талаб қилгани маълум. Вазирнинг ўзи бу каби чақириқлар ва фаолларнинг танқидларига расмий муносабат билдирмаган. У маҳаллий журналист ва блогерларнинг матбуот билан очиқ мулоқот қилиш ҳақидаги чақириқларини ҳам жавобсиз қолдирган.
Яна бир гуруҳ ўзбекистонлик АҚШдан Тошкентга қайтарилади

АҚШ томонидан Коста Рикага депортация қилиниши керак бўлган Ўзбекистон фуқаролари Нью-Йорк орқали Тошкентга қайтарилади.
“Коста Рикага юборилиши режалаштирилган, лекин ватанга қайтиш ниятида бўлган яна 10 нафар фуқаромиз мазкур ҳафта давомида Нью-Йорк – Тошкент йўналиши бўйича Ўзбекистонга етиб келади”, деб маълум қилди Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов.
ТИВ мамлакат фуқароларини Қўшма Штатлардан хавфсиз депортация қилиш масаласида АҚШ ва Лотин Америкаси давлатлари билан алоқада бўлиб турганини билдирган.
24 февраль куни Вашингтон билан олиб борилган музокаралар натижасида Коста Рикага юборилиши режалаштирилган, лекин Ўзбекистонга қайтиш ниятида бўлган 7 нафар ўзбекистонлик мамлакатга қайтарилганди.
19 февраль куни АҚШдаги икки юздан зиёд ҳиндистонлик ва марказий осиёлик ноқонуний мигрант сафида бир гуруҳ ўзбекистонлик ҳам Коста Рика Республикасига келтирилганди.
Коста Рика ҳукумати 200 нафар ноқонуний муҳожирни ўз мамлакатига қайтаришда Вашингтон билан ҳамкорлик қилишга розилик билдирган. Марказий Америка давлатига келтирилган ўзбекистонликлар тақдирига расман ойдинлик киритилганича йўқ.
Жорий йил 20 январидан президентлик лавозимига киришган Дональд Трамп ноқонуний миграцияга қарши беаёв кураш эълон қилган.
Озодлик аввалроқ АҚШда яшаб келаётган 975 нафар ўзбекистонлик ноқонуний мигрант сифатида бадарға қилиниши мумкинлиги ҳақида хабар қилган эди.
2023 йил сентябридан 2024 йил сентябригача Қўшма Штатлардан Ўзбекистонга 572 киши депортация қилинган.
Ажнабий сўзларга ўзбекча муқобил таклиф этилмоқда

Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимларидан иборат ишчи гуруҳ хорижий атамаларни ўзбекча муқобилларига алмаштириш бўйича таклифни илгари сурди.
Тилшунослар ҳозича ўттизта атаманинг ўзбекча муқобилини таклиф этишган. Жумладан, кундалик муомалада кўп қўлланаётган “доставка” (етказиш), “челленж” (чорлов), “навигатор” (йўллагич), “селфи” (ўзчеким), “светофор” (йўлчироқ), “оправа” (кўзойнак банди), “кешбэк” (ҳадя-қайтим), “повербанк” (кучлантиргич), “акция” (ялпи ҳаракат) каби сўзларга вариант тақдим этилган.
Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимларидан иборат гуруҳ Атамалар комиссиясининг ишчи кенгаши саналади. Экспертлар жамоатчиликни тил тақдирига бефарқ бўлмаслик ва миллий муқобиллар муҳокамасида фаол қатнашишга чақирган.
Мамлакат зиёлилари ўзбек тилининг мавқеидан хавотир билдириб келади. Жумладан, таҳлилчи Сардор Салим ҳукмрон элитани тил ислоҳотини пайсалга солишда айблаганди.
Озодлик аввалроқ Путин рус тилини жаҳон миқёсида кенг тарғиб-ташвиқ этишга зўр бераётган бир паллада ўзбек тилининг истиқболини таҳлил қилганди.
Карманада яна бир ўқувчи ўзини осди

