Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳри ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Зуфар Каримов ишдан бўшатилди.
Оҳангарон шаҳри ҳокими Музаффар Ражаббоевнинг 2025 йил 3 мартдаги қарорида Каримовнинг ишдан олинишига асос сифатида унинг аризаси ҳамда Меҳнат кодексининг 160-моддаси (ходимнинг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш) келтирилган.
2022 йил июль ойидан буён Оҳангарон ҳокими муовини вазифасида ишлаб келган Зуфар Каримов номи аввалроқ Kun.uz нашри суриштируви тилга олинган эди.
Суриштирувда қайд этилишича, 2007 йилда одам ўлдиришга суиқасд жиноятида айбланиб, 19 йилга озодликдан маҳрум қилинган Рустам Қурбоновга тегишли Оҳангарон шаҳридаги уйни таниши Зуфар Каримов суднинг ҳал қилув қарори билан ўз номига расмийлаштириб олган.
Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судида кўрилган суд ишида квартира эгаси иштирок этмаган. Аммо суд ҳужжатларида аслида узоқ муддатга қамалган мулк эгаси “Россияга ишлаш учун кетди ва 4 йилдан бери ундан хабар бўлмади” деб расмийлаштирилган.
Суриштирувдан кейин Бош прокуратура ҳолат ўрганилаётгани ва вазиятга ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилган. Аммо ҳозирча текширув натижалари эълон қилинмаган.
Сўнгги вақтларда ҳоким ўринбосарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида бот-бот хабар берилаётганини кузатиш мумкин.
Озодлик жорий йил январь ойида Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри ҳокимининг собиқ ўринбосари Қодир Додоев жуда кўп миқдорда фирибгарлик жиноятини содир қилганликда айбдор деб топилиб, 9 йилга қамалгани ҳақида хабар қилганди.
2024 йил ноябрь ойида эса Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ҳокими ўринбосари 1 миллион доллар пора олган вақтида ушланган эди.