Линклар

Шошилинч хабар
06 март 2025, Тошкент вақти: 20:18

Ўзбекистон ва Грузия ўзаро савдо ҳажмини оширмоқчи


Абдулла Арипов ва Иракли Кобахидзе.
Абдулла Арипов ва Иракли Кобахидзе.

Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми мамлакатлар салоҳиятига мос эмас, деб таъкидланди Тошкентда 5 март куни бош вазирлар Абдулла Арипов ва Иракли Кобахидзе учрашувида.

Ўзбекистон бош вазири матбуот хизмати маълум қилишича, музокараларда икки давлат ўртасидаги Эркин савдо келишуви имкониятларини тўлиқ ишга солиб, яқин йилларда савдо ҳажмини 1 млрд долларга етказиш зарурлиги қайд этилган.

Бу натижага тўқимачилик, пойабзал ва чарм, электротехника, озиқ-овқат маҳсулотлари, рангли ва қора металлар, мева-сабзавот, кимё маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва бошқа товарлар олди-сотдисига кенг йўл очиш орқали эришиш мумкинлиги билдирилган.

Тошкент ва Тбилиси асосий эътиборни уч йўналиш – савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, инвестиция ва кооперация лойиҳалари кўламини кенгайтириш ҳамда транспорт-логистика тизимини яхшилашга қаратишга келишган.

Учрашувда, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликни кучайтириш, жумладан, Самарқанд ва Батуми, Бухоро ва Мсхета шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликнинг йўлга қўйиш масаласи муҳокама этилган.

4-5 март кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлган Грузия бош вазири Иракли Кобахидзе президент Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ҳамда Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов билан ҳам учрашув ўтказган.

Мирзиёев билан мулоқотда ҳам товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш, экспорт ва импорт мутаносиблигини таъминлаш, саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш муҳимлиги таъкидланган.

XS
SM
MD
LG