Навоий вилояти Кармана туманидаги 30-мактабнинг 8-синф ўқувчиси ўзини осиб вафот этди.
Gazeta.uz нашри Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб хабар беришича, 27 февраль куни рўй берган ҳолат бўйича туман прокуратураси терговга қадар текширув бошлаган.
Марҳуманинг онаси қизи мактабда геометрия фани ўқитувчиси билан тортишувдан сўнг ўз жонига қасд қилганини айтган.
Мактаб маъмурияти ўша куни ўқитувчи ва қиз ўртасида тортишув бўлганини тасдиқлаб, охирги кунларда қизнинг руҳиятида ўзгариш кузатилмаганини маълум қилган.
Муассаса директорига кўра, охирги вақтлар мактабда ўқувчилар ўлими кўпайиб кетгани юзасидан психологик суҳбатлар ва профилактик тадбирлар ўтказилган.
Kun.uz нашри Карманадаги 30-умумтаълим мактабида 2024 йил ноябрь ва декабрь ойларида икки ўқувчи ўзини осиш орқали жонига қасд қилгани ҳақида ёзганди.
Озодлик аввал хабар берганидек, 19 февраль куни Самарқанд шаҳрида талаба қиз ҳам ўз жонига қасд қилганди.
Қозоғистонда ўзбекистонлик ис газидан вафот этди

2 март куни Қозоғистоннинг Манғистау вилоятидаги хонадонда етти киши ис газидан заҳарланиб вафот этди.
Манғистау вилояти ҳокимлиги Мунайли тумани Басқудуқ қишлоғида рўй берган фожиада ҳалок бўлган оиланинг яқинларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатилишини маълум қилган.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг дастлабки версиясига кўра, фожиа газ ускуналаридан фойдаланиш қоидаларини бузиш оқибатида содир бўлган.
Қутқарувчилар ва тез тиббий ёрдам бригадалари етти киши, жумладан, беш нафар боланинг вафот этганига гувоҳ бўлишган.
Манғистау ҳокимлиги ҳалок бўлганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари эканини билдирган.
Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу маълумотни рад этган. Вазирлик аниқлик киритишича, ҳалок бўлганлар орасида фақат бир киши, яъни оила бошлиғи Ўзбекистон фуқароси бўлган. Унинг хотини ва болалари эса Қозоғистон фуқаролигига эга эди.
Ўзбекистонда куз ва қиш мавсумида ис газидан заҳарланиш туфайли кўплаб ўлимлар қайд этилади.
Расмий статистикага кўра, 2024 йилнинг 11 ойи давомида буён мамлакат бўйлаб газ билан боғлиқ нохуш ҳодисалар туфайли 82 киши нобуд бўлган.
ИМВ: Давлат қарзи миқдори 40 млрд доллардан ошди

Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (ИМВ) ҳисоботига мувофиқ, 2024 йил якунларига кўра мамлакатда давлат қарзи 40 миллиард 199 миллион долларни ташкил қилган. Бу кўрсаткич Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 35 фоизига тенг.
Вазирлик маълумотига кўра, мазкур қарзнинг 33,7 миллиард доллари ташқи қарз, 6,5 миллиард доллари эса ички қарз ҳиссасига тўғри келади.
ИМВ қайдича, Ўзбекистон халқаро молия ташкилотлари орасида энг кўп қарзни Жаҳон банкидан жалб қилган бўлиб, бу қарз миқдори 7,6 млрд долларга тенг.
Ўзбекистонда давлат қарзи 2024 йил 1 январида 34,93 миллиард долларни ташкил қилганди. Ўтган бир йил давомида қарз миқдори 5,3 миллиард долларга ёки 15 фоизга ошган.
Давлат бюджети лойиҳасига мувофиқ, Ўзбекистон бу йил қарз ўлароқ хориждан 5,5 миллиард долларгача маблағ жалб қилиши мумкин.
Аввалроқ Марказий банк 2024 йилнинг учинчи чораги якунларига кўра Ўзбекистон ташқи қарзи 60 миллиард доллардан ошгани, бундан давлат қарзи 32 миллиард доллардан кўпроқни, корпоратив ташқи қарз эса 27,7 миллиард долларни ташкил этиши ҳақида ҳисобот эълон қилган эди.