Чорвоқдаги газ портлашида тўрт киши жароҳатланди
Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Чорвоқ қўрғонида 30 январь куни икки қаватли уйдаги хонадонлардан бирида газ портлаши оқибатида 4 киши турли даражада жароҳатланди ва касалхонага ётқизилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, газ портлаши натижасида юзага келган кинетик зарба оқибатида хонадоннинг девори ва шифтига шикаст етган.
Сўнгги кунларда Ўзбекистондаги хонадонларда газ портлаётгани тўғрисидаги хабарлар кўпаймоқда.
29 январда Нукуснинг 22-микрорайонида 4 қаватли уйда газ портлагани ва уйнинг томи қулагани ҳақида хабар қилган эди. Уй вайроналари остидан 5 кишининг жасади топилган.
26 январь куни Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги “Ал Хоразмий” кўчасидаги хонадонлардан бирида газ портлаши оқибатида бир киши тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилгани хабар қилинганди.
25 январь куни Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги Солиқ инспекцияси ошхонасида газ чақнаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Икки киши эса тан жароҳатлари билан туман касалхонасига ётқизилди.
13 январь куни Наманган тумани “Наврўз” маҳалласида газ портлаб, 30 ёшли она ва 8 ёшли бола куйгани ва касалхонага ётқизилгани билдирилган.
Эҳтиёт бўлинг бўрилар! Чорвани кўчага чиқармаслик тавсия қилинди
Навоийнинг тоғли ҳудудларида қаҳратон совуқда оч қолган бўрилар галаси чорва молларига ҳужум қилаётгани сабаб Экология бошқармаси чорвани яйловларга чиқармай туришни тавсия қилди.
Бошқармага кўра, ишчи гуруҳ тузилиб, бўрилар ҳужуми билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилган. Навоий вилояти Нурота тумани, Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги Қўштомғоли, Чиноқ ва Тепалик қишлоқларида бўрилар ҳужумлари қайд қилинган.
Ўтган ҳафта журналист Толиб Раҳматов ҳам Навоий вилояти Навбаҳор туманининг тоғли ва тоғолди ҳудудларида бўрилар бир ойдан бери чорва молларига ҳужум қилаётгани сабаб юзлаб қўй нобуд бўлганини хабар қилган.
Kun.uz нашри ҳам бўрилар ҳужуми ҳақида ёритди. Нашр хабарига кўра, бўрилар кундуз кунлари ҳам отар оралаяпти, бир ой ичида йиртқичлар ҳамласидан 500 бошдан ортиқ чорва нобуд бўлган.
Чиқинди газидан электр олиш заводи қурилиши бошланди
Тошкент вилоятида «Оҳангарон» ва «Майдонтол» полигонларидан чиқадиган газни қайта ишлаб электр энергияси олиш бўйича тўрт йил аввал тасдиқланган лойиҳа бўйича ниҳоят қурилиш ишлари бошланди.
Табиат ресурслари вазирлиги хабарига кўра, 26 январь куни мажмуа қурилишига тамал тоши қўйилган.
55 миллион долларлик лойиҳа учун Жанубий Кореянинг Sejin G&E компанияси инвестиция киритган.
Режага кўра, 2018 йилда имзоланган ушбу лойиҳа аллақачон ишга туширилиши лозим эди. Вазирлик нима сабабдан лойиҳа тўхтаб қолганига аниқлик киритмаган.
Бу завод ишга туширилгач, маиший чиқиндидан электр ишлаб чиқарадиган Марказий Осиёдаги ягона завод бўлиши айтилмоқда.
Расмийлар заводнинг қачон ишга туширилишини очиқламаган.
Чинозда муз орасида қолиб кетган машина эгаси қутқарилди
Тошкент вилоятининг Чиноз туманида муз орасида қолиб кетган Lacetti ҳайдовчиси қутқарилди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, воқеа 26 январь куни соат 10:00 да содир бўлган.
Расмий хабарда айтилишича, Чирчиқ дарёсининг Чиноз тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида сув сатҳи кўтарилиб, қирғоқдан тошган ва тумандаги “Чинмасжид” маҳалласи ҳудудидаги йўлда кўлмак ҳосил қилган ва совуқ ҳарорат таъсирида музлаган:
“Тошкент шаҳрида бўлган фуқаро Lacetti русумли автомашинасида мазкур маҳалладаги дала ҳовлисига кетаётган вақтида музлаган кўлмак устидан ҳаракатланган. Машинанинг оғирлигига дош бера олмаган муз ёрилиши оқибатида автомашина ўша жойда қолиб кетган”.
Қутқарувчилар ҳайдовчини қутқаришган ва музда қолиб кетган машина ҳам чиқариб олинган